Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Одам савдосини юзага келтирадиган асосий омил нима?

Одам савдосини юзага келтирадиган асосий омил нима? “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази одам савдосининг сабаб ва оқибатлари, фуқароларнинг мамлакатимизда бундай жиноятга қарши курашда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги тасаввурларини аниқлаш мақсадида ана шу мавзуда сўров ўтказди.

Натижа шуни кўрсатдики, қатнашчиларнинг 59,6 фоизи жиноятнинг бу туридан хабардор, учдан бир қисми умумий тасаввурга эга. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кекса авлод вакиллари давлатимиз раҳбарининг хорижда одам савдоси қурбонига айланган ҳамюртларимизни қайтариш ва реабилитация қилиш, уй-жой ва иш билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни фаоллаштиришга қаратилган ташаббусларини ижобий баҳолайди.

Аксарият учун (90 фоиз) телевидение одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, бу борада интернетни асосий манба деб ҳисобловчи респондентлар улуши 28,4 фоизга етган (2017 йилда 4,7 фоиз). Айниқса, фуқароларнинг одам савдосида қўлланиладиган восита ва услублардан хабардорлик даражасини оширишда ижтимоий тармоқлар муҳим бўғинга айланиб бормоқда.

human-trafficking.jpg

Қатнашчиларнинг 88,7 фоизи “одам савдоси халқаро уюшган жиноятчиликнинг миллий хавфсизликка таҳдид солувчи оғир шаклларидан бири”, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, одам савдосига қарши самарали курашиш, жиноятчиларни таъқиб қилишни кучайтириш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ахборот воситаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур.

Сўров иштирокчиларининг 65 фоизи одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганларга “нафрат ва ғазаб”, 47,5 фоизи жабрланганларга “раҳм-шафқат ва ачиниш” ҳиссини изҳор этди. 41,8 фоизи “жиноятчилар муқаррар жазоланиши” тарафдори эканини билдирди.

Тадқиқот натижаларига кўра, одамларни хорижга чиқишга мажбур қилаётган асосий омил ўзи истиқомат қилаётган жойдан иш топа олмаганидир. Респондентларнинг 62,3 фоизи одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тарқалишига асосий сабаб – билимсизлик, 23,7 фоизи – енгилтаклик, иродасизлик, ўзига ишонмаслик. Иштирокчиларнинг қарийб ярми тез ва осонлик билан катта пул топиш истагида бўлганлар шундай жиноятдан жабр кўради, деб ҳисоблайди.

factretriever.jpg

Сўров қатнашчиларининг фикрлари асосида бундай жиноятдан жабрланган одамнинг ижтимоий-психологик портрети тузилди. Бу – 21-30 ёшлардаги яхши маълумотга эга бўлмаган, енгил даромад топиш истагида юрган, ҳуқуқий маданият даражаси паст, ҳаётий тажрибаси кам, энг муҳими, касб-ҳунарсиз, ҳар қандай ишни бажаришга тайёр шахсдир.

Кўп ҳолларда меҳнат муҳожири ўз хавфсизлигини ўйламайди, хорижда тегишли ҳужжатларсиз ишлаганда қандай қийинчиликларга учраши мумкинлигини билмайди.

Бугунги кунда мамлакатимиз фуқаролари мажбурий меҳнат қилган асосий соҳалар қурилиш ва қишлоқ хўжалигидир.

Тадқиқот хорижда иш топиш мақсадида нотаниш шахсга мурожаат қилиш оқибатида жабрланганлар камайганини кўрсатди. Бу мамлакатимизда аҳолини шундай усулдаги меҳнат миграциясининг хавфли томонларидан хабардор қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирларнинг таъсирчанлигидан далолат беради. Сўров натижаларига кўра, давлат бандлик хизматига мурожаат қилган ва нодавлат ташкилотларида рўйхатга олинган фуқаролар тадқиқот даври давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиларга дучор бўлмаган.

featured-image-index.jpg

Аниқланганидек, ҳар тўртинчи ҳолатда одам савдоси билан боғлиқ жиноятдан жабрланганларнинг яқинлари уларни қутқариш учун бирон чора кўрмаган. Улар асосан ҳуқуқ-тартибот органларига, баъзан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилган. Аксарият ҳолларда мурожаат этилган тузилмаларнинг хатти-ҳаракатлари самарали бўлган.

Респондентлар меҳнат муҳожири бошқа мамлакатга кетиш олдидан маҳаллий тил, қонунчиликни ўрганиши муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, одам савдосига қарши кураш фақат давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзлари ўртасида фаол ҳамкорлик қарор топтирилгандагина самарали бўлади.

“Ижтимоий фикр”
Республика жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида
ЎзА мухбири О.ХАРЧЕНКО тайёрлади


Манба: ЎзА

Munosabat bildirmoq: О.ХАРЧЕНКО


Back to the list