• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • Россия, мигрантлар қамоқхонаси: жиноятчи бўлмаган "маҳбус"ларнинг тақдири кимнинг қўлида?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Россия, мигрантлар қамоқхонаси: жиноятчи бўлмаган "маҳбус"ларнинг тақдири кимнинг қўлида?

Миграция қонунларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг жамиятга қандай зарари бор? Улар нима учун хавфли жиноятчи сингари ҳибсда сақланмоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт Москва вилоятидаги Россиядан депортация қилинган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказида бўлиб, у ердаги тутқун ўзбекистонлик муҳожирларнинг аҳволи билан танишди.

Россияда миграция қонунларини бузган муҳожирларни нима кутади?

Россияда муҳожирларга нисбатан энг кўп қўлланилувчи қонунга кўра, суд қарори билан жарима ва мамлакатдан чиқариб юборилиш жазоси тайинланади.

Рейдлар пайтида қўлга олинган айрим меҳнат муҳожирлари эса тўғри «спецприёмник» - депортация қилинган фуқароларни вақтинчалик сақлаб туриш марказларига юборилади.

Бу ерда эса қонунбузар муҳожирлар деярли жиноятчи маҳбуслар сингари сақланади. Би-би-си ўзбек хизмати ўзбекистонлик ва тожикистонлик бир гуруҳ фаоллар билан Москва вилоятидаги «мигрантлар қамоқхонаси»да бўлди.

Жиноятчи бўлмаган «маҳбуслар» қамоқхонаси Егорьевск шаҳарчасидан 8 км узоклиқликда, Костилёво қишлоғига яқинроқ кимсасиз ҳудудда жойлашган. Атрофи тиканли симлар билан ўралган 3 гектар майдонга 2 қаватли махсус бино қурилган. Кириш тартиби қаттиқ текширув асосида, бино Россия Ички ишлар вазирлигига қарашли ходимлар назоратида.

Бино ҳовлисидаги бир неча автомашиналарда бу ердаги муҳожирларни йўқлаб келувчиларни кўриш мумкин.

Уларнинг қўлларида юпқа пакетларда кийим-кечак ва озиқ-овқатлар бор.

Бу ерда муҳожирлар ўз тақдирини кутиб ойлаб қолиб кетади. Москвага салқин тушганига анча бўлди.

Бу ерга ёзда келтирилганларнинг иссиқ кийимга эҳтиёжи бор. Аммо Россияда ҳеч кими йўқ муҳожирлар нима қилиши номаълум.

Фаоллар ташрифидан ҳам мақсад шу: Ҳайит байрами баҳонасида тутқун муҳожирларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга зарур эҳтиёж нарсаларини етказишдир.

Олиб кетиш муаммо эмас

Муҳожирларни йўқлаш тадбири Москвадаги мигрантлар учун бепул юридик хизматлар кўрсатувчи "Тонг жаҳони" ташкилоти ташаббуси билан Тожикистоннинг Москвадаги консули ёрдамида ташкиллаштирилди.

Унга Москва шаҳри Ўзбек миллий маданий автономияси раҳбарияти, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакили, Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари ва бир гуруҳ кўнгиллилар ўз ҳиссалари билан қўшилдилар.

Ташриф муносабати билан тутқун муҳожирларнинг бир гуруҳи депортация марказининг ошхонасига олиб келинди. Элчихона вакили ва Миграция агентлиги ваколатхонаси раҳбарини кўришгач, ўз муаммоларини айтиб ёрдам сўрашди.

ушланганлар

Энг кўп мурожаат муҳожирларнинг шахсини тасдиқлаш масаласи элчихона томонидан узоқ муддатда берилаётгани ҳақида бўлди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг миграция масалалари бўйича агентлиги Москвадаги ваколатхонаси ишга тушганидан буён айнан шундай ҳолатга тушиб қолган 2000 га яқин ўзбекистонликни оиласига жўнатди ва бу жараён давом этмоқда.

Ваколатхона раҳбари муҳожирларнинг ватанга қайтишлари уларнинг ҳужжатлари ҳолатига боғлиқлигини билдирди.

- Ўзбекистон томонидан хужжат тайёр бўлган бўлса, биз сизларни давлат фондидан олиб чиқиб кетамиз. Бу умуман муаммо эмас. Суд маҳкамасидан маълумот олишимиз керак, - деди ваколатхона раҳбари Саиднўъмон Мансуров.

Шунингдек, муҳожирларга уларни ватанга қайтарилишдаги жараёнларни тушунтирди.

"Машина битта фуқарони олиб кетмайди, гуруҳ ташкил қилиниши, кузатувчи қўйилиши керак. Хавфсизлик таъминланади, аэропортга кузатилади".

Тутқун муҳожирларнинг аксари кўринишидан соғлом ва бақувват эркаклар, Россияга ишлаб пул топиш илинжида келган ўзбекистонликлар.

Нон сўрасак, беришмайди...

Муҳожирларни суҳбатга тортдик: "Бу ерда шароитлари қанақа?"

-Нон сўрасак, беришмайди. Кечки пайт 5 да бир бўлак беришади, бўлди. Кун узоқ, кечқурун 10 гача оч қоламиз. Нон беринглар деймиз, йўқ, беришмайди, - нолишди муҳожирлар.

-Ҳожатхона хонамизни ичида, 6 киши бир хонада ётамиз. Кимдир ҳожатга кирса, ҳиди хонани тутиб кетади. Хафта бир марта ювингани олиб чиқишади. Овқатларни мазаси йўқ. Кўпчилик касал, - дейди яна бир муҳожир.

Депортация марказида муҳожирларнинг саломатлиги ёмонлашаётгани ва уларга керакли дори-дармонлар танқислигини ташкилотчилар тасдиқлади.

"Тадбирдан аввал муассаса маъмуриятидан керакли дори-дармон воситалари рўйхати олинди ва хайрия акцияси эълон қилинди. Бизга зарур дори-дармон воситаларининг рўйхати берилганди. Йиғилган маблағга мигрантлар учун зарур бўлган барча нарсаларни имкон қадар олиб келдик", - дейди юрист Ботиржон Шерматов.

Муҳожир йигитлар бу шароитлардан ҳеч кимга шикоят қила олмаслиги, нолиган тақдирда марказ ходимлари томонидан калтакланишини айтишди. Бу ҳақида юрист билан фикрлашдик.

"Афсуски, уларнинг калтакланаётганликларини исботлаш муаммо бўлаяпти", дейди ҳуқуқшунос.

Йиғилишда савол-жавоблар авжига чиқиб, ошхонада бироз шовқин, тартибсиз вазият юзага келди. Марказ ходимларининг муҳожирларга дўқ-пўписаларини кўрдик. Йиғинни тезроқ тугатишга ундашди ва муҳожирларни туртиб, олдиларига солиб ўз хоналарига олиб кетишди.

Элчихонадан хужжат келиши қийин

Ошхонага йиғилган 50 га яқин муҳожирлар орасида биргина аёл ўтирибди. Кўринишидан жуда асабийлашганди. Ёнига бордим: "Бу ерда яна аёллар борми?", дея сўрадим.

"11 та аёлмиз. Ҳар бир хонадан бир кишини олиб келишди бу ерга", - деди ўзини Гулноз дея таништирган аёл.

"Илтимос, аёлларимизга ёрдам беринглар! Биз-ку, эркаклармиз, бир амаллаб чидаймиз. Аммо аёллар қийналишаяпти, уларни тезроқ кетишига ёрдам беринг", - элчихона расмийларига илтимос қилди муҳожир эркаклар.

- Қашқадарё, қаршиликман. 42 кун бўлди келганимга. Элчихонанинг хужжатига қараб қолдим, бериши қийин бўлаяпти, - дейди Гулноз.

Фақат Гулнозмас, йиғилганларнинг кўпчилиги элчихона томонидан бериладиган шахсни тасдиқловчи хужжатнинг узоқ вақтда келиши ва шу сабаб улар ойлаб бу қамоқхонада ётишга мажбур бўлишаётганликларини айтдилар.

Айбдор ҳам бор, айбсиз ҳам...

Марказда сақланаётган муҳожирлар Россия ҳудудида ҳужжатсиз юрган ўзбекистонликлар билан бир қаторда ноҳақ келиб қолганлар ҳам борлигини билдиришди.

- Мана бу йигитнинг келганига 1 ҳафтагина бўлган. Келиб "регистрация" қилган (миграция қайди - таҳр), ушлаганда базадан чиқмаган. Ким айбдор? - дейди ёшгина йигитча.

"Бу сохта ҳужжатларни ҳам ўзимизникилар қилиб бизни алдашаяпти, уларга нисбатан ҳам чора кўринглар", -дея расмийларга мурожаат қилди яна бир киши.

Ўзбекистонлик яна бир муҳожир юртдоши томонидан қилинган сохта ҳужжат боис бу ерга тушиб қолгани, патент қилиш учун сарфлаган пулларга куйганини айтиб шикоят қилди.

"Айбсиз айбдорлармиз-да. Хужжат қилдикку пулга. Сохталигини биз қаердан биламиз? Ўзимизникилар бизни куйдираяпти"

Муҳожирлар билан кўп суҳбатлаша олмадик, аммо барча мурожаатларнинг мазмуни ва хулосаси деярли бир хил: муҳожирларни вақтинчалик сақлаш шароитлари ёмонлиги ва уларни тезроқ уйга қайтишимизга ёрдам кўрсатиш.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакили ва Миграция агентлиги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров ўзбекистонлик муҳожирларга ёрдам кўрсатилишини билдиришди.

Тадбир ташкилотчилари тутқун муҳожирларга келтирилган дори-дармон, озиқ-овқат ва кийим кечакларни тарқатишди.


Манба: BBCUZBEK.COM


Back to the list