• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • Ажойиб саёҳат. Орзусини қидириб Жанубий Кореяга йўл олган ўзбекистонлик талаба ҳикояси

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ажойиб саёҳат. Орзусини қидириб Жанубий Кореяга йўл олган ўзбекистонлик талаба ҳикояси

 Жанубий Кореяда ўқишга ва ишлашга кетган ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда. Ҳар бир муҳожирнинг ўзига хос тарихи, ҳикояси бор албатта. «Дарё» катта орзулар кетидан қувиб ушбу давлатга йўл олган бир ўзбекистонлик талабанинг ҳикоясини келтиради.

Жанубий Корея. Бу давлат кўпчилик учун «орзулар мамлакати » сифатида АҚШдан кейинги ўринларда турса керак. Шу қаторда мен ҳам бу ерга катта орзулар билан келган эдим.

Хусусий банкда ишлаб юрган пайтларимда бир танишим Кореяда бир ойда хозиргидан анча катта суммани ишлаб топиш мумкинлиги ҳақида гапириб қолди. Шу пайтларда ойлик иш ҳаққим ўртача 500 долларга тенг эди. Ёш оила эканим ва алоҳида уй-жойга эҳтиёжим бўлгани сабабли бу маблағ етарли эмасди. Шу пайтлар «бир ойда 3 минг доллар топишнинг иложи бўлса, кеча-ю кундуз ишлаб 6 минг топаман» деб ўзимга мақсад қўйган эдим.  Шу-шу бу мақсад менда икки йил аввал «Буюк Корея орзуси» яралишига сабаб бўлди.

Олти ой мобайнида кўп суриштирдим. Орада ишдан бўшаб, корейс тили курсларига қатнай бошладим. Кореяга боришнинг йўллари унчалик ҳам кўп ва осон эмас экан. Яна магистратурада ўқиш имконияти пайдо бўлди. Университет жавобини бироз вақт кутиб, контрактларни тўладим. Элчихонага ҳужжат топширгач, икки ҳафта ичида орзиқиб кутилган визани қўлимга олдим.

Виза жавобини кутмасдан самолёт чиптасини ҳам сотиб олиб қўйган эдим. Ҳамма қатори икки ёшли қизалоғим билан хайрлашиб, 2016 йил февраль ойида Кореяга етиб келдим. Келишимдан аввал ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берган «танишларим» менга жуда кўп нарса ваъда қилган эди: аэропортдан кутиб олиш, уй-жой, ўқишдан ташқари иш билан таъминлаш ва ҳ.к. Кутилганидек, буларнинг ҳаммаси улушини олиш учун айтилган қуриқ ваъдалар бўлиб чиқди.

Уларнинг гапига тўлиқ ишонмаган эдим, шу сабабли суриштириб, бегона юртларда аэропортдан кутиб оладиган ва бошланишига бошпана билан ёрдам берадиган танишларни топдим. Кореядаги илк таассуротларим қишнинг совуқ кунларидан бошланди.

Ҳамма қатори келган кунимдан бошлаб шароитни тезда ўрганиб, иш қидириш билан овора бўлдим. Кўпчилик жуда мақтагандек, кунига 100 доллар топиш осон иш эмас экан. Кореяда ҳам биздаги мардикор бозори каби офислар бор экан. Фақат сал замонавийлашган. Халқ тилида «самушил» деб аталади. Бу кичик хонадан иборат офис бўлиб, у ерда вақтинчалик иш сўраб борганларни бир ёки бир неча кунлик иш билан таъминлашар экан.

Самушил.
Фото: «Дарё»


Офислар эрталаб соат 4:00 да очилади. Талабгорлар ўрнатилган ўриндиқларда кутиб, иш олиш илинжида ҳар бир иш учун талашиб-тортишади. Чунки ишлар сони чекланган, омади бор инсонгина ишга чиқиб, пул топади. Кўпинча келганларнинг ярми биз қаторимизда уйга қайтиб кетар эди.

Шу зайлда кунлар ўтди. Икки ҳафта ичида дўстим билан бир марта ишга чиқдик. Уй буюмларини кўчириш хизмати учун икки ёрдамчи керак экан. Узоқ жойга олиб боришди, қайтишимиз кечки соат 10:00 ларга тўғри келиб, уйгача пиёда қайтишга тўғри келди. Эртаси куни ўша офисга бориб, Кореяда топган биринчи пулим – 127 минг вона олдим. Бу – 100 доллардан сал кўпроқ. Пулнинг озроқ қисмини ирим қилиб ҳалигача ҳамёнимда сақлаб келаман.

Март ойининг бошидан ўқишим бошланди. Ўқиш ҳафтасига бир марта – кечки соат 17:00 дан 22:00 гача. Ҳам ишлаб, ҳам ўқиш учун жуда яхши шароит қилиб беришди, деб қўйдик ўзимизга.

Курсимизда 40 га яқин ўзбек, мен каби TOPIC ёки IELTS тил билиш сертификати йўқ. Биз университетнинг тажрибавий гуруҳи эдик. Айтишлари бўйича, шу йилларда университет молиявий қийинчиликларга дуч келаётган бўлган, ҳокимият ва элчихона билан келишган ҳолда бизнинг гуруҳ тўлиқ таркибда Кореяга етиб келган. Виза муаммосисиз. Ҳар биримиз 4 200 доллар контракт тўлагандик. Лекин бу тажрибавий гуруҳ муваффақиятли чиқмади: биринчи йил охирига бормай гуруҳимизнинг 1/3 қисми ўқишни ташлаб, ишлашга ўтиб кетди.

Аввалига самушиллар орқали вақтинчалик ишларда ишлаб юрдим. Ўзбекистондаги иккита дипломим ва банкдаги етти йиллик иш тажрибам бу ерда яхши ишларга жойлашиш учун етарли эмас экан. Бу ҳақда аввалдан билар ва шундай бўлишига руҳан тайёр эдим.

Аввалига музқаймоқ заводида ишлаб юрдим. Кейинроқ таъмир ва қурилиш ишларига ўтиб кетдик. Орада бу ерга келиш учун олган 6 минг доллар қарзимни секин-аста қайтара бошладим. Ишлар ёмон эмас эди. Кореянинг нам об-ҳавосига ҳам, фақат гуруч билан эйиладиган аччиқ ва тузсиз овқатларига ҳам анча ўрганиб қолдик. Ишдан келиб корейс тилини ўрганардим, интернетда кўрмаган кино ва сериалларим қолмаган эди.

Аста-секин ишлар қисқара бошлади. Кўпчилик ўша йиллар Корея иқтисодиёти Хитой сабаб анча пастлаётганини такидлар эди. Кўпинча яхшироқ, пули кўпроқ иш олиш илинжида самушилларга саҳарлаб чиқардик. Кореяда июль – август ойлари муссон ёмғирлар фасли бўлар экан. Ишимиз асосан ташқарида бўлгани учун кўпинча уйда дам олардик. Шунга қарамай, Корея осмони ҳам бизники каби мусаффо эди.

Кореянинг мусаффо осмони.
Фото: «Дарё»


Кореядаги шароит мен кутган даражада эмаслигини билиб, бу ердан ҳам суриш режалари уйғона бошлади. Албатта, кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқса керак, Корея – ишлаш учун яхши жой, лекин бу ердан ҳам АҚШ яхши дейишади. Биз ҳам шу мақсадда АҚШнинг Кореядаги элчихонасига туристик виза учун ҳужжат топширдик. Кутилганидек, биздаги бўм-бўш паспорт офицерларда турист эканимизга ишонч уйғонмади. Мен ва яна тўрт ватандошим рад жавобини олиб қайтдик.

Барча ҳужжатлар тахт эканидан фойдаланиб, Япония элчихонасидан визани осонликча қўлга киритиб, бир ҳафтага жуда минимал, атиги 300 доллар бюджет билан Токио шаҳрини айланиб келдик.

Саёҳатни яхши тугатиб олиб, яна одатий ҳаётга қайтдим: самушил – иш – уй.  Орада ўқишга ҳам бориб турамиз. Баҳолар ҳам ёмон эмас – ҳамма фандан A+ (аъло).

Орада интернет орқали ишларни қидира бошладик. Шу баҳонада фабрика қурилиш-монтаж ишларида ишлаб, пайвандлаш сирларини ҳам ўрганим олдим. Ҳозирда норасмий 2-даражали пайвандчи сертификатим ҳам бор.

Фото: «Дарё»


2018 йил декабри охирига қараб кўпчилик дўстларим Ўзбекистонга бирин-кетин кета бошлади, мен эса, октябрь ойида иккинчи фарзандим дунёга келганига қарамай, бора олмадим. Тезроқ ва кўпроқ пул ишлаб, бу ердан биратўла кетиш ниятида бўлдим.

Янги йилга яқин яна икки дўстим билан келган шаҳримдан узоқ денгиз бўйида жойлашган сабзавотни қайта ишлаш заводига ишга жойлашдик. Ўша ерда Кореяда биринчи марта кечги 22:00 гача ишлаб, ҳалол иш ҳаққини ололмаслик қандай бўлишини ҳис қилдик. Пулни ташлаб бераман деб икки ой алдаб юришди, кейин умид узилди. Ишга жойлаган «агентимиз» ватандошимиз экани сабабли қуруқ ваъдаларга ишониб юраверган эканмиз.

Кишнинг совуқ кунларида кўп қаватли уйларга пластик ромларга ойна ўрнатиш бригадасига ишга ўтиб кетдим. Иш сабабли бу кунни ижарадаги квартирада жуда камтарона ўтказдим. Кореядаги илк Янги йилни шу тариқа кутиб олдим.

Янги йил арафасида Telegram тармоғида кичик канал очиб, ижодий ишларни ҳам бошлаб юбордим. Февраль ойидан бошлаб Корея ҳаёти, кўрган-билганларим ҳақида шахсий блог юрита бошладим. Шу орада аудиокитоб эшитиш ва канал постлари учун маълумот йиғиш хоббимга айланди. Telegram-канал баҳонасида кўп дўстлар орттирдим, ҳозирда кичик «чойхона»миз ҳам бор. Шу орқали Кореяда ҳам жуда кўп билимли ва ютуқларга эришган ёшлар билан танишдим. Баъзилар яхши ташкилотларда ишлашини билиб олдим.

Корейсларнинг ўзига хос характери бор. Шу вақт мобайнида турли инсонлар билан ишлаб кўрдим. Биринчи бор кўриб турган бўлса ҳам, худди танишига ўхшаб яхши муомала қиладиганлари ҳам, анча вақт бирга ишласангиз-да, чет эллик деб қўпол муомала қиладиганларини ҳам учратиш мумкин.

Завод-фабрикларда ишлаш жараёнида кузатган ўзига хос жиҳатим, раҳбар қандай бўлса, ходим ҳам шундай характерда бўлади. Қолганлар раҳбарига мослашиб олгандай. Тартиб, интизомга жуда кучли эътибор берилади. Ҳаммасини ёзилган, ўргатилган йўриқнома бўйича қилишга ҳаракат қилишади.

Ўзбекистонда одамлар лавозими ёки ўрнини йўқотишдан хавфсираб ўзига маъқул бўлмаган ишларни ҳам қилишга мажбурланади. Ишдан бўшаса, анча вақт депрессияга тушиб қоладиган пайтлар ҳам бўлади. Лекин бу ерда керак бўлса ҳафтасига иш алмаштиришга, ҳар сафар янги иштиёқ ва интилиш билан ҳаёт синовларига дош бера олиш характерини шакллантишга тўғри келади. Менимча, Кореяда ўқиб, ишлаб қайтган инсонда матонат, ирода аввалгидай суст бўлмаса керак.

Фото: «Дарё»


Сал оғир ишларда ишлаб орттирган умуртқа чурраси оғриг‘ини айтмаганда, бошқа соғлиқ муаммосига дуч келганим йўқ. Қишнинг совуқ кунларида ҳам яхдай сув ичиб юриш мумкин. Организм ҳам об-ҳаво шароитига мослашиб қолар экан.

Бу орада яна ўзимизнинг шаҳарга қайтиб келдим. Ўқишнинг иккинчи босқичи бошланган эди.  Ўқишда ўзгариш йўқ: ҳафтасига бир кун, бир семестр учун 3 600 000 вона (3 200 доллар) тўлов. Яна ўзимизнинг уй-жой, еб-ичиш харажатидан орттириб, ўртача 1 500 долларни уйга жўнатишни ҳам амаллаб турардим.

Кореянинг бошқа давлатларга нисбатан афзал томони шунда эдики, кеча келган талаба ҳам эртаси куни ишга чиқиб кетиш имкониятига эга. Ҳатто тилни ҳам, ишни ҳам билмай туриб. Бундай имкониятдан кўпчилик фойдаланиб қолиш пайида бўлади. Бугунги кунга келиб бизнинг шаҳар кўчаларида юзлаб ўзбек ва хорижий давлат талабалари истиқомат қилмоқда. Биз келганда саноқли 10–20 та ватандошни учратиш мумкин эди.

Китобларни ўқиш имконияти бўлмагани сабабли иш пайтида, уйда аудио шаклида эшитиб юраман.  Аввалига китоб инсоннинг ҳаётини ўзгартириб юборишига ишонмас эдим, лекин мусофирлик ва мутолаа  ҳозирда мени бутунлай бошқа инсонга айлантирди. Ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладим. Вақтни қадрлашни ўргандим.

Ҳа, айтгандай, мақолам аввалида Кореяга келишимга сабаб бўлган буюк орзуимга қисман эришдим десам ҳам бўлади. Шу суммани охирги икки ойда ишлаб топа олдим, лекин бундан-да катта орзуларни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Моддий бойлик иккиламчи эканини тушуниб етдим.

Ҳозирда Жанубий Кореяда магистратура босқичини битириш арафасидаман. Бир неча кундан сўнг ватаним – Ўзбекистонга қайтаман, лекин бу сафарча бутунлай эмас, яна қайтиб келиш шарти билан.

Фото: «Дарё»


Зафар Ҳасанов



Манба: daryo.uz


Munosabat bildirmoq: Зафар Ҳасанов


Back to the list