Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ЁШЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯСИДА ОИЛАНИНГ РОЛИ

Картинки по запросу фото воспитание молодежи в семьеБуюк маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний: “Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмоқ – танини пок тутмоқ, ёш вақтидан маслакини тузатмоқ, яхши хулқларни ўргатмоқ, ёмон хулқлардан сақлаб, ўстирмоқдир”, дея бежиз таъкидламаган. Болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси эса, энг аввало, оилада шаклланади.

 Ёшлар ўртасида эзгулик ва бунёдкорлик ғояларини тарғиб этиш, фарзандларимизни турли зарарли иллатлардан асраш, уларни ҳар томонлама соғлом ва етук қилиб тарбиялаш, улар ўртасида самарали маънавий-маърифий ишларни изчил амалга ошириш, анъанавий оилавий қадриятларимизга таянган ҳолда вояга етказиш каби саъй-ҳаракатлар “Оила” марказининг бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликдаги устувор мақсадларидан саналади.

 Марказ ташаббуси билан “Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжуманда фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилишда боланинг оилада яшаш ва тарбия қилиш ҳуқуқини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар кўриб чиқилди.

– Конфренциямизнинг кун тартибидаги ёшлар мавзуси ниҳоятда муҳим, чунки республикамизнинг аҳолисининг 60 фоизига яқинини ёшлар ташкил этади, – дейди Тошкент шаҳар оила маркази махсус ўқув курсининг раҳбари, педогогика фанлари номзоди, доцент Фарида Абдураҳимова.

 – Жорий йилнинг 2 февралида юртбошимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисида фармони қабул қилинди. Шу фармонга биноан “Оила” илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари, шу билан бирга махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилди. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон, дунёнинг айрим минтақаларида, ён-атрофимизда бўлаётган воқеалар, зиддият ва тўқнашувлар давлат ҳамда жамият тараққиётида ижтимоий-маънавий соғлом муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда. 

Хусусан, аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни турли ёт ва бузғунчи ғоялардан, ахборот ҳамда мафкуравий хуружлардан асраш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, қалбига ватанпарварлик туйғусини чуқур сингдириш долзарб масалага айланди. Бу масала нафақат бизнинг раҳбарият балки бутун дунё мамлакатларини безовта қилмоқда.

Ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини ва ота-онага ҳамда катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш борасида халқаро тажрибани кенг ўрганиш ва мамлакатимизда оммалаштириш масалаларида фикр алмашиш учун хорижий давлатларнинг етук мутахассислари ва экспертлари ушбу анжуманга таклиф этилди.

Халқаро конференцияда ўндан ортиқ чет эл мамлакатларидан ташриф буюрган профессор-олимлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Президент администрацияси ва ҳукумат ходимлари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар, давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда халқаро ва миллий жамоатчиликни болалар ва ёшларни оилада маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар натижалари билан таништириш, ўсиб бораётган авлодни маънавий ва оилавий қадриятлар асосида тарбиялаш, бу борадаги энг илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияга “Болалар ва ёшларни тарбиялашда маънавий мерос ва миллий қадриятларнинг ўрни”, “Маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий таълимни шакллантириш бўйича замонавий тадқиқотлар”, “Дунё динларида тинчлик ва осойишталик, бағрикенглик ва ахлоқ мавзуси”, “Оилани мустаҳкамлаш соҳасидаги тадқиқотларнинг устувор йўналишлари” каби йўналишларда илмий-амалий изланишлар олиб бораётган хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва тадқиқотчиларнинг юздан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди.

Уларнинг ичида хорижлик тадқиқотчилар – Япониянинг Аши университети фахрий профессори Кунико Хакамада, Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро ассоциацияси ижрочи директори, Корея халқаро муносабатлар университети профессори Ким Пенг Иль, Испаниядаги Мадрид автоном университетининг иқтисодий тадқиқотлар мактаби директори Мануэл Хуан, Туркиянинг Салжуқ университети ижтимоий фанлар бўлими бошлиғи Мустафо Ойдин, Россиянинг Курск давлат университети “Социология ва сиёсатшунослик” кафедраси профессори Татьяна Каменеванинг ўзига хос чиқишлари алоҳида эътироф этилди.

Наргиза МАМАЗИЯЕВА

Back to the list