Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЭКСТРЕМИСТИК МАФКУРАГА ҚАРШИ КУРАШИШ

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЭКСТРЕМИСТИК МАФКУРАГА ҚАРШИ КУРАШИШ Халқаро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган муҳим вазифалардан биридир.


Бутун дунёда террористик таҳдид­ларнинг кучайиши соғлом фикр­ловчи инсонларни ташвишга солиши тайин. Яқин Шарқ мамлакатларида юз бераётган жараёнлар таҳлили шуни кўрсатдики, давлатда ёшларга оид мақсадли сиёсат, диний маърифат масалаларига етарлича эътибор берилмаса, бу фожиали ижтимоий-сиёсий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Ёшлар ўртасида экстремизмга қарши курашиш масалаларига тўхталишдан олдин, экстремизм реал сиёсий ва ҳарбий кучга айланиб бораётганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Айни даврда экстремистик ташкилотлар хорижий давлатларда юрган меҳнат мигрантларини ишга ёллашга, шунингдек, интернет тармоқларидан самарали фойдаланишга интилишяпти.

Ёшлар ўзларини ўраб турган оламга нисбатан кескин муносабатда бўлишади. Ижтимоий ва моддий ҳимоясизлик, баҳолаш ва фикрлашдаги бўрттиришга мойиллик, руҳий ғўрлик, муайян даражада ўзгалар фикрига қарамлик ёшлар орасида радикал ғояларнинг осон тарқалишига имкон берувчи сабаб­лар сирасига киради.

Республикамизда ёшларнинг радикал оқимларга жалб этилишига қарши курашиш мақсадида давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳар йили экстремизм ва терроризмга ҳамда интернет тармоқларидаги ахборот хуружларига қарши курашиш, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, меҳнат мигрантлари билан профилактик ишлар олиб бориш масалаларини ўзида қамраб олган махсус Давлат дастури қабул қилинади.

Экстремизмга қарши ахборот-ғоя­вий кураш телевидение ва радио, жумладан, «Зиё» ва «Ҳидоят сари» телекўрсатувлари, «Маънавият ва маърифат» телеканали кўрсатувлари, «Зиё чашмаси» радиоэшиттириши, даврий матбуот нашрлари, интернет тармоқлари орқали, шунингдек, семинарлар ва аҳоли билан учрашувлар ташкил этиш йўли билан олиб борилмоқда. Профилактик тадбирларга экстремистик ташкилотларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари жалб этилмоқда.

Бу мавзу Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбе­кистон халқаро ислом академияси ва анъанавий ислом қадриятлари асосида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга оид мақолалар мунтазам равишда чоп этилувчи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг матбуот нашрлари орқали кенг ёритилади. Диншунос олимлар ва мутахассислар томонидан экстремизмга қарши курашнинг турли жиҳатларига бағишланган монография ва китоблар нашр этилмоқда.

Сўнгги йилларда россиялик ҳамкасблар билан ҳамкорликда асосий қисми ёшлардан ташкил топган меҳнат мигрантлари учун диний-маърифий тадбирлар ўтказиш мақсадида республиканинг нуфузли имом-хатибларининг Россия ҳудудига чиқиши тизимли равишда йўлга қўйилди. Сўнгги икки йил ичида бу каби тадбирлар Москва, Санкт-Петербург, Чебоксар, Омск, Сургут шаҳарлари, Чувашистон Республикаси, Омск вилояти ва Ханти-Манси автоном округида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буси билан экстремизмга қарши курашиш, шунингдек, экстремистик фаолиятга адашиб кириб қолган шахсларнинг нормал ҳаётга қайтишига ёрдам бериш, бу каби инсонлар тоифасига нисбатан жамиятнинг инсонпарварлик муносабатини шакллантириш бўйича профилактик ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Янги тизим профилактик ишларда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, диний уламолар, «Нуроний» жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партияларнинг вакиллари, ўқитувчи ва мураббийлар, руҳшуносларнинг кенг иштирокини назарда тутади. Айни дамда 16 мингдан зиёд шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг махсус ҳисобидан чиқарилган. Ҳозирда уларни ижтимоий реабилитация қилиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига асосан, уруш, зўравонлик ва терроризм тарғиботи, шунингдек, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини акс эттирувчи материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват келтириб чиқарувчи маълумотларни тарқатиш ман этилади.

Шу муносабат билан БМТ Бош ассамблеясининг 72-саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан иккита долзарб таклиф билдирилди:

– ахборот-коммуникация технологияларини тез ривожлантириш ва глобаллаштириш шароитида ёшлар сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича Халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш;

– БМТ Бош ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенг­лик» махсус резолюциясини қабул қилиш.

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид улкан ишлар амалга оширилди. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарида ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бў­йича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ёшларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг кредит олиши ва бизнес билан шуғулланиши учун имтиёзли шароитлар яратиш бўйича кенг миқёсли давлат дастурлари ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ёш авлодни маърифатли қилиш, уларни миллий анъаналар, бағрикенглик ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, шунингдек, ёшларга ислом динига оид ноёб меросни чуқур ўргатиш ва тарғиб этиш, Мовароуннаҳрнинг инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган олим ва уламоларининг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тушунчани шакллантириш мақсадида республикамизда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.

Мазкур марказлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний таълим муассасалари билан ҳамкорликда маърифат, бағрикенглик ва тинчликсеварлик ғояларини юқори илмий-теологик даражада тарқатувчи ягона тизимни ташкил этади.

Экстремистик фаолиятни амалга оширишга кўмаклашувчи сабаб­ларни бартараф этиш бўйича мақсадли ишларнинг давлат даражасида олиб борилиши ёшлар орасида экстремизм профилактикасининг самарали кечишига хизмат қилади.

Ёшлар жамоат ташкилотлари фаолияти учун шароитлар яратиш, ёшларнинг ижтимоий ва моддий ҳимояланганлиги даражасини ошириш, йигит-қизларга таълим олиш, ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларда бағрикенглик дунёқарашини шакллантириш давлат, фуқаролик жамияти, илмий ва бизнес уюшмалари, таълим тузилмалари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вазифасидир.

А. КАРИМОВ,

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси.



Манба: postda.uz



Back to the list