Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ – БУГУННИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАСИ

ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ – БУГУННИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАСИ

Таъкидлаш жоизки, экстремизмга қарши курашишда маърифат ва диний бағрикенглик асосий омил бўлиб ҳисобланади. Бу борада давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиққан эди. Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашдан иборат.



Марказий Осиё давлатлари ўз мустақиллигига эришганларидан сўнг хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш уларнинг ҳар бири учун асосий масалага айланди. Минтақа аҳолисининг қарийб 45 фоизи Ўзбекистонда яшайди. Унинг минтақа давлатларининг ҳар бири билан умумий чегараси бўлиб, жаҳон геосиёсий тизимидаги ўрни ва геостратегик салоҳияти мамлакатимизнинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги мавқеининг ўзига хослигини кўрсатади. Бундан келиб чиқиб, Ўзбекистон экстремизм, халқаро терроризм, наркобизнес каби хавфларга қарши курашга Марказий Осиё давлатлари томонидан жиддий эътибор қаратилишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Қўшни давлатлар билан ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков 2017 йилда юртимизга расмий ташриф буюриб, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалалар бўйича ҳамфикрлиги, ҳамкорликка интилишининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида алоқалар ривожланиб, «Косонсой», «Риштон», «Дўстлик» «Маданият» чегара-божхона постлари фаолияти қайта тикланди. 2017 йил 6 октябрда Тошкент шаҳрида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, терроризмга ва ноқонуний наркотик савдосига, шунингдек, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга қарши кураш бўйича ҳамкорлик бўйича битим имзоланди.

Жорий йилнинг март ойида мамлакатимиз Президентининг  Тожикис­тон Республикасига давлат ташрифи чоғида 30 га яқин хужжат имзоланди. Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-
энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар шулар жумласидандир. Айни пайтда Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари томонидан имзоланган бир қатор шартномаларда ҳам Марказий Осиё минтақасида терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик назарда тутилганини қайд этиш зарур.

Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти (ЕИҲТ), Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) каби ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш борасидаги шартномаларни бажаришда фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон МДҲ Аксилтеррор маркази ишида фаол қатнашаётганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. ШҲТ Аксилтеррор марказининг айнан Тошкент шаҳрида жойлаштирилишига эса республикамизнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги фаоллигининг эътирофи сифатида қараш мумкин.

Қонун ҳужжатлари – ҳуқуқий асос

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлагандан сўнг   экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичига кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Респуб­ликасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашишга муҳим вазифалар сифатида қаралади.  Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда.

Шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари томонидан «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди. Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда фаровон ҳаёти кафолатларини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида Марказий Осиёдаги вазиятга терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятчиликнинг сақланиб турган хавф-хатарлари ва таҳдидлари салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланган. Ҳарбий соҳадаги миллий хавфсизликка таҳдид солувчи экстремизм, терроризм ва бошқа ғайриқонуний кўринишларга қарши курашиш масалалари акс эттирилган.

Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилмоқда:

– диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;

– диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;

– диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;

– маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш.

Маърифий ишлар – муҳим омил

Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари юртимизнинг мусулмон дунёсидаги нуфузи янада юксалишига хизмат қилади. Тошкент ислом университетида Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедраси очилди. Унинг очилиш маросимида ISESCO бош котиби Абдулазиз ибн Усмон Тувайжирийнинг иштирок этиши ва ўз маърузасида ўзбек заминидан чиққан алломаларнинг ислом илм-фани ва маданиятига қўшган беқиёс ҳиссаларини эътироф этиши мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси нақадар баланд эканини яна бир бор кўрсатди.

2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Дин ишлари бўйи­ча қўмита, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши, Исломшунослик илмий тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси ҳамкорлигида экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш қиёфасини очиб беришга қаратилган беш номдаги 
1 000 000 нусхада буклет чоп этилди. Шунингдек, Исломшунослик илмий тадқиқот маркази томонидан тайёрланган экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг турли шакл ва услубларини ўзида ифода этган етти номдаги 170 мингдан зиёд адабиёт маҳаллаларда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 70 дан ортиқ олий ўқув юртларига тарқатилгани мамлакатимизда диннинг асл моҳиятини фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз чуқур ўрганишларида муҳим аҳамият касб этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан www.muslim.uz портали орқали ақида, тафсир, фиқҳ, сийрат, ҳадис ва араб тили фанларидан онлайн шаклда дарслар ташкил этилди. Бу эса халқимизни соф ислом ақидаси, ислом фиқҳи ва Қуръони каримни ўрганишлари, турли ёт ғоялар кирдикорларидан хабардор бўлишларига имкон бермоқда.

Қайд этилган мисоллар экстремизм, халқаро терроризм, уюшган жиноятчиликнинг глобал, минтақавий ва миллий хавфсизликка таҳдид эканини чуқур англаган ҳолда ташаббуслар илгари сурилиб, амалий ишлар қилинаётганини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг дунёда ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни, мамлакатда иқтисодий ривожланишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Экстремизм орқали Ислом динини сиёсийлаштиришга уринишларнинг ўзагида битта нарса – диний-сиёсий қарашлар манипуляция­си ётади. Ушбу масалага етарли эътибор қаратилмас экан, мазкур ҳолат экстремизм, террорчилик ва конституциявий тузумга қарши жиноятларни  келтириб чиқаради. Шу боис ҳам бу масалани эътибордан четда қолдирмаслик муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланади.


Абдумалик КАРИМОВ


Манба: postda.uz



Back to the list