Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ЭКСТРЕМИЗМ – БАШАРИЯТ ДУШМАНИ

Экстремизм (лот. еxtremus – кескин) бир киши ёки кишилар гуруµининг сиёсат, дин, фалсафа, фан, иқтисод ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги кескин қарашлари ёки фаолиятини англатади. Экстремизмни келтириб чиқарувчи асосий омиллар қуйидагилардан иборат:

·ижтимоий-иқтисодий сабабларга кўра жамиятда жуда бой ва ўта камбағал қатламлар ўртасидаги тафовутнинг ўсиб кетиши;

·инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг яққол равишда бузилиши;

·мухолифат курашларининг бешафқатларча бостирилиши;

·алоҳида ижтимоий ва сиёсий гуруҳларнинг ўз мақсадларига тез ва мажбурловчи чоралар билан эришишга интилиши;

·мафкуравий қўпорувчилик таъсири остида жамоатчиликнинг қадрият даражаси пасайиши.

Экстремизм ўзининг ўсиш тенденциясига эга бўлиб, миллатлар ва динлараро қуролли низоларнинг, зўрлик ва агрессиянинг кучайиши учун қулай муҳит яратади. Бундай жараёнлар жамият ҳаётининг турли босқичларида, хусусан, ўтиш даврида кузатилади.  

Ҳозирда бир нечта йирик экстремистик ташкилотлар фаол тарзда ижтимоий тармоқлар орқали ўз сафларига асосан 17–35 ёш оралиғида бўлганларни ёлламоқда. Бунда психологик таъсир самарадорлигини янада ошириш мақсадида ижтимоий тармоқ аъзоларининг саҳифаларига йўйилаётган суратлар, шарҳ ва изоҳлар ҳамда олиб борилаётган суҳбат мавзулари пухта ишлаб чиқилади. Шу асосда «нишон»га олинган шахсга мавзуга оид материаллар интернетнинг Facebook, Оdnoklassniki, VKontakte, Telegram, Twitter, WhatsApp каби кенг аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқлар орқали юборилиб, ўзаро алоқа йўлга қўйилмоқда.

2018 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этиши, уларни турли радикал ва зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик асосий вазифа ҳисобланиши қайд этилди.

Юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлардан кўзланган асосий муддао халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, одамларнинг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ҳамда жамоат хавфсизлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзга чиққан Юртбошимиз республикамизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳамда хавфсизликка рахна солаётган муаммоларга тўхталиб, экстремизм ва терроризм таҳдиди сўнгги йилларда кучайиб бораётганлиги, уларга қарши курашишнинг куч ишлатиш йўли ўзини оқламаётганлигини алоҳида таъкидлади. Мазкур анжуманда Президентимиз томонидан «Марказий Оси¸ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат қабул қилинди. Резолюцияни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 30 июль куни Президентимиз томонидан «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ўзбекистон Республикасининг ўтган йилнинг 3 апрелдаги қонуни билан ШҲТнинг Экстремизмга қарши кураш конвенцияси ратификация қилинди.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1. Тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида мазкур шахслар билан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда тушунтириш-профилактика ишларини тизимли ташкил қилиш, уларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича механизм яратилди. Мазкур механизмнинг самараси сифатида ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушган 20 мингдан зиёд фуқаронинг ички ишлар органлари махсус ҳисобидан чиқарилиши жамиятда катта ижобий таассурот уйғотди.

2. Ёшларни илм-маърифатга ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш, маърифий ислом таълимоти, буюк аждодларимизнинг улкан маънавий меросини чуқур ўрганиш, жамиятда диний ва миллий бағрикенглик ва ҳамкорликни мустаҳкам қарор топтириш орқали аҳоли, айниқса, ёшларда ақидапараст ғояларга нисбатан мустаҳкам маънавий ҳимоя қобиғини шакллантириш мақсадида, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Самарқандда ҳадис ва калом илми мактаблари, Бухорода тасаввуф мактаби, Қашқадарёда ақида мактаби, Фарғонада ислом ҳуқуқи (фиқҳи) илмий мактабларини очиш бшўйича ташкилий ишлар ниҳоясига етказилди. Шунингдек, барча дин вакилларига эркин ибодат қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

3. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг экстремизмга қарши кураш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамкорликни янада кучайтиришга йўналтирилган комплекс тадбирлар дастури қабул қилинади. Ушбу дастур доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари, маµалла йиғинларида, аҳолининг турли қатламлари орасида экстремизм ва терроризм билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган семинар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш йўлга қўйилган.

4. Ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олдини олиш учун ОАВ ва бошқа ахборот етказиш воситаларидан самарали фойдаланишга урғу берилмоқда. Хусусан, «Экстремизм – келажакка таҳдид», «Экстремизм ва терроризм – тараққиёт кушандаси», «Огоҳ бўлинг – секта», «Мутаассиб шахснинг психологик хусусиятлари», «Дин ниқоби остидаги ахборот хуружлари» номли буклетлар тайёрланиб, турли вазирлик, ташкилот ва идоралар орқали аҳолига етказилмоқда.

5. Хориждаги меҳнат мигрантлари, талабалар ва вақтинча истиқомат қилаётган ватандошларимиз экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикамизнинг таниқли уламолари Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск ва Қозон шаҳарлари, Чувашистон Республикаси, Сибирь ўлкаси, Свердловск ва Омск вилоятларига, Украинанинг Киев шаҳрига хизмат сафарига юборилиб, мазкур ташрифлар давомида ўтказилган диний-маърифий учрашувларда маърифий ислом таълимоти ҳамда ҳозирда бузғунчи оқимлар томонидан нотўғри талқин қилинаётган «ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик» каби атамаларнинг асл моҳияти ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда.

Юқорида баён килинган фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, жаҳон динларидан бирортаси ҳам зўравонликни тарғиб қилмайди. Аксинча, издошларини тинчликка ва инсонни севишга чақиради. Диний фундаментализм ва экстремизм мавжуд экан, терроризм хавфи ва таҳдиди хамма вақт сақланиб қолади. Зеро, терроризм ўзининг ғоявий ва мафкуравий озуқасини улардан олади ва уларга таянади. Террорчилик усулларини қўллаётган дин ниқобидаги турли ташкилотлар ва ҳаракатларга қарши самарали мафкуравий кураш олиб боришда, уларнинг ғайриинсоний моҳиятини англаб етиш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун маънавий салоҳиятимиз етук бўлиши, ҳар биримиз доимо огоҳ бўлишимиз, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Абдумалик КАРИМОВ, 

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси

етакчи мутахассиси.


Back to the list