Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Япон олимининг ўзбекларга совғаси

Япон олимининг ўзбекларга совғаси Бирон юртдошимиз бошқа бир давлатга меҳмон бўлиб борса, мезбонга муносиб совға сифатида нима олиб боради?
Албатта, ўзбекча тўн билан дўппи. Аёл кишига Марғилон атласи ёки юртимизнинг тарихий рамзи туширилган бирон эсдалик буюм бўлиши ҳам мумкин. Жиллақурса, мозорбости қилиб иккита Самарқанд нони кўтариб боради.

Ўйлаб қарасак, инсоннинг дунёқараши кимга нимани илинишида ҳам акс этар экан. Шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган япониялик дунёга машҳур турколог олим, Токио университети профессори Хисао Коматсунинг Ўзбекистонга совғаси ҳақида эшитиб, шундай тўхтамга келдик.
— Ўзбек тилида унча равон гапира олмайман, — дейди олим биз билан суҳбатда камтарлик билан. — Ёшлигимизда бу ерларга келиш, шу ерда ўқиб, тил ўрганишга имконимиз бўлмаган. У пайтлардаги вазият шундай эди. Сўнг турли қўлланмалар асосида ўзбек тилини мустақил ўрганишга киришдим. Ҳозир эса, илмий алоқаларга алоҳида эътибор бериляпти. Шу боис мен охирги бир йил ичида Ўзбекистонга иккинчи марта келишга муяссар бўлдим.

— Бугун Японияда ўзбек тили ҳам ўқитиладими?
— Ўқитилади. Япон талабалари ўзбек тили ва унинг қоидаларини ўрганиши учун ўқув қўлланмалар тайёрланган. Шу асосда олий таълим тизимида талабаларга дарс берилади. Биласиз, япон ва ўзбек тиллари бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Уларнинг сўз ва гап тузилиши, грамматикаси, талаффузи умуман бошқа-бошқа. Лекин талабаларимиз ўзбек тилини ўрганиб, ўзбекча манбалардан бемалол фойдаланишяпти. 

Фақат бизда битта муаммо бор: ўзбек тилидан япон ўқитувчилар дарс беради. Агар ўзбек ўқитувчи дарс берганида тил ўрганишдаги самарадорлик янада юқори бўлиши аниқ. 
Туркий тилдаги манбаларни ўрганиш учун шу тилни билиш ҳамда шу тилда ёзилган манбаларни ўқий олиш зарур. Бунинг учун узоқ вақт керак бўлади.

— Бизда имло яқинда яна ислоҳ қилинади. Бунга олим сифатида сизнинг муносабатингиз қандай? 
— Мен буни эшитиб жуда ҳайрон бўлдим. Туркий халқларнинг тили ва ёзуви бир-биридан узоқлиги мени таажжублантиради.

— Ўзбекистонга ўз шахсий кутубхонангиздан 150 та китоб совға қилибсиз, деб эшитдик. Шу ростми? 
— Ҳа, ўзбекистонлик талабалар ва тадқиқотчи олимлар фойдаланиши учун шундай қилдим. Улар Японияда ва бошқа давлатларда нашр этилган туркий халқлар тарихи ва маданияти билан боғлиқ беш тилдаги бебаҳо манбалар. 

Мен учун ҳар бир китоб бебаҳо. Китобга қўйилаётган нарх бу — рамзий. У китобнинг қоғоз ва нашр ишлари учун шартли равишда белгиланади. Лекин китобнинг қанчалик бебаҳолигини уни ўқиб, ундан беҳисоб фойда топа олган кишигина билади. 

Ҳозирда олим Хисао Коматсу Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талаба ва ўқитувчилар учун маърузалар олиб бормоқда. Маърузаларда туркий халқлар тарихи, адабиёти ва маданиятини ўрганишнинг энг муҳим ва долзарб жиҳатлари ҳақида илмий баҳс-мулоҳазалар юритилади.

Манба: "Оила даврасида"

Respondent: Хисао Коматсу


Intervyu: od-press.uz


Back to the list