• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Intervyu
  • Англияда ўқиш қанчага тушади? Лондон университетларининг ўзбек талабалари билан суҳбат

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Англияда ўқиш қанчага тушади? Лондон университетларининг ўзбек талабалари билан суҳбат

 Лондонда олий таълим олиш қанчага тушади? Англияда «контракт» нархи қанча, яшаш харажатлари-чи? Ҳам ўқиб, ҳам ишласа бўладими? Талаба ёзги таътилда ишлаб, контрактининг қанча қисмини ўзи тўлай олиши мумкин?

Кўпчилик ёшларни қизиқтирадиган шу ва бошқа саволларга Kun.uz Буюк Британияга сафари давомида Лондон университетларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан жавоб олди.

Ольстер университетининг Лондондаги филиали 2-босқич талабаси – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакили Садрижаҳон Ҳасанов, Гринвич университети 1-курс талабаси Улуғбек Раҳмонбердиев ва Ғарбий Лондон университетининг 2-босқич талабаси Фирдавс Тахтамишев билан кечган суҳбатимизда хорижда ўқиш истагидаги ёшларни энг кўп қизиқтирадиган мавзуларни қамраб олишга ҳаракат қилдик.


Ўқиш харажатлари қанча?

Кўпчиликни қизиқтирадиган биринчи масала – харажатлар. Олдиндан айтиш жоиз, бу борада биз грант ва танловларсиз ўқишга кириб, стипендиясиз таҳсил олишдаги чиқимларни келтириб ўтамиз. Чунки турли грант дастурларида ғолиб бўлиш имконияти, табиийки, чекланган ва бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Харажатлар миқдорини белгилайдиган икки асосий омилдан бири – контракт нархи бўлса (университетнинг даражасига қараб анчага фарқ қилади), иккинчиси – талабанинг қайси молиявий даражада ҳаёт кечириши (студентга хос тежамкорлик режимидан тортиб, қиммат шаҳардаги шоҳона ҳаётгача).

Суҳбатдошларимизга кўра, Англияда олий таълим нархи йилига 9-12 минг фунтдан бошланади. Аксарият университетларда бакалавриат дастури 3 йилга мўлжалланган. Йиллик тиббий суғурта 300 фунтга тушади.

Ўртача-минимум ҳисобларда: турар-жой масаласини ойига минимум 350-400 фунт билан ҳал этиш мумкин; Лондонда жамоат транспортининг талабалар учун ойлик йўл чиптаси 100 фунт атрофида; овқатланиш харажатлари эса ойига 200-300 фунтни ташкил қилади.

Талабалар ишлаши мумкинми?

Буюк Британияда талаба визасига эга хорижликлар ўқув йили давомида ҳафтасига 20 соат ишлашлари мумкин. Амалда эса кўплаб студентлар бу меъёрдан кўпроқ ишлашади. Талабага ўқишдан ташқари ишлаш маън этилган университетлар ҳам бор.

Одатда эндигина ўқишга кириб, ҳали Англияда етарлича тажриба тўплаб улгурмаган талабалар соатига 7-10 фунт тўланадиган нотўлиқ ставкадаги ишларда («part-time job») ишлашади. Бу – кўпинча кафе-ресторанлар ва савдо дўконлари бўлади.

Биз суҳбатлашган студентларнинг айтишича, 1-курсдан кейинги таътил давомида ҳафтасига 40-50 соат ва ундан ҳам кўпроқ ишлаб, 12 минг фунт атрофидаги контрактнинг ярмини талаба ўзи тўлай олиши мумкин.

«Биринчи йилиёқ ҳам ўқиб, ҳам қаттиқ ишлашни тавсия қилмаймиз»

Биз суҳбатлашган, Лондонда ўқиётган уч студент ўқишдан ташқари ишлашади ҳам. Уларнинг турли масалаларга муносабати турлича бўлса-да, лекин бир мавзуга келганда якдил фикрни қатъий таъкидлашди: Англияга энди келган талаба ҳам ўқиб, ҳам ўқиш пулини ўзи тўлаш учун қаттиқ тиришиб ишлаши тавсия этилмайди.

«Ишлаш ҳақида гапиряпман-у, лекин 1-курсда менинг ҳам контрактимни тўлиқ ота-онам тўлаб беришган. Бу ёрдамсиз, тўғрисини айтаман, бола қаттиқ депрессияга тушади, ўқишдан йиқилиб кетади... Иккита кемани ушлайман, деб ўртада чўкиб кетиши мумкин. Ахир Лондон қиммат шаҳар экани ҳеч кимга сир эмас», – дейди Садрижаҳон Ҳасанов.

Садрижаҳон Ҳасанов

«Ота-оналар фарзандини ўқиш учун юборишади. Шундай экан, талаба ўқишига кўпроқ диққат қаратиши керак. Ишламасин эмас, ишласин, лекин ўқишдан қолиб кетмасин. Чунки у ўқишга келган. Албатта, ўзининг кундалик харажатларини қоплай олса, бу жуда яхши.

Студент чет элга келяптими, бу – мустақил ҳаётининг биринчи қадамлари. Ўзи ишлаши, пул топиши, қийинчиликларни енгиши, ҳаётни ўрганиши керак. Ва бу йўлнинг бошида ота-онанинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим», – дея муносабат билдирди Улуғбек Раҳмонбердиев.

Улуғбек Раҳмонбердиев

«Улуғбек ва Садрижаҳоннинг фикрларига қўшиламан. 12 минг доллар контрактимни биринчи йили ота-онам тўлаб беришди. Иккинчи курс арафасида эса, ёзда ўзим ишлаб, контрактимнинг ҳеч бўлмаганда ярмини йиғиб, уйдагиларимга ёрдам қилдим.

Шуни қўшимча қилишни истардимки, энг яхшиси – талабалар 1-курс учун тўловни бу ерга келишларидан олдин тўлиқ тўлаб қўйишгани маъқул. Акс ҳолда, бу ерга келганидан кейин ҳам контракт муаммоси, ҳам иш топиб ишлаш, ҳам бошқа харажатлар масаласи туради», – деди Фирдавс Тахтамишев.

Фирдавс Тахтамишев

Суҳбат давомида талабалар Англияга қай йўл билан ўқишга келишгани, турар жой масаласи, ўқишдан ташқари ишлаш ва сарф-харажатлар ҳақида имкон қадар батафсил тўхталиб, Буюк Британияда ўқишнинг афзаллик жиҳатлари ҳақида ҳам гапириб ўтишди.


Манба: kun.uz



Back to the list