В Узбекистане Узбекистан

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

“Автомобилсиз кун” акцияси

1284
Атмосфера ҳавосининг тозалиги жамики тирик мавжудот учун муҳим ҳисобланади. Бироқ бугунги кунда унга зарар етказувчи омиллар кўпайиб бормоқда. Биргина транспорт воситаларини олайлик. Мамлакатимизда 60 фоиз ёки йирик шаҳарларимизда 80 фоиздан ортиқ транспорт воситаси атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида деярли 95 фоизга тўғри келади.

Гарчи, ушбу кўрсаткичлардаги ифлослантирувчи моддалар таркибида оксид углероди давлат стандартлари меъёрларидан юқори бўлмаса-да, экологик барқарорликни таъминлаш ва атроф-муҳитни асрашдан бизни огоҳ этади. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада яна бир эзгу қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, энди ҳар ойнинг учинчи жума кунида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур акция доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтириш, бартараф этиш аҳоли ва навқирон авлод саломатлигини муҳофаза қилишнинг асосий омили экани қайд этилди. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаевнинг маълум қилишича, мазкур акциянинг асосий мақсади аҳоли, хусусан, ёшларнинг табиатга бўлган меҳрини уйғотишга қаратилган. Бундай эътибор эса экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади. Акцияни ташкил этиш жараёни олдидан йигирма тўртта хорижий давлатнинг тажрибаси ўрганилди. Айни кунларда Тошкент шаҳрида велотураргоҳлар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. 

– Дунёнинг турли мамлакатларида бу каби тадбирларни ташкил этиш ўзига хос анъанага айланган, – деди қўмитанинг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Умид Абдужалилов. – Кўп мамлакатларда ҳар йили 22 сентябрь “Бутунжаҳон автомобилсиз куни” сифатида кенг нишонланади. Қўмитамиз қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 15 сентябрь куни “Автомобилсиз кун” тадбирини ташкил этмоқда. Тадбир иштирокчилари велосипедда манзилга етиш ғоясини илгари суради. Чунки бундай ҳаракат атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг олдини олишга ҳисса қўшади. Шунингдек, бу ҳар ойнинг учинчи жума кунида ташкил этилиши мўлжалланаётган “Автомобилсиз кун” акциясида тажриба тариқасида муҳим қадам ҳамдир. Тадбирнинг ўтказилиш жараёнида автомобиль ҳаракати чекланмайди. 

Насиба Зиёдуллаева

Манба:  ЎзА


Back to the list