Dolzarb! Для трудовых мигрантов зарубежом
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Ўзбекистон Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирди

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирди

308

Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавируслар оиласига мансуб номаълум вирус сабабли ҳалок бўлганлар сони 4 нафарга етгани хабар қилинганди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойда тарқала бошлаган коронавирус бўйича муносабат билдириб, Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Янги коронавирус Хитойнинг бошқа шаҳарларида, Сингапур, Таиланд ва Япония ҳудудларида ҳам аниқланган.

«Маълумки, 2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январида хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлади.

Афсуски, касаллик Хитой чегарасидан чиқиб, бошқа давлатлар ҳудудларига ҳам тарқалмоқда. 20 январь, душанба куни Жанубий Кореяда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати кузатилди, бемор ХХР фуқароси бўлиб чиқди. Шунингдек, касалланиш ҳолатлари Таиланд, Сингапур ва Японияда ҳам рўйхатга олинди.

Бундан ташқари, вирус тарқалган Ухан шаҳри ҳокимлиги касаллик тарқалиши бўйича яна 17 та ҳолат кузатилганини билдирган. Айни вақтда касалликка чалинган одамлар сони яна 62 нафарга кўпайган ва улардан икки нафари вафот этган.

11 январь, шанба куни илгари номаълум бўлган коронавирусдан биринчи одам — кекса ёшли эркак пневмонияга сабаб бўладиган инфекция туфайли вафот этган. Расмий маълумотларга кўра, Хубей вилоятида ушбу вирус билан зарарланиш бўйича 59 та ҳолат кузатилган. Оқибатда инфекция номаълум турга мансуб коронавирус деб топилган. Касалликка чалиниш ҳолатлари Таиланд ва Японияда ҳам кузатилган. Ўзбекистон ТИВ Хитойда тарқалган янги вирус сабабли у ерга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни эҳтиёт бўлишга чақирган.

Мавзуга доир: Хитойда янги вирусдан тўртинчи киши вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шошилинч йиғилиш чақирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кенг жамоатчиликка коронавирусдан сақланиш борасида қуйидаги тавсияларни берган:

қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;

йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;

шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;

тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;

таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

Грипп, ЎРВИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланди, дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди.

Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРВИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРВИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида кенг тушунтириш ишлари ўтказилмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга доир: Хитойда тарқалган номаълум вирус Ўзбекистонга хавф солмайдими?

Аввал Лондон Империал коллежи юқумли касалликлар таҳлили маркази олимлари вирусни юқтириб олганлар сони 1 723 минг нафарни ташкил қилгани, ушбу натижа Хитой ташқарисида вирус билан зарарланиш ҳолатлари кузатилган ҳолатлар ҳисоб-китоби таҳлили асосида олинганини билдирган. Шунингдек, тадқиқотнинг юқиш масаласини ҳал қилмаслиги, лекин ўткир респираторли синдром вируси ва Яқин Шарқ респираторли коронавируси эпидемиялари тажрибасига асосланган ҳолда вирус мустақил тарзда одамдан одамга ўтиши мумкинлигини инобатга олиш зарурлигини хулоса қилганди.



Манба: daryo.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list