Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Ўзбекистон элчихонаси Россия–Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўйишни ваъда қилаётган шахсларга ишонмасликни сўради

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон элчихонаси Россия–Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўйишни ваъда қилаётган шахсларга ишонмасликни сўради

227

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара очилгани ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасидан маълум қилишларича, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия-Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда «ёрдам бериш»ни ваъда қилиб турли эълонлар тарқатмоқда.

Элчихона ватандошлардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўради.

«Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жорий қилинган карантин чоралари, шу жумладан мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.

Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Большая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Соль-Илецк шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда.

Уларнинг кўпчилиги ёлғон хабарларга ишониб Россиянинг турли ҳудудларидан келган ва Қозоғистон орқали ватанимизга қайтиш истагини билдирмоқда.

Коронавирус инфексияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, касаллар, доимий касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Яна бир бор, Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз», – дейилади элчихона мурожаатида.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга зид маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек интернет орқали тарқатиш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача ((44,6 млн сўмдан 89,2 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси қонунчилигига биноан, оғир оқибатларга олиб келадиган била туриб ёлғон маълумотни тарқатиш 300 мингдан 2 миллион рублгача жарима ҳамда уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидаги «Маштаково» ва «Сагарчин» назорат пунктлари яқинида яна Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳол май ойида ҳам рўй берган, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Қозоғистон ваколатли органлари билан келишган ҳолда, 1100 нафар фуқарони автобусда мамлакат ҳудудига олиб келганди. Ўшанда расмийлар мазкур амалиёт истисно тариқасида фақат бир мартагина амалга оширилаётганини таъкидлашган.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list