Dolzarb! Цветные революции и НПО
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Мянмадаги давлат тўнтариши. Полиция жанговар қурол қўлламоқда, дастлабки қурбонлар бор

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Мянмадаги давлат тўнтариши. Полиция жанговар қурол қўлламоқда, дастлабки қурбонлар бор

244

Мянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайда норозилик акцияларини тарқатиш вақтида намойишчилардан икки киши ҳалок бўлиб, камида йигирма киши жароҳатланди.

Шанба куни Мандалайда ҳам мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби феврал ойи бошида давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Намойишчилар ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган мамлакатнинг аввалги раҳбари Аунг Сан Суу Кини озод қилишни талаб этишмоқда.

Намойишчилар полициячиларни чўзмадан (рогатка) нишонга олишган, бунга жавобан полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаб, намойишчилар томон ўт очган. Дастлаб полициячилар резина ўқлардан фойдаланишгани айтилганди, кейинроқ маълум бўлдики, жанговар ўқлар узилган.

Намойишчилардан бири бошидан ўқ егач, воқеа жойидаёқ ҳалок бўлган, ўқ кўкрак қафасига теккан яна бир кишининг жони шифохонада узилган.

Полиция ҳозирча бу ҳолатлар бўйича изоҳ бермади.

Булар намойишчиларнинг илк қурбонлари эмас. Шанба куни Янгонда аввалги намойишларда ўққа учиб ҳалок бўлган 20 ёшли қизнинг дафн маросими ўтказилди.

Мья Тхве Тхве Хайинг 9 феврал куни пойтахт Нейпьидоги кенг кўламли намойишлар полициячилар томонидан шафқатсизлик билан бостирилиши вақтида жароҳатланганди - ўшанда сув пуркагичлар (водомёт) ишга солинган, шунингдек, одамларга қарата резина ва жанговар ўқлар отилганди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, қиз ўқотар қуролдан жароҳат олган.

Мья озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлган, у шифохонадалигида 20 ёшга кирган
EPA

Ўз шахси сир қолишини сўраган шифокорлардан бири Human Rights Watch’га берган маълумотга кўра, металл ўқ унинг ўнг қулоғи соҳасидан бошига кирган. Мья Тхве Тхве Хайинг шифохонада махсус аппаратда бўлган, аммо 19 феврал куни вафот этган.

Ҳарбий тўнтариш
Мянмада 1 феврал куни ҳарбий давлат тўнтариши амалга оширилганди. Ўшанда мянмалик ҳарбийлар пойтахтга аскарларни киритиб, янги парламентнинг илк сессияси ўтказилишига тўсқинлик қилишган, мамлакат етакчиси Аунг Сан Суу Ки ва президент Вин Мьинни уй қамоғига ташлаб, бир йиллик фавқулодда ҳолат режимини жорий этишганди.

Армия бош қўмондони, генерал Мин Аунг Ҳлаинг давлат раҳбари вазифаларини ўз зиммасига олишини маълум қилганди.

Мянмадаги хунта етакчиси Мин Аунг Ҳлаинг. Москвадаги парад ёққан генерал ҳақида


Ҳарбийлар йирик шаҳарларда кечки соат 8дан эрталабки соат 4гача комендантлик соати эълон қилишган.

Ўтган ҳафтада ҳарбийлар шахсий ҳаёт хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, ўзларига мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотлари ва уларни ҳибсга олиш борасидаги янги ҳуқуқларни тақдим этди - энди одамлар суд қарорисиз ҳибсга олиниши мумкин.

Янги қоидалар ордерсиз тинтув ўтказиш ва ҳибсга олиш имкониятини беради. Бундан ташқари, улар хат ва посилкаларни очиб кўриш, бировларнинг хабарларини «тутиб олиш» ва телефон компанияларидан шахсий маълумотларни олиш учун имконият яратади. Аввалроқ мамлакатда Facebook, Twitter ва Instagram фаолияти тўхтатиб қўйилган, барча тиллардаги Wikipedia блокланган.

Шунингдек, янги ҳукумат ОАВга уларни «хунта» ёки «режим» деб аташ ва бўлиб ўтган ўзгаришларни давлат тўнтариши деб аташни тақиқлаган. Бу атамалардан нотўғри фойдаланиш «фуқаролар ўртасида ғалаён туғдирувчи фитна» сифатида баҳоланади ва шу тариқа, амалдаги матбуот тўғрисидаги қонунларни бузиш ҳисобланади.

Ҳафта бошида Аунг Сан Суу Кига янги айбловлар эълон қилинганди - у энди фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунни бузганликда ҳам айбланмоқда. Феврал ойи бошида уйида ўтказилган тинтувлар давомида мамлакатга ноқонуний олиб кирилган радиоэлектрон воситалар топилгач, давлат маслаҳатчиси импорт ва экспорт тўғрисидаги қонунни бузишда айбланганди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Давлат тўнтариши амалга оширилишидан бир неча кун ўтиб бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетганди. Пандемия даврида кўпчилик бўлиб тўпланиш ва комендантлик соати жорий қилинганига қарамай, йирик шаҳарлар - Янгон, Нейпьидо, Мандалай ва бошқа шаҳарларда ҳар куни ўн минглаб кишилар кўчаларга чиқишмоқда.

Мянма 1962 йилдан 2011 йилгача ҳам ҳарбий режим остида яшаган. 1988 йилда ҳарбийларга қарши намойишлар чоғида 3 мингдан ортиқ киши ўлдирилган, 2007 йилги намойишларда эса қурбонлар сони - роса 30 нафар бўлган.

2011 йилда ҳарбийлар халқаро ҳамжамият босими остида босқичма-босқич демократияга ўтиш жараёни бошланишини маълум қилишди, аммо улар парламентдаги ўринларнинг 25 фоизини ўзлари учун кафолатлашди, шунингдек, кучишлатар тузилмалар устидан назорат ҳарбийларда қолди.

Шундан кейин ўтказилган барча сайловларда Аунг Сан Суу Кининг партияси ғалаба қозониб келади, у 30 йилга яқин вақт давомида демократия учун кураш етакчиси бўлганди.

Аунг Сан Суу Ки. У қандай қилиб эркинлик куйчисига айланган, аммо кейин Ғарбга хуш келмай қолганди?

Ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган парламент сайловларида Аунг Сан Суу Кининг партияси - «Демократия учун миллий лига» мутлақ ғалабага эришади ва ҳукуматни мустақил шакллантириш ҳуқуқига эга бўлади. 1 феврал куни янги парламентарийларнинг илк йиғилишида янги ҳукумат шакллантирилиши режалаштирилганди, аммо бу йиғилиш бўлиб ўтмади.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list