Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • «Улар шунчаки отиб ташлашмоқда». Мянмада хаос: нишонга олиб отишлар ва ўнлаб қурбонлар

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

«Улар шунчаки отиб ташлашмоқда». Мянмада хаос: нишонга олиб отишлар ва ўнлаб қурбонлар

166

Мянмада намойишларни шафқатсизлик билан бостириш давом этмоқда, феврал ойи бошидан буён ҳарбийлар томонидан ўлдирилганлар сони 50дан ошди: БМТнинг Мянмадаги махсус вакилининг сўзларига кўра, чоршанба куни яна 38 киши ўлдирилган. Намойишчилар ва кузатувчиларнинг сўзларига кўра, полиция намойишчиларни тарқатишда кундан кунга шафқатсизлик қилмоқда.

«Мамлакатнинг йирик шаҳарлари Тяньаньмэнь майдонига айланди», дея ёзган твиттерда Янгон шаҳри архиепископи, кардинал Чарльз Маунг Бо. У мамлакатда бўлиб ўтаётган воқеаларни 1989 йилда Пекинда талабаларнинг исёни қаттиққўллик билан бостирилганига қиёслаган.

БМТ бош котибининг Мянма бўйича махсус вакили Кристин Шранер-Бургенер чоршанба кунини мамлакатда феврал ойидан буён кузатилган «энг қонли кун» деб атади.

Кузатувчилар, намойишчилар ва журналистлар полициячиларнинг хатти-ҳаракатлари Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) вакиллари ҳарбийлар билан ўтказган музокаралардан кейин янада тажовузкор бўлиб қолганини қайд этишмоқда. Сешанба кунги видеоалоқа орқали ўтказилган учрашувда Мянманинг янги тайинланган ҳарбий вазири қатнашган. Ҳарбийлар таъсиридаги телеканаллар хабарларида «у минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашгани» айтилган.

АСЕАН дипломатлари бир овоздан Мянманинг ҳарбий ҳукуматини намойишчиларни отишни тўхтатишга чақиришганди, аммо барча ҳам мамлакатнинг фуқаролик даври ҳукумати раҳбарлари, шу жумладан, «Демократия учун миллий лига» партияси раҳбари Аунг Сан Суу Ки ва президент Вин Мьинни озод этиш талаби бўйича якдил бўлишмаган. Reuters хабарига кўра, АСЕАН аъзоларидан фақат тўрт давлат - Индонезия, Малайзия, Филиппин ва Сингапур уларни озод қилиш ва демократик йўл билан сайланган парламентни қайтариш талабини қўйишган.

Анъанага кўра, минтақавий гуруҳнинг 10 аъзо давлати бир-бирининг ички ишларига аралашмайди. Йиғилиш якунлари бўйича баёнот 2021 йилда ташкилотга раислик қилаётган Бруней вакили томонидан берилди, унда генераллар зўравонликни тўхтатиш ва тинчликка эришиш учун музокаралар бошлашга чақирилган. Бу ташкилот аъзоларининг қўшма баёноти бўлган.

Фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракати томонидан уюштирилган намойишлар Мянманинг кўплаб шаҳарларида ўтказиб келинмоқда. BBC’нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича корреспонденти маълумотларига кўра, чоршанба куни Мандалай ва Монивада ўлдирилганларнинг аксарининг бошидан отилган, бу эса ҳарбийлар намойишчиларни нишонга олиб отаётганидан дарак беради.

Шу куни мамлакатнинг энг йирик шаҳри Янгонда полиция туманлардан бирининг аҳолисини йиғиб, уларни сафга тизиб, қўлларини бошга қўйган ҳолда юк машиналарига чиқаришган ва олиб кетишган. Мингян шаҳридаги намойишчилардан бири Reuters агентлигига айтишича, полиция аввалига кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаган, кейин эса жанговар ўқлар ота бошлаган.

«Улар бизга тарқалишни сўраб, сув пуркагичларни йўллашмади, шунчаки келишди ва отишни бошлашди», деган у. Press Trust of India агентлиги маълумотига кўра, Мингянда икки ўсмир отиб ташланган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 5 март куни Мянмадаги вазият бўйича ёпиқ йиғилиш ўтказиши кутилмоқда. Бундай йиғилиш ўтказиш ташаббуси Буюк Британия томонидан билдирилган. Аммо БМТнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш қийин бўлади, чунки Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидан иккитаси, Хитой ва Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиши деярли аниқ.

Ҳозирда айрим давлатлар Мянма билан муносабатларида ўз санкцияларини жорий этган, яна айримлар санкциялар қўллашни режалаштирмоқда.

Полициячиларнинг ҳаракатлари кўрсатмоқдаки, ҳарбий ҳукумат вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган чақириқларни инкор этмоқда. Ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбий кучлар халқаро ҳамжамият томонидан қонуний деб тан олиниш учун ўзларига қарши чиқаётган намойишларни куч билан бостиришда давом этмоқда.

Сўнгги бир ой давомида намойишчилар қаршилик кўрсатишнинг турли тактикаларини қўллашди: анъанавий маршдан тортиб хорижий элчихоналар олдида мусиқали чиқишларгача, забастовкалардан тортиб кўчаларни тўсиш ва баррикадалар ўрнатишгача. Намойишлардан бирида филбонлар ва филлар ҳам иштирок этганди. Сўнгги вақтларда намойишчилар полициячилар қаерга отаётганини кўрмаслиги учун тутунли гранаталар ва ўт ўчириш воситалари қўллашмоқда.

«Биз ҳалок бўлганлар номидан курашни давом эттирамиз. Биз ғолиб чиқамиз», деган фаоллардан бири Reuters’га берган интервьюсида.

Мянмада фуқаролик ҳукумати ағдарилишига қарши оммавий намойишлар феврал ойи бошида бошланганди, ўшанда ҳарбийлар мамлакатнинг аввалги раҳбариятини ҳибсга олган. Улар «Демократия учун миллий лига» раҳбари Аунг Сан Суу Ки, президент Вин Мьин ва бошқа юқори мартабали амалдорларни қамоққа олишган.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list