Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Осиё давлатлари Мянма ҳарбийларидан зўравонликни бас қилишни ва Аунг Сан Суу Кини озод этишни талаб қилмоқда

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Осиё давлатлари Мянма ҳарбийларидан зўравонликни бас қилишни ва Аунг Сан Суу Кини озод этишни талаб қилмоқда

21

Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари етакчилари ва дипломатлар Мянма ҳарбийларидан сиёсий маҳбусларни озод қилиб, мамлакатга демократик бошқарувни қайтаришни талаб қилишмоқда.

Сешанба куни Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) ТИВ раҳбари 1 феврал куни Мянмада давлат тўнтариши амалга ошириб, ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларнинг вакиллари билан музокара ўтказди.

Музокаралар мазмуни ҳақида хабар қилинмаган, аммо қатор мамлакатлар ҳукуматлари генералларга демократик бошқарув етакчиси Аунг Сан Суу Кини озодликка чиқаришни ва намойишчиларга қарши зўравонликларни тўхтатишни талаб қилишмоқда.

Мамлакат ичкарисида эса дам олиш кунларида намойишлар қонга ботирилиб, 20дан ортиқ киши ўлдирилганига қарамай, намойишчилар кўчаларга қарши чиқишда давом этмоқда.

Сешанба куни ҳам полиция норозилик акциялари иштирокчиларини куч билан тарқатди. Намойишлар бошидан буён олти нафар журналист қўлга олинган, улардан бири Associated Press ходимидир.

75 ёшли Аунг Сан Суу Ки -  демократик йўл билан сайланган ҳукуматда давлат маслаҳатчиси сифатида амалда мамлакатни бошқарарди. У давлат тўнтаришининг биринчи кунидаёқ ҳибсга олинган ва 1 март куни унинг устидан суд жараёни бошланган.

Дипломатлар нималар дейишди?

Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (АСЕАН) дипломатик бўлимлари раҳбарлари видеоалоқа орқали ҳукуматни эгаллаб олган ҳарбийлар билан музокаралар ўтказишган.

АСЕАН сайтида музокаралар якунлари бўйича қисқа хабар жойлаштирилган, унда ташкилот қонунлар устуворлиги, демократия, конституцион бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат принципларига содиқ экани таъкидланган.

Филиппин ТИВ раҳбари Теодоро Локсин твиттердаги саҳифасида, учрашув тафсилотларини ошкор эта олмаслигини ёзган, шу билан бирга, бу учрашув «ажойиб» бўлганини ёзган. Аввалроқ у ташкилот аъзолари бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашмаслиги принципи нотўғри қарорларга «автоматик рухсат беришни ёки жимгина рози бўлишни» англатмаслигини айтиб ўтганди.

Индонезия ТИВ раҳбари Ретно Марсуди Мянма ҳарбийларини сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва мамлакатни демократия йўлига қайтаришга чақирган.

Учрашув арафасида Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун BBC учун берган интервьюсида зўравонликларни қоралаган ва Аунг Сан Суу Кини озод этишга чақирганди. Ушбу шаҳар давлат ташқи ишлар вазири эса дипломатлар хунта вакиллари билан мулоқот вақтида мамлакатда рўй бераётган зўравонликларга норозиликларини билдиришларини айтиб ўтганди.

Унинг сўзларига кўра, АСЕАН генералларни Аунг Сан Суу Ки билан мулоқот ўтказиш орқали вазиятдан тинч йўл билан чиқишга чақиради.

Маълумот учун, ушбу ташкилот Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин давлатларини ўз ичига олади.

Қўшниларнинг ташаббуси ҳокимиятдан четлатилган Мянма парламенти депутатлари танқид қилиб чиқишди, уларнинг фикрича, ташкилот хунта билан музокараларга киришиши керак эмас.

Депутатлар хунтани террорчи ташкилот сифатида атаб, АСЕАН улар билан музокара ўтказиш орқали уларнинг ҳокимиятини қонуний деб тан олиб қўйганини айтишган.

Мамлакатда нималар бўлмоқда?
Музокаралар генераллар ҳокимиятига қарши оммавий намойишлар шафқатсизлик билан бостирилиши фонида бўлиб ўтди.

Полиция митингларни тарқатиш учун барча воситалардан, хусусан, ўқотар қуроллардан фойдаланмоқда, 1 февралдан буён намойишлар вақтида камида 21  киши ҳалок бўлган. Ҳарбийларнинг айтишича, бир полициячи ҳам тартибсизликлар қурбонига айланган.

Сешанба куни пойтахт Янгон ва мамлакат шимоли-ғарбидаги Калемьо шаҳрида акция иштирокчиларини тарқатиш учун полиция шовқинли гранаталар қўллади. Reuters агентлиги гувоҳларга таяниб хабар беришича, бунинг оқибатида тўрт нафар намойишчи жароҳатланган, яна бир неча киши резина ўқлардан жабрланган.

«Улар худди ҳарбий ҳудудда ҳаракатланаётгандек иш тутишмоқда. Мен қаттиқ хафаман ва ғазабдаман», деган намойишда иштирок этаётган ўқитувчилардан бири.

Армия вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб бермаган, полиция ва шифохонадагилар ҳам сўнгги воқеалар бўйича изоҳ бермади.

Ҳарбий тўнтариш Мянманинг қарийб 50 йиллик ҳарбий бошқарувдан кейин босқичма-босқич демократияга ўтиш жараёнини тўхтатиб қўйди.

Бу воқеаларни АҚШ, Евроиттифоқ ва Буюк Британия қоралади, генералларга қарши санкциялар жорий этилган.

Армия исённи ўтган йил ноябридаги парламент сайловлари вақтида Аунг Сан Суу Ки бошчилигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси томонидан қоидабузарликларга йўл қўйилгани билан оқламоқчи бўлади. Сайлов комиссияси эса сайловлар ҳаққоний ўтган деб топган.

Хунта раҳбари генерал Мин Аунг Ҳлаинг намойишлар раҳбарлари ва ташаббускорлари жазоланишини маълум қилиб, бойкот қилаётган давлат хизматчиларига таҳдид қилган.

Генерал янги сайловлар ўтказилиши ва ҳокимият ғолиб томонга топширилишини ваъда қилган, шу билан бирга, сайловлар қачон ўтказилишини айтмаган.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list