Dolzarb! Терроризм/Экстремизм, как явление

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Сурияда очарчилик ва ўлим хавфи остида қолган ўзбек аёли

383

Дунёни таҳликага солган Суриядаги уруш баъзи бир инсонлар учун жуда қимматга тушди: бемаврид бузилган уйлар, вайроналар остида қолиб бевақт ўлим топганлар, кули кўкка совурилган ваҳимали шаҳарлар. Талафотлар миқдори эса бу ҳақида ўйлаган кишиларни даҳшатга солади. 

Азиза ШАВДОНОВА 
1983 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 5 йил Яқин Шарқдаги уруш майдонларида яшаган. “Меҳр-5” операцияси доирасида Ўзбекистонга олиб келинди. Суриядаги уруш аёллар тақдирида қандай акс этди? Афсуски, Яқин Шарқдаги уруш алдовларга ишониб борган ўзбекистонликлар ҳаётига ҳам салбий таъсирини ўтказди. “Меҳр-5” инсонпарварлик операциясида ватанга қайтишга муваффақ бўлган наманганлик аёл жангларда кечган қайғули ҳаётини сўзлайди. 

“ҚАЕРГА БОРГАНИМИЗНИ АЙТИШГА ҲАМ УЯЛАМАН”

— Кимлардир Россия ва бошқа давлатга бориб кўча супурдим, ишладим, мардикорлик қилдим дея олади. Лекин биз гапира олмаймиз. Ҳатто қаерга борганимизни айтишга ҳам уялади одам. 

Азизанинг эри бепул уй ваъдасини олган ва у ердаги бахтли ҳаёт орзуси билан уларни чегарадан олиб ўтган. Аслида бепул уй уй-жой нотинчликдан ўз мулкини ташлаб қочишга мажбур бўлган суриялик тинч аҳолига тегишли бўлган.

— Чегарадан ўтганимиздан кейин турмуш ўртоғим билан мени ажратишди. У ерда ҳамма эркакларни жангга тайёрлаш учун олиб қолишади. Мен ўзимни оқламайман. Яхши иш қилдим, демайман ҳам. Агар бева қолиб кетишимни билганимда Сурия тугул остона ҳатлаб кўчага ҳам чиқмасдим. Хом сут эмган банда, деб шунга айтсалар керакда. Қишлоқда деҳқончилик қилиб яшасам ҳам рози эдим. Тўғриси, мен нега, нимага қизиқиб кетганимизга ҳалиям ақлим етмайди. Тошкентда яшаган вақтларимиз уйимиз, машина ва дўконларимиз бўлган. Ҳаётимиз жуда ажойиб эди. Энди ўйлаб қарасам бизнинг кетишимиз тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас экан.

2013 йил Туркияга ўтдик... Турмуш ўртоғим билан Истанбул яқинидаги шаҳарчада бир йилча яшаганимиздан сўнг, эрим энди Сурияга кетамиз, у ерда ҳамма шароитлари бор уй берилади, деб бизни олиб кетди. 

Минглаб асирлар ва уларнинг оилалари эса Сурия шимоли-шарқидаги қочоқлар лагерларида аянчли ҳаёт кечирганини гапираётган аёлнинг эри ҳам аввалига жанг майдонларида яраланди. 

                              “ЭРИМНИНГ ҚОРНИ ЁРИЛИБ, ИЧАКЛАРИ ЧИҚИБ КЕТГАН”

— Аэропорт учун бўлган жанг чоғида Сурия аскарлари бомбанинг ушлагич қисмига ип боғлаб тортиб қўйган.  Эрим ярадор одамни олиб чиқаётганида шу бомбани ушлаб олган ва портлаб кетган. Қорни ёрилиб ичаклари ўрнидан кўчиб чиқиб қолган. Бу вақтда уни кузатиб турганлар “бўлди, жони узилди” дейишган. Бироқ бўйин қисмини ушлаб кўришса, тирик бўлган. Кейин “тирик экан-ку” дея ичакларини ичига солиб, шифохонага етказишган. Шу азоб билан 7 ой бир тўшакда ётди. Операциядан кейинги ҳолатини кўришнинг ўзи ҳам даҳшат эди. Бомба парчалари ҳамма ерига кириб кетган, орқа кураклари,  қоринларигача ўйилиб ётарди. Юришни орзу қилса ҳам юра олмас эди...

Иккинчи марта аввалги ҳолат яна такрорланди. Аэропорт учун жанг чоғида ярадорларни қутқаришга кирганида бомбанинг (асколка)парчаси ўнг оёғига кириб суякка қадалиб қолади. Бу сафар оёғини операция қилдирди. Яралар битмади. Учинчи сафар урушга кетганича қайтиб келмади. 

Сурияда эрини йўқотган, болаларининг болалик беғуборлигини бой берган аёлнинг пушаймонлик ҳикояси тинчлик қадрига етмайдиган, ўзга юртдан бахт излайдиганларни огоҳликка чақиради. 

                                                   “ЯШАШ ЖУДА ҚИЙИН ЭДИ, НОН КЎРМАДИК...”

— Лаҳзадабева аёлга айландим. Фарзандларим етим қолишди. Оч-наҳор, бошпанасиз, сарсон-саргардон бўлдик. Ҳар кунимиз ғам ва алам оғушида, “энди нима бўлар экан” деган изтиробда ўтарди. Шунчалар афсуланганманки, буни сўз билан изоҳлаб беролмайман. Кўп касал бўлардим. Эрим билан бирга ишлаган водийлик Абдулҳафиз исмли шифокор бор эди. Сурияда уни Муҳаммадий дейишарди, у киши ўзим даволатаман, деб хотинини менга совчиликка юборди. Унга турмушга чиқдим. Аёллар мақари???дан мени олиб чиқиб кетди. Шу орада жанглар кучайиб кетди. Икки хотин битта уйда туришга ҳам мажбур бўлганмиз. Болалар уйғонгунча, кўкатларни қовуриб қўярдик. Кепакларни бир-бирига бириктиролмай йиғлардик. Фарзандларимиз очликдан қийналарди.

    —Ўзбекистонга қайтишга йўл изламадингизми?

— Мен ҳар доим Ўзбекистонга қайтишни истардим. Эрим эса қайтиб бўлмайди, дерди. Юртимизда яхшилик кутиб тургани йўқ, улар қучоқ очиб кутиб олишмайди, у ерда бизни “террорист” дейишади, дерди. Борсак ҳам хотиржам яшолмаслигимизни такрорлайверарди.

—Иккинчи эрингиз ҳам қамалган, шундайми, нега?   

—Қайси қамоқдалиги,  тириклиги ҳам номаълум. Жангда арзимаган сабаб топиб қамаб қўйишади. Эрим қамалгандан кейин ўлдими–тирикми, хабарсиз кетди. Биз кундошим билан хат ёздик, жавоб ҳам келмади.

—Ота-онангиз билан алоқангиз бормиди? 

—Уйимдагиларни суриштира – суриштира 2018 йилда топдим. Ота-онамга сизнинг шунақа қизингиз борми, деб айтишганида онам ҳушидан кетибди. 3 йилга яқин хабарсиз эдик-да. Бизни ўлди, деб ўйлаган. Хурсанд бўлганидан қизим тирик экан, деб эҳсон берибди. Уларга алоқага чиққанимни хўжайиним кўриб қолиб, сен ўзгараяпсан, деб хафа бўларди. 

Бутунлай барбод бўлган умр. Очарчилик ва ўлим хавфи остида қолиш нималигини ўз ҳаётида яшаб кўрган, даҳшатлардан омон қолган аёл учун энди ўлим ҳам у қадар қўрқинчли эмас эди. Азиза инсонга тириклик завқини улашувчи ҳамма нарсадан маҳрум бўлганди. 

 —Суриядаги қочоқлар лагерида ҳаммаси ҳақида ўйлаб кўрганимизда ўз саволларимизга ўзимиз жавоб тополмасдик. Сирти ялтироқ нарсаларга кўзимиз қамашиб юртни тарк этиб, кимларгадир ўйинчоқ бўлганимизни жуда кеч тушундик. Умримнинг охиригача шунақа яшаб ўтсам керак, деб ўйлардим. Болаларим ақлини танигани сайин ҳар куни бу ерга “нега келдик” деб савол берарди. Уларнинг бу саволига эса нима деб жавоб беришни билмасдим. Ҳатто жонимдан тўйганимдан фарзандларим билан йўқ бўлиб, ўлиб кетишни хоҳлардим. Ҳаммасидан шунчалар чарчаган эдимки...

Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангарилар орасида Азиза ва унинг болалари ўта оғир вазиятда, азоб-уқубатларда яшади. 

—Биз қаттиқ пушаймон бўлдик. У ерда мусулмончилик йўқ, гуруҳбозлик бор, холос. Бир миллат эгалари бир-бирини ўлдиради. Ўлган-ўлди, кетди, қутулди. Аёллар бева, болалар эса етим қолди. У ердан чиқишингизни билиб қолса, аямай ўлдириб юборади. 

                       “ЎЗБЕКИСТОНГА КИРИШИМ БИЛАН САЖДА ҚИЛАМАН”

–“Меҳр” операцияси сиз учун нима? 

– Кўпчилик бизга ҳавас қилди. Ўзбекча гапираётган одамларни кўришимиз билан бахтдан ўзимизни йўқотиб қўйдик, қувончдан тинимсиз йиғлардик. Бизнинг азобли ҳаётимиздан кейинги қувончимизни сўз билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. Бошидан ўтказмаган инсон буни ҳеч қачон тушунмайди.

“ Меҳр” операцияси биз учун янги ҳаёт. У ёқлардаги азоблардан кейин ҳамма нарсани қадрлайдиган бўлдик. Ватанимнинг битта баргини ҳам ҳеч нарсага алмашмайдиган бўлдим. Президентимизга катта раҳмат айтамиз. У ёқдалигимизда агар юртимизга қайтиш насиб этса, Ўзбекистонга киришим билан сажда қиламан, дердим. Самолётдан тушишим билан тиз чўкиб ерни ўпдим. Энг умидсизланиб, қийналиб қолган вақтимизда ватанимиз  бизни яна ўз бағрига олди. Етим болалар, аёллар орқамиздан йиғлаб қолишди. Умримнинг охиригача ота-онамнинг хизматини қилишни хоҳлайман. 

“Меҳр-5” операцияси Ўзбекистон фуқароси бўлган Азиза ва унинг жигарбандларини тақдирнинг измига ташлаб қўймади. Уларга қайта ҳаёт бағишлади. Бир фикрни алоҳида таъкидлашимиз лозим: бундай имконият тарихда ҳеч кимга берилмаган, Президентимиз адашган ва хато қилган инсонлар бир бора бўлса-да, кечирилиб ҳаётга қайтиш имконияти берилишини ўз саъй-ҳаракатлари билан исботлади. 

                                                                   Мўътабар НУРМУҲАММЕДОВА


Манба: darakchi.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list