- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Tahlill
- Марказий Осиёда яқин қўшничиликка яширин таҳдидлар...
Марказий Осиёда яқин қўшничиликка яширин таҳдидлар...
Равшан Қосимов, 1962 йил Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Спитамен туманида косиб-ҳунарманд оиласида туғилган.1987 йилда ТошДУ, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.
1996 йилгача Ленинобод вилоят телерадиокомпаниясида ўзбек бўлими муҳаррири, 1998-2018 йилларда халқаро электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамкорлик қилган.
“Кечиккан баҳор” номли китоби чоп этилган.
Сўғд вилояти ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази фаолларидан бири.
Бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақида дунё сўзламоқда. Бу ҳам бўлса, республиканинг Марказий Осиёдаги улуғ потенциали ва қўшниларга улкан таъсири билан белгиланади.
Ҳеч кимга сир эмаски, географик, демографик ва иқтисодий салоҳияти билан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги деб тан олинган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг ўтган икки йил давомида чегарадош республикалар билан яхши қўшничилик алоқаларининг гуркираб ривожланиши, минтақа бирлигининг асоси бўлиб хизмат қилмоқдаки, бундан ўлкадаги барча халқлар фақат хурсанд.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона алоқаларнинг ўтган бир йилда гуркираб ривожланаётгани, ўн йиллаб беркилиб қолган йўлларнинг қайта очилгани, халқлар орасида бозор муносабатларига кенг йўл берилганлиги, Тожикистон жанубида Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Қашқадарё, шимолида эса Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Фарғона вилоятлари орасида оддий халқ учун чегараолди савдосининг қизиётгани фикримизнинг исботидир.
Ҳозир Ўзбекистонлик тадбиркорлар Тожикистонда Суғд вилоятининг маъмурий маркази Хужанд шаҳрида ва Бобожон Ғафуров, Жаббор Расулов, Спитамен туманларида бир қанча ишларни амалга оширмоқдалар.
Лекин Марказий Осиё республикалари ҳақида сўз кетганда баъзи бир Ғарб ва маҳаллий таҳлилчилар минтақанинг музаффар келажаги ва ёрқин ривожланиш истиқболлари ҳақида эмас, балки, ўлкада мудраб ётган эҳтимолий таҳдидлар ҳақида ёзадилар.
Эҳтимол, азият берувчи, шов-шувли ва қандайдир кучларга фойдали кўринган можароли вазиятлар ҳақида тез ва бўрттириб ёзиш кимларгадир керакдир балким?
Минтақада ҳозир жуда нозик бўлган мавзулар: миллат ҳурлиги, Ватан бирлиги, ер-сув тақсимоти ҳақида оғир-босиқлик ва турли томонларнинг манфаатлари инобатга олинган ҳолда сўз юритиш, кези келганда эса, очиғи, улуғ орзулар йўлида томонларнинг айрим ён беришларига бориш ҳам лозим бўлади. Бу вазиятлар умумдавлат ва миллий келишув, музаффар ўлка келажаги учун ҳам шундай йўл тутишни тақозо этади.
Минтақада кутилмаган можарали вазиятлар ўчоғи мавжудлиги ва уларнинг киши билмас етилиши мумкинлиги ҳақида сўз борганда, афсуски, ҳали-ҳануз бу борада биздан кўра четдагилар кўпроқ билиши ва уни таҳлил эта олишлари таажжубли кўринади. Таажжуб аслида шундаки, муаммони чуқур таҳлил этиши мумкин бўлган маҳаллий зиёлилар йўқ эмас, улар бор ва анчайин зукко ҳамдир. Аммо, менталитетимизга хос бўлган андиша ва “яхши одам ёмонини яшириб, яхшисини ошириб кўрсатади” қабилидаги содда тушунчалар нафақат ўлкамиз тараққиёти, балки миллатлараро муносабатларимизга ҳам зарарли таъсир етказади. Бугунги тез ва глобал дунё шуни тақозо этадики, муаммоларга субъективлик билан эмас, прагматик нуқтаи назардан ҳар томонлама ёндашиш лозим бўлади. Эндиликда эски ақидалар ва бурунги мулоҳазалар шиддатли ўзгаришлар даврига мос тушмайди.
13 март куни бошланиб, 14 мартда ҳам давом этган Тожикистон шимоли-Суғд вилоятининг Исфара туманига қарашли Чоркўҳ, Ворух ва Қирғизистоннинг Баткент вилояти қишлоқлари ўрталиғида қўшни қирғиз халқи билан оддий ер сабаб ўтган зиддиятли тўқнашув, оломон орасида тошбўронлик ва отишма сабаб инсонлар орасида қурбонлар бўлганлиги ғоятда ачинарли.
Биринчи куни содир бўлган тўқнашувларда икки тожикистонлик ўқ отиш қуролларидан яраланиб, бири ҳодиса жойида ҳалок бўлган бўлса, иккинчиси касалхонада вафот этган.
Қирғизистон томони ҳам айни пайтда бир фуқаросининг аҳволи оғир эканлигини билдирмоқда. Ҳозирда ҳар икки томондан ҳам турлича жароҳат олганлар сони эллик нафаргача боради. Тожикистоннинг Ворух қишлоғи қамал ҳолатида қолмоқда.
Икки республика ҳудудларида анклав сифатида қолиб кетган қишлоқлар оралаб ўтувчи, маҳаллий аҳамиятга эга йўлнинг ўзаро зиддиятлар туфайли ҳам тожик, ҳам қўшни қирғизлар тарафидан тўсиб қўйилиши айни дамда маҳаллий аҳоли орасида қаттиқ норозилик ва келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Масала моҳиятига етишда мавзу ёритилиши бир томонлама бўлиб қолмаслиги, томонларнинг норози кайфияти уйғонмаслиги учун фақат расмий манбаларга таяниш, ойдин бўлган фактларга асосланиб фикр юритиш жўяли бўлади.
Қарийб 20 йилдирки, бу ҳудудда чегараолди зиддиятлари гоҳ яширин, гоҳида ошкора тус олиб, сақланиб келмоқда ва бир неча йил муқаддам икки қўшни чегара қўшинлари орасида отишмалар бўлиб, ўшанда ҳам қурбонлар берилган эди.
Ҳозирда тожик-қирғиз чегарасидаги кескин ҳолат сақланиб турибди ва икки республика президентлари содир бўлган воқеалар борасида ўша куниёқ зудлик билан ўтказган телефон орқали мулоқотларида зиддиятлар дипломатик тарзда ҳал этилишига ва бу ишда ўзаро салоҳиятли комиссия ташкил қилинишига келишиб олганлар.
Телефон орқали ўтказилган мулоқотда Қирғизистон Президенти Сооронбай Жеенбеков ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон давлат чегараларини делимитациялаш бўйича музокараларни тезлаштириш муҳимлигини таъкидлаганлар.
Қирғизистон расмий ахборотида ҳам икки қардош республикалар президентлари мулоқотида асрлар давомида тотув яшаб келган ҳар икки жумҳуриятлар халқлари фақатгина тинч ва дўстона иттифоқчиликда яшашлари лозимлиги таъкидланганига урғу берилади.
Айтиб ўтиш жоизки, Тожикистон-Қирғизистон чегара ҳудуди 700 километрдан кўпроқ бўлиб, унинг 400 километрига яқини ҳалигача узил-кесил белгиланмаган.
Минтақадаги манбалар можаро 13 март куни икки давлат чегарасининг баҳсли ҳудудида қирғизистонликлар “Қўктош-Оқсой-Тамдиқ” йўл қурилишини бошлаганликлари ортидан келиб чиққанлигини баён қилишаётган бўлсалар-да, бу йўл қурилиши чэт эл сармояси билан бундан 5 йил муқаддам бошланган бўлиб, қирғизистонликларни бошқа давлат ҳудудлари оралаб ўтишдан озод қилади.
Тожикистон “Ховар” давлат хабар агентлиги баёнотида муаммони юмшатишга интилиб, кўрилаётган тадбирларга қарамай, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегарасида вазият кескинлигича қолмоқда, дейилади.
Мавзуга холис баҳо бериладиган бўлса, ҳудуд аҳолиси можаро ҳақида кўпроқ қирғиз маҳаллий мустақил ва чет эл оммавий ахборот воситаларидан олишмоқда. Лекин холислик ҳар икки томондан келишилган ҳолда ҳам шаффоф, ҳам тўғри ёндашилувчи хабарлар ўз вақтида тарқатилгандагина бўлади.
Бу ўринда ҳозирда ижтимоий тармоқларда Россия Фанлар академияси аъзоси Сергей Абашин “чегарадаги сўнгги вазият ҳақида Қирғизистон ва Тожикистон информация манбаларини ўқиб келмокдаман… афсуски, бошқа кўплаб мавзуларда жуда яхши чиқишлар уюштирувчи манбалар бу мавзуни “ўзимизники”ларга бўлиб баён этишлари учрамоқда, бу эса аҳоли орасида радикал ватанпарварлик туйғуларини кучайтиради… Наҳотки, журналистларга ҳиссиётларни жиловлаш ва ягона рационал қарашга бориш оғир бўлса?” деганида юз карра ҳақдир.
Қирғизистонлик журналистлар Эльмира Токтагулова ҳамда Салкин Абикадирова икки давлат чегарасидаги вазият холисона ёритилишини истаб, ижтимоий тармоқда ҳар икки мамлакат журналистларига мурожаат этган бўлса-да, баъзилар уларга, “нима учун биз сизга ишонишимиз, қулоқ тутишимиз керак, мен тармоқларда ёйилаётган видеоларга ишониброқ қарайман”, дейишмоқда.
Айнан мана шундай арзимасдек кўринган муносабат ва қарашлар омма орасида бир томонлама ҳиссиётлар пайдо бўлишига, шу туфайли можаролардан манфаатдор кучларнинг тегирмонига сув қуйилишига сабаб бўлишини айримлар илғамаяпти. Бу эса вақтида ҳал этилгандек кўрилгану, аслида мудраб ётган, ёддан кўтарилган таҳдидли вазиятларнинг бир учқун билан яна аланга олишига олиб боради.
Икки қардош давлатлар чегарасидаги низоли вазият сабаб ҳозирда ҳар икки томондан ҳам оддий маҳаллий аҳоли азият кўрмоқда. Қардош қўшни республикалар ва маҳаллий ҳукуматлар зиддиятни қанчалар тез бартараф этсалар, шунчалар дурустлиги кундай равшан.
Агар нохушликларнинг келиб чиқиш тарихига нигоҳ ташланадиган бўлса, у анча узоқ, ўтган асрнинг 20-30-йилларига бориб тақалади.
Гап шундаки, шўролар даврида Марказий Осиё республикалари миллий-давлат чегаралари шунчалик чалкаш ва эҳтимолки, қасддан ажратиб бўлмас даражада белгиланганки, агар жумҳуриятлар мустақил бўладиган бўлса, орада албатта низолар келиб чиқиладиган этилган.
Бундай таҳдидли зиддиятларни биз собиқ шўролар давридан сўнг нафақат Марказий Осиёда, балки Кавказда, Украинада, Прибалтика ўлкаларида ҳам учратишимиз мумкин.
Шўролар даврида Тошкентни Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғловчи халқаро аҳамиятга эга А376 трассаси, агар харитага назар солинадиган бўлса, ҳозирда ҳам бир қишлоқни икки бўлиб, шундай ўтганки, йўлнинг ўнг томони Тожикистоннинг олдинги Қистакўз, ҳозирги Хистеварз, чап томони Қирғизистонга қарашли Арка қишлоғи ҳисобланади. Бундай ҳудудлар ўнлаб километрга чўзилиб кетган.
Бу ерларда шўролар давридаёқ ва ё мустақилликнинг илк йилларида қирғизистонликлар Тожикистон ерида, тожикистонликлар Қирғизистон ҳудудида уй-жой, томорқали бўлиб кетишган ҳоллар кўп учрайди.
Бундай кўриниш ҳолатида ер-сув тақсимоти даврида одамлар орасида гап қочиш бўлиши табиий ҳол. Аммо буни давлатлараро, миллатлараро кескинликкача ўсиб боришига йўл қўймаслик ҳар икки томоннинг оқилона сиёсатига боғлиқдир.
Ўзбекистон Президенти бошлаб берган яхши қўшничилик сиёсати ва унга бағрини очган Тожикистон Президенти саъй-ҳаракатлари эса яқин келажакда Марказий Осиё давлатлари ҳудудларининг қадимий бирлиги, халқлар аҳиллигини таъминлашга қаратилган бўлиб, туб аҳоли эзгу манфаатларига хизмат қилади.
Ҳудудларда сунъий равишда урчитилаётган юқоридаги каби зиддиятлар эса умумўлка бирлигига таҳдид солишини ҳар икки лидер яхши тушунган ҳолда иш юритаётгани қувонарлидир.
Агар мавзуга, муаммоли масалаларга теран кўз билан қараб баҳо бериладиган бўлса, ўлкамизда юқоридаги каби низо ва таҳдидлар сақланаётган ерлар ҳали мавжуд бўлиб, уларнинг кескинликка ўсиб бориш эҳтимоли йўқ эмас.
Қадим юртимизнинг бирлиги ва ғолиб келажагини кўролмайдиган кучлар ҳали-ҳануз мавжудлиги ва ғаразли катта геосиёсий манфаатлар йўлида у ғаламислар ҳар қандай кичик сабаблардан катта ихтилофлар ясай олиш қудратига эгалигини назардан четда қолдирмаслигимиз зарур.
Айни пайтда икки қардош республика чегарасидаги низоли вазият, назаримизда, маълум муаммолардан фойдаланиб, четдан туриб қўзғатилган можародан бошқа нарса эмас.
Бугунги кунда Марказий Осиё республикалари орасида яхши қўшничилик алоқалари ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётган бир паллада кимлардир айнан шу аҳилликни кўролмаётгани, қандайдир кучларнинг маҳаллий муаммоларни давлатлараро, миллатлараро кескинликка бураётганлиги нафақат икки қўшни давлат, балки бутун минтақанинг келажагига очиқ таҳдиддир.
Вазиятнинг турли манбаларда ҳар тур таҳлил этилиши ва уларда қолдирилаётган изоҳлардан англашиладики, (эҳтимол, бузғунчи кучларга таҳлил эмас, айнан ўша изоҳлар ва улар ортидан қўзғаладиган можаролар ёқимлидир) дарҳақиқат, минтақа журналистлари маҳаллий ҳукуматлар ҳамкорлигида аҳоли орасида тўлақонли, асосли, ҳаққоний ва ишонарли мулоҳазаларни баён этишлари зарурдир.
Кимлардир бизнинг ўлка бирлигини ожизлантириш, дўстлигимиз илдизига болта уриш, минтақада миллатлараро тотувликни издан чиқаришни истаётгани, эндиликда кундек равшан бўлмоқда.
Эҳтимол, Марказий Осиёда “оловли ўчоқ” ҳақида бонг урган айрим таҳлилчилар шунга ишора қилаётгандирлар? Бундай таҳлилларни жаҳон интернет тармоқларида ўнлаб учратиш мумкин.
Тожик-қирғиз чегарасидаги зиддиятли кўринишдан ташвишланган ҳолатда тожик-ўзбек муносабатларининг бугунги ёрқин кўринишидан кўнгиллар ором олар экан, бу дўстликни кўролмайдиган ғаламислар Интернет ва бошқа воситалар орқали бирлигимизга рахна солишмоқчи.
Лекин бизнинг-ча, улар мақсадига етмай, гўё муз устига хат ёзмоқчи бўлишади. Агар ўлка ҳукумат ва мутасаддилари бу масалага янада чуқурроқ ёндашиб, зукко эътиборларини қаратса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Масалан, Тожикистонда Россиядан туриб, ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик, миллий ва диний адоватлар қўзғатувчи чақириқ ва қарашларни тарғиб этувчи бир киши устидан маҳкама жараёни ўтказилиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган бўлса, бошқа бир киши Хатлон вилоятида тожигу-ўзбеклар орасига ихтилоф солувчи ҳаракатлари туфайли маҳкамага тортилган.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам шу йил тожик матбуоти ташкил этилган кун арафасида зиёлилар орасида чиқиш қилар экан, дунё ва минтақадаги вазиятларга тўғри ва ҳаққоний баҳо бериб, миллий манфаатлар доирасида чуқур таҳлилий қарашларни баён этиб, ҳар тур ғаламис бегонапарастлар, хурофот ва таҳдидли кўринишларга муносиб жавоб бериб бориш зарурлигини таъкидлаган эди.
Айтиш жоизки, ўлкамиз халқлари дўстлик ва биродарлиги тарих имтиҳонидан ўтган. Халқларимиз эса юқоридаги каби ғаразли ҳаракатларга қарамай, улар ҳамиша ёндош, қардош бўлишган ва шундай бўлиб қолаверади.
Бугунда биз зўр қувонч билан таъкидлашимиз зарурки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Тошкентга ташрифлари чоғида ҳар икки раҳбарлар бир-бирларини ака-ука кўриб, бағирларига босганча “Энди орамизда ҳеч қандай муаммоли вазиятлар йўқ, барчасига барҳам берилди”, дейишганлари юртимизнинг катта-кичиги қалбида порлаган қуёш бўлди, бу қуёш абадулабад порлайверади.
Равшан Шамс,
тожикистонлик журналист
Манба: ЎзА
