• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • Туркия-Сурия: Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Туркия-Сурия: Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи?

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи? - Суриянинг Туркия ҳужумга тутаётган ҳудудларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам сақланаётган бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, амалиётлар аллақачон Тожикистоннинг ўз фуқароларини ортга қайтариш режасини чиппакка чиқарган.

"Озодлик" Тожик хизматининг ёзишича, Туркиянинг қуруқликдаги амалиётлари боис, тожикистонлик дипломатларга Сурияга кирмай туришлари маслаҳат берилган.

Энг сўнгги халқаро ҳисоботларда Сурия ва Ироқда ИШИД сафларида жаъми 1500 нафар ўзбекистонлик жангарининг жанг қилгани ишонилган.

Ўзбек жангарилари ва жангарилиги табиатини яқиндан ўрганган экспертлар уларнинг анчайин оилапараст эканликларига диққат қаратишган.

Аммо шу пайтгача имконли бўлган бирор бир расмий ёки мустақил манбада Яқин Шарқда бўлган ўзбекистонлик хотин-қиз ва болаларнинг сонларига оид аниқ рақамлар имконли бўлмаган.

Ўзбекистон шу йил май ойида илк бор айнан Суриядан 160 га яқин фуқаросини ортга қайтарган.

Улардан аксариятининг хотин-қиз ва болалар экани кўрилган.

Ортга қайтарилганларнинг Сурияда аниқ қайси жамлоқларда тутиб турилишгани, ортда яна қанча Ўзбекистон фуқаросининг қолганига оид тафсилотлар ўшанда расмий хабарларда ўз ифодасини топмаган.

Аммо улардан айримлари билан Тошкентда уюштирилган телевизион суҳбатлардан Сурияда қолган тақдирдошларининг сонлари "озмунча эмас"лиги англашилган.

Яқин Шарқ ва ўзбекистонликлар

Бунинг ортидан, "MY5" телевизион каналида берилган кўрсатувда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вазиятга анчайин ойдинлик киритгандек бўлган.

Усмонхон Алимов Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларида қолаётган 3 мингга яқин ўзбекистонлик ҳам ортга қайтарилишини маълум қилган.

"Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича 3 минг атрофида, уларни яна чиқариб олиб келамиз", - деган. Аммо ҳисоб-китоблари манбасини очиқламаган.

Ўзбекистон муфтийси, шунингдек, уларнинг айнан кимлардан иборат экани, ораларида жангарилари ҳам бор-йўқлиги тафсилотларига ҳам тўхталмаган.

Умумиятла Яқин Шарқ дер экан, Усмонхон Алимов, "уч мингга яқин ўзбекистонлик" айнан қаерда тутиб турилгани ва кимнинг назорати остида эканига ҳам ойдинлик киритмаган.

ИШИД мағлубияти ортидан, 2017 йилда Яқин Шарқдаги ўзбекистонлик жангарилар сонини эълон қилган Американинг "Soufan" тадқиқот маркази эса, улардан ортга қайтганлари борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини ҳам эътироф этганди.

Агар, орада кечган вақт давомида минтақадан олинган хабарларга таянилса, Сурияда қўлга олинган ёки таслим бўлган чет эллик жангариларнинг оилалари ҳам ИШИД назорати остидаги ҳудудлардан қочиб чиққан маҳаллий аҳоли қатори турли қуролли гуруҳлар назорати остидаги учта лагерда тутиб турилишган.

Буларнинг "Ал-Ҳол", "Ар-Рож" ва "Айн-Исса" лагерлари экани айтилган.

Имконли бўлган бошқа хабарлардан эса, эркакларнинг алоҳида сақланаётгани англашилган, аммо уларнинг сони, миллати, қай бир давлат фуқароси эканига оид аниқ маълумотлар имконсизлигича қолганди.

Ўзбекистон ҳукумати куни-кеча барчаси вояга етмаган болалар бўлган олтмишдан ортиқ фуқаросини Ироқдан ҳам ортга қайтарган.

Улар ота-оналарининг жангларда ҳалок бўлишгани ёки Ироқ қамоқхоналарида ўз жазо муддатларини ўташаётгани маълум бўлган.

Айниқса, Сурия билан боғлиқ дастлабки "Меҳр" инсонпарварлик операциясининг қанчалик осон кечмаганини ҳатто Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам расман эътироф этганди.

Сурия, лагерлар ва тутқунлар

Аёллар
Фото муаллифлик ҳуқуқиAFP

"Озодлик" Тожик хизматининг ёзишича, Туркиянинг курд Сурия Демократик Кучларига қаратилган ҳарбий амалиётлари сабаб, "Ар-Рож" ва "Ал-Ҳол" лагерларидаги тожик аёллари очарчилик ва ўлим хавфи остида қолишган.

"Йўллар ёпиқлиги боис, лагер ва унинг ён-атрофидаги ҳудудларда озиқ-овқат заҳиралари жадаллик билан тугаб бормоқда".

Би-би-си Ўзбек хизмати мустақил манбалар орқали бу хабарларни тасдиқлай олганича йўқ.

Шунингдек, Би-би-си Ўзбек хизматининг Суриядаги лагерларда сақланаётган ўзбекистонликларнинг бугунги тақдири ва ҳозирги ҳолатларига ойдинлик киритиш уринишлари ҳам ҳозирча самара бермаган.

Хизмат боғланган манбалар жорий пайтда бу ҳақда ишончли хабарларнинг ўзи имконсиз эканини айтишди.

Расмий Тошкент ҳам Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида бу ҳақда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Аммо куни-кеча амалга оширилган "Меҳр-2" операцияси фонида бирор бир Ўзбекистон фуқароси тақдирнинг измига ташлаб қўйилмаслигини баён қилганди.

Ироқдан олтмишдан ортиқ ўзбекистонликнинг ортга қайтарилиши эса, Туркия Сурия ҳудудига кириб боришидан кун ўтиб амалга оширилган.

Расмий хабарлардан Ўзбекистоннинг "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти бундан буёғига ҳам давом этажаги англашилганди.

Сурия, курд кучлари ва Ўзбекистон

Сурия ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини илк бор шу йил бошида билдирган.

Бу ҳақда айнан Сурия курдлари Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф Россиянинг "Новости" ахборот агентлигига берган суҳбати чоғида тўхталиб ўтган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишган.

Вакил курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр эканлигини айтган.

Аммо, "Бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ", деганди.

Улар орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги номаълум қолган.

"Новости" ахборот агентлиги хабарида Ршад Биенафнинг ҳам бу мамлакатлар номини очиқламагани кўрилганди.

Бу хабарга расмий Тошкентнинг муносабати ҳам ноаён қолган, аммо орадан тўрт ойча ўтиб, Ўзбекистон ўзининг илк "Меҳр" инсонпарварлик амалиётини амалга оширган, 160 га яқин фуқаросини Суриядан ортга қайтарган.

Тошкентга қайтарилганлардан айримлари эса, ўшанда телевизион суҳбатларида сўнгги пайтларда ўзларининг айнан курд кучлари қўл остида тутиб турилганликларини ҳам айтишганди.

"Айн-Исса" лагерида нима гап?

Сурия
Фото муаллифлик ҳуқуқиAFP

Туркиянинг ҳарбий амалиётлари сабаб, лагердан қочиб қолганларга оид хабар тафсилотлари келишда давом этмоқда.

Аммо уларнинг сонларига оид рақамлар бир-бирига қарама-қарши.

Агар, мониторинг гуруҳи ҳисоб-китобларига таянилса, "Айн-Исса"дан 100 нафар маҳбус қочган.

Курд масъуллари эса, бу рақамни қарийб 800 га нисбат беришмоқда.

Қочганлар барчасининг ИШИД жангари гуруҳининг чет эллик аъзолари эканини айтишмоқда.

"Айн-Исса"да 12 мингга яқин одам сақланган.

Уларнинг орасида жиҳодчиларга алоқаси бўлган мингга яқин аёл ва бола ҳам бўлган.

"Save the Children" жамғармасининг айтишича, ҳозир лагерда бирор бир хорижлик аёл қолмаган.

"Ниқоб ва мотоциклда бўлган чет эллик эркаклар лагерь атрофида айланиб юришибди".

Би-би-сининг Араб масалалари бўйича муҳаррири Себастьян Ашернинг айтишича, агар, бу хабарлар тасдиқланса, уларнинг қаерга йўл солган бўлишлари номаълум.

Аммо, унга кўра, бу каби хабарлар Туркиянинг ҳарбий амалиёти қаршисида Сурия курдлари ўзлари тутиб турган минглаб ИШИД маҳбуслари хавфсизлигини кафолатлай олмайди, деган хавотирларни янада асослайди.

Сурия Демократик Кучларининг баён қилишича, жорий пайтда ўз назоратлари остидаги ИШИД маҳбусларининг сони 12 мингдан ортади.

Улардан камида 4 минг нафари чет эл фуқаролари бўлишади.

Бу маҳбуслар сақланаётган жаъми етти лагердан айримларининг айнан Туркия билан чегарага яқин экани ишонилади.

ИШИД эса, ўтган шанба куни Сурияда ўзининг янги ҳарбий амалиётини эълон қилган.

Бу - ўз аъзоларининг курдлар қўл остида тутиб турилишига жавоб эканини айтган.

Сурия ва ўзбек жангарилари

Жиҳодчи
Фото муаллифлик ҳуқуқиHTTP://BUHORIY.COM/

Биз Суриядаги ўзбек жангарилари ва ўзбек жангари гуруҳларининг бугунги тақдирига ойдинлик киритиш учун Би-би-си Мониторинг гуруҳининг Жиҳодчилар медиаси бўйича раҳбари Мина Аламий билан ҳам боғландик.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, жорий пайтда ўзларига ўзбек жангариларининг битта бўлинмаси ҳалиям фаол экани маълум.

"Улар ҳозир катта эҳтимол билан Суриянинг шимолий Идлиб вилоятида. Ўзбек жангарилари у ердаги "Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" гуруҳини дастаклашади. Одатда улар билан бир сафда жанг қилиб келишади", - дейди у.

Экспертга кўра, Сурияда ИШИД жангари гуруҳининг аъзолари бўлган ўзбек жангарилари ҳам ҳали-ҳануз топилади.

Аммо ҳар икки гуруҳ мисолида ҳам уларнинг аниқ сони имконсиз, дейди у.

Мина Аламийга кўра, минтақадаги мавжуд вазият сабаб, Суриянинг курдлар назорати остидаги жамлоқларда бўлган ўзбекистонликлар сонига ойдинлик киритиш ҳам имконсиз бир ишдир.

Бу борада бирор бир рақам айтилган тақдирда ҳам, улар тахминдан ўзга нарса бўлмайди, дейди у.

Орада айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларда Марказий осиёлик жангарилар оилаларининг асосан "Ал-Ҳол" лагерида сақланишаётгани айтилган.

Бу хабарларда у ердаги ўзбекистонлик аёллар ва болаларнинг сонлари 150 дан 500 нафаргача, деб айтилган.

Аммо бу хабарларни ҳам бирор бир томондан расман тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Суҳбатдошимизга кўра, "Айн-Исса" лагеридан қочган хорижликларнинг айнан қай бир давлат фуқаролари эканликлари ҳам ҳозирча маълум эмас.

Аммо, унинг айтишича, воқеаларнинг бу каби ривожи аллақачон халқаро ҳамжамиятни хавотирга солмай қўймаган.

Суҳбатдошимизга кўра, агар, агар онлайн мулоқотларига таянилса, лагердан қочганларга эркинликда бўлган жиҳодчилар аллақачон ўз ёрдамларини таклиф қилишни бошлаган.

"Биз билан алоқага чиқинг, олиб чиқиб кетиш, бошпана топишда кўмак берамиз, дейишмоқда".

"Биз воқеаларнинг ривожини кузатиб турибмиз. Ишончли бир маълумотга ҳам кўз тикиб ўтирибмиз", - дейди у.

Ўзбекистоннинг ўзида бундан аввал ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Ўзбек жангарилари Сурия ва Ироқда яна "Имом Бухорий" катибаси ҳамда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи таркибида жанг қилиб келишган.

Орада айрим Ғарб нашрларида имконли бўлган хабарларга таянилса, ҳозирга қадар Ироқ қамоқларида сақланган Марказий Осиёлик жангари эркаклар ва аёллар судланиб, жазога тортилган.

Ироқ қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган фуқаролари борасида расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча имконли эмас.

Аллақачон ортга қайтарилганларига келганда эса, президент Шавкат Мирзиёев "конституция кўзда тутса-да", уларга қарши бирор бир чора кўрилмаслигини баён қилган.

Бу инсонларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгитдан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилиши айтилган.


Манба: BBCUZBEK.COM


Back to the list