Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон-Россия: Мигрантнинг дардини ким эшитади?

Москва шаҳрида ҳар ойда 800 дан зиёд муҳожир полиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан ҳуқуқ ҳимоячиларига арз қилади.

Уларнинг учдан бири ўзбекистонликлардир.

Полиция ва муҳожир тўқнашуви Россия ҳаётидаги одатий кўринишлардан бири. Бу муносабат аксар ҳолларда зиддиятли. Полиция меҳнат муҳожирларининг хужжатларини текшириш важидан уларни «безовта» қилса, мигрантлар уларга нисбатан ўта қўпол муносабатдан жабр кўраётганликларини айтишади.

"Аммо бу масалада ўзбекистонлик шикоятчилар кўпинча ишни охиригача олиб боришмайди. Биз текширув ишларини бошлаб, муаммони ечишга ҳаракатлар бошлаймиз. Ариза ёзиш ёки бирон бир давлат ташкилотига ёзма мурожаат қилиш керак бўлаётган пайтда улар нимадандир қўрқиб, охирига етказмасдан «қўйинглар, менга муаммо бўлмасин», деб фикридан қайтиб қолишади, - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар айнан Ўзбекистон фуқаролари мурожаатларида кўп учрайди

"Бизнинг халқимизда шижоат йўқ, қўрқоқлик бор", - дейди ҳуқуқшунос.

Муҳожирлар эса полиция ёки кучишлатар тизимлар ходимлари билан ҳақ бўлса-да, баҳслашиш бефойда эканлигини айтишади.

Би-би-си ўзбек хизмати мухлислари ўзлари тасвирга олган полиция билан тўқнашув акс этган бир неча кадрларни тақдим қилишди. Аммо видеолавҳа учун суҳбатлашишни рад этишди.

Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад Россиядаги меҳнат муҳожирларига айни мавзуда мурожаат қилди.

"Юртдошларимиз аввалгидек ҳимоясиз эмас. Кейинги йилларда миграция агентлиги, элчихона ва мигрантлар учун юристлар ишлаяпти, уларга ёрдам беришга ҳаракат қилинаяпти. Озгина суянчиқ борлигини ҳис қилайлик", - дейди юрист.

Статистик маълумотларга кўра, Россияда расман 2 миллионга яқин ўзбекистонлик ишламоқда. Таҳлилчилар яна шунча норасмий юрган муҳожирлар борлигини айтишади.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан ҳар йили ўртача 4 млрд АҚШ доллари миқдорида пул юборишади.

Ватани иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшаётганига қарамай, ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда ҳамон энг ҳақ-ҳуқуқсиз аҳволда.

Россиянинг турли ҳудудларида вақти-вақти билан полиция идораларининг мигрантларни текширишга қаратилган рейдлари авж олади. Меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш, ноқонуний мақомдагиларни жаримага тортиш ёки мамлакатдан чиқариб юборишга йўналган бу текширувларда асосий нишон ўзбекистонлик мигрантлар эканлигини кўриш мумкин.

Мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқиSOCIAL MEDIA

Рейдлар сабаб Москва полиция маҳкамасида 2 соат "ўтириб" чиққан Собиржон исмли меҳнат муҳожири "шундан буён нақд пул олиб юрмайман, айб топиб олиб қўяди", дейди.

"Кунора ишга кетаётганимда йўлимни тўсишади. Ҳужжатларим жойида бўлишига қарамай, текшириб ҳам қўйиб юбораверишмайди. Авваллари маҳкамага олиб боришарди, ҳозир мени таниб қолишган. Барибир, тўхтатиб вақтимни олишни канда қилишмайди. Уларни дастидан неча марта ишга кеч қолиб, гап эшитаяпман, жарима тўлаган вақтларим ҳам бўлаяпди", - дейди Сарвар исмли меҳнат муҳожири.

Яна бир муҳожир Саидаъзамнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари ҳар куни кечки пайт (муҳожирлар ишдан қайтадиган маҳал) метронинг ер ости йўлагида кутиб туришади. Кўзларига соддароқ кўринган муҳожирларни тўхтатиб, хужжат текширишни бошлашади.

"Тўғри, сохта хужжат билан юраман, - дейди у. - Ҳар гал тўхтатишганда "қандай келишамиз?" деб сўрашади. Мен эса индамай чўнтакларига 100 рубл солиб қўяман, бўлди. Бир куни, бугун пулим йўқ, бир пачка сигаретимни бераман дегандим, кўнишди".

"Россия ички ишлар ва бошқа куч ишлатар тизимлар ўз ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан хабардор, аммо уларни хаспўшлашга ҳаракат қилади", - дейди ўзбек фаолларидан бири.

Ҳуқуқ фаоллари муҳожирлар ва полиция орасида зиддиятли муносабат мавжудлигини тан олади.

"Ички Ишлар Вазирлиги фаолияти билан боғлиқ ҳеч бир масала полиция фаолиятичалик баҳсларни келтириб чиқармайди", -деб айтган РФ Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Кенгаш аъзоси Андрей Бабушкин.


Манба: BBCUZBEK.COM


Back to the list