• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • Тожик-ӯзбек чегарасидаги заставага ҳужумдан бир ой ӯтиб: тунги ҳужумда болалар нима қилишган? Жангарилар Ўзбекистонга ўтмоқчи эдими?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Тожик-ӯзбек чегарасидаги заставага ҳужумдан бир ой ӯтиб: тунги ҳужумда болалар нима қилишган? Жангарилар Ўзбекистонга ўтмоқчи эдими?

Asia plusТожикистоннинг Ӯзбекистон билан чегараси яқинидаги «Ишқобод» чегара заставасига қуролли ҳужумдан сӯнг бир ой ӯтди. Лекин маҳаллий кузатувчилар фикрича, террорчилик амали деб баҳоланган бу ҳодиса ҳақида бир-бирига қарама-қарши маълумотлар пайдо бӯлмоқда.

Дастлабки расмий хабарларга кӯра, «Ишқобод» чегара заставасига қуролли ҳужум, 6- ноябр, Тожикистон Конститутсияси байрами кунида, ярим тунда амалга оширилган. Худди шу маълумотда террорчилик ҳужумида 20 киши иштирок этгани, қуролли отишмада ҳужумчилардан ӯн беш нафари ӯлдирилгани, беш киши, жумладан, уч аёл ҳибсга олингани айтилганди.

Террорчилар томонидан бир чегарачи ва яна бир нафар милисия ходими ӯлдирилгани айтилганди. Террорчиларнинг Афғонистондан ӯтиб келишгани иддао этилганди.

Аммо

Орадан уч кун ӯтмасдан террорчилик ҳужумида ҳалок бӯлган чегарачилар сони кӯпроқ эканлиги маълум бӯлди. Оммавий ахборот воситаларида биргина Суғд вилоятида Ишқободда ҳалок бӯлган уч чегарачининг тупроққа топширилгани борасидаги хабарлар пайдо бӯлди. Уларнинг бири Конибодом шаҳрида туғилган офицер, қолган икки нафари Панжакент шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманида ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар бӯлган. Улардан ташқари мамлакатнинг жанубида яшаган бошқа бир чегарачининг тунги ҳужумда ҳалок бӯлгани ҳам айтилганди. Ва ҳаммаси бӯлиб 5 нафар чегарачи, бир нафар милиция ходими ҳалок бӯлгани маълум бӯлди.

Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар эса, Тожикистоннинг расмий сайтида берилган суратлардан бири синчиклаб кӯрилганда, ҳалок бӯлган ҳужумчининг қӯлида кишан борлигига эътибор беришган. Улар ӯлдирилган ҳужумчининг қӯли кишанлангани савол остига олишган . Ижтимоий тармоқнинг бошқа бир фойдаланувчилари эса, ҳужумда қатнашган деб айтилаётган аёллар уй шиппагида эканлигининг ӯзиёқ савол туғдиради, дейишган.

Орадан кӯп ӯтмай расмий сайтдаги суратлар олиб ташланган.

Чегара заставасига ҳужумдан кӯп ӯтмасдан расмийлар қӯлга тушган ҳужумчилар ӯзларининг Афғонистоннинг Қалъаи Зол туманидан ӯтиб келганликларини билдирганликларини маълум этишган. Улар Тожикистоннинг Қабодиён туманида тунги пайтда чегарани бузиб ӯтганликлари учун, чегарачилар сезмай қолишгани айтилган. Айни бир пайтда Афғонистон томони террорчилар ӯтган деб гумон қилинаётган ердаги чегара улар томонидан қаттиқ қӯриқланишини иддао этишган.

Янги маълумотлар?

Террорчилик ҳужумидан сӯнг йигирма кун ӯтгач, ҳужумчилар сони ҳақида янги маълумот сизиб чиққан. Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири бу ҳужумда 13 нафар вояга етмаган бола ҳам иштирок этганини айтган. У бу ҳақда Душанбеда бӯлиб ӯтган «Оилани мустаҳкамлаш - ҳуқуқий жамият асоси» мавзусидаги конференсияда гапирган. Унга кӯра «Ишқобод» чегара заставасига ҳужумда 9 нафар эркак, 11 нафар аёл ва яна 13 нафар тӯрт ёшдан ӯн беш ёшгача бола қатнашган.

Гарчи ҳужумчиларнинг бири ӯн беш ёшли бола эканлиги айтилган бӯлса-да, лекин қолган болаларнинг бу ҳужумдаги вазифаси, айниқса, тӯрт ёшли боланинг нега ярим тунда террорчилар сафида бӯлганлиги очиқланмаган.

Лекин хавфсизлик хизмати ходими ҳужумчиларнинг ҳаммаси Суғд вилоятидан бӯлганлиги, улар ӯзига тӯқ оилалардан бӯлганликларини айтган. У террорчилар гуруҳи раҳбари - Шуҳрат Ғафуровнинг бойлиги миллион сомоний (юз минг АҚШ долларидан кӯпроқ) баҳоланганини айтган.

Кузатувчиларга кӯра, ҳужумчиларнинг аксарияти Душанбе ва Хӯжанддаги бозорларда савдо қилишган.

Хавфсизлик хизмати ходимига кӯра, ҳужумчилар ҳужумдан бир ой олдин Душанбега келишган ва бир уйда ӯттиз киши яшаган. У милисия нозири ва коммунал хизмат вакили бу ҳақда билган бӯлсалар-да, зарур эътибор беришмаганидан ташвиш билдирган.

Террорчилик ва порахӯрлик

AFP/TAJIKGOVERNMENT
Фото муаллифлик ҳуқуқиAFP/TAJIKGOVERNMENT

Кузатувчиларга кӯра, хавфсизлик ходимлари оила мустаҳкамлигига қаратилган конференцияда айтган гаплари аввалги расмий хабарларга зид келган.

«Террорчилик ҳужумининг эртасига террорчилар Афғонистоннинг Зол туманидан ӯтиб келишгани, кейин машиналарда 300 километр масофа босиб ӯтиб Душанбенинг шундай биқинидаги Ишқободга келишгани айтилганди. Гӯё тириклай қӯлга олинган ҳужумчилар 3 ноябр тунида чегарадан ӯтишганини айтишган. Тӯғри, Тожикистон ва Афғонистон чегараси узун ва яхши қӯриқланмайдиган мавзелар бор. Лекин айнан Қабодиёнда йигирма кишилик террорчилар гуруҳининг чегарачилар нигоҳидан четда колиб, чегарадан бемалол ӯтиб кетишларини тасаввур қилиш қийин. Энди улар бир ой олдин Тожикистоннинг ӯзидаги Суғд вилоятидан келиб, Душанбеда яшашгани айтилмоқда», деди исмини ошкор этмаслик шарти билан истеъфодаги собиқ ҳарбий хизматчи.

«Мен кейинги маълумотлар билдирилганча, террорчиларнинг уч юз километрлик йӯлда ҳеч ким томонидан тӯхтатилмасдан ва текширилмасдан ӯтиб келишларига ишонгандим, - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов. - Чунки мамлакатда коррупция илдизлари қирқилмас экан, пулга ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин. Замоннинг энг ёмон иллати бӯлган террорчиликка ҳар томонлама курашни авж олдириш зарур. Лекин порахӯрлик бор экан, бу курашнинг тӯла самара бериши қийин».

У шундай дея Қайроққум (ҳозирги Гулистон) шаҳридаги муваққат ҳибсгоҳга бӯлган ҳужумни эслатди. Ӯшанда Тожикистонда террорчи деб эълон қилинган ташкилот аъзоларидан бири ҳибсда сақланаётган укасини қутқариш учун соқчи милиция ходимига беш сомоний ( ӯша пайтда бир АҚШ долларига тӯғри келарди) беради ва уни ҳибсгоҳ эшигини очишга кӯндиради. У ичкари киргандан кейин 21 ёшли милиция ходимини ӯлдириб, укасини олиб қочади. Бу ҳодиса бундан ӯн уч йил олдин - 2006-йил январида содир бӯлганди.

"Энди йӯлда текширадиган ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ходимларига беш сомоний эмас, беш минг, ана боринг, беш юз доллар таклиф қилишса, нима қилишларини ӯйлаб кӯринг", деди кузатувчи.

Ҳужумчилар Ӯзбекистонга ӯтмоқчи бӯлишганми?

Расмийларга кӯра тергов пайтида «Ишқобод» чегара заставасига ҳужум пайтида қӯлга олинганлар ӯзларининг «Ислом давлати» деб аталаётган Тожикистонда таъқиқланган террорчилик ташкилотига аъзо эканликларини айтишган. Кейинроқ «Ислом давлати» гуруҳи бу ҳужумни ӯз зиммасига олган.

Лекин шу пайтгача чегара заставасига ҳужумнинг асл мақсади очиқланмаётир. Натижада, кузатувчиларга кӯра, ҳар хил тахминлар ӯртага чиқмоқда.

Ломоносов номли Москва Давлат университетининг Душанбедаги филиали доценти, сиёсатшунос олим Глеб Коваленко фикрича, чегара заставасидаги воқеа мамлакат ичида яшаб, қулай фурсат кутиб турган террорчиларнинг ҳужумидир.

"Агар террорчиларнинг ҳаммаси Тожикистонда яшаганликлари ҳисобга олинса, бу шунчаки фараз эмаслигини англаш мумкин.Улар ҳамма ерда, Россия ва Европада ҳам яшириниб, иш кӯришади", деган сиёсатшунос. Террорчилар мамлакат ичкарисида яширин ҳаракат қилиб, истаган нуқталарига етиб боришлари борасида билдириб қӯйишмоқчи бӯлди, деган у.

Ӯтган 2018 йил ёзида Тожикистон жанубидаги Данғара туманида саёҳатчиларга қилинган террорчилик ҳужуми ҳақида ҳам айнан шу фараз илгари сурилганди. Лекин Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари тӯрт нафар хорижий сайёҳнинг ӯлимига сабаб бӯлган террорчилик ҳужумида Тожикистонда таъқиқланган ва террорчи ташкилот деб эълон қилинган ислом тикланиш фирқасининг қӯли борлигини иддао этишганди.

Жаноб Коваленкога кӯра Ишқободдаги воқеа Тожикистонни эмас, балки Марказий Осиёдаги барча давлатларни, жумладан, Ӯзбекистонни ҳам ҳушёр торттириши зарур. Тадқиқотчи фикрича, Ӯзбекистон чегарасига яқин ҳужумдан мақсад террорчилар Ӯзбекистонга ва бутун Марказий Осиёга ӯзларининг борликларини кӯрсатиб қӯймоқчи бӯлишган.

Тожикистонлик Марказий Осиё бӯйича таҳлилчи Худойберди Холиқназар қуроллилар аслида Ӯзбекистонга ӯтиб кетмоқчи бӯлиб, чегара заставасига ҳужум қилишган, деган. Марказий Осиё ва Хитойни ӯрганиш ижтимоий маркази директори Худойберди Холиқназар фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги йиғилиши арафасида Ӯзбекистонда террорчилик амалига қӯл урмоқчи бӯлишган. У бу фикрини Халқаро мунозара клубининг Осиё конференциясида билдирган.

«Тергов пайтида террорчилар «Ислом давлати» гуруҳининг янги халифасига қасам ичишган ва ӯзларини унинг ғояларига содиқлигини кӯрсатиб қӯймоқчи бӯлишганини айтишди", деган Худойберди Холиқназар.

Лекин бошқа таҳлилчилар унинг фикрига қӯшилмаётирлар. "Агар Ӯзбекистон чегаралари қаттиқ қӯриқланиши ҳисобга олинса, йигирма кишилик катта гуруҳнинг яна ӯн учта бола билан қӯшни мамлакатга ӯтишга уринишини ақлга сиғдириш қийин", деган истеъфодаги ҳарбий зобит.

Айни бир пайтда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири муовини Игорь Моргулов тожик-ӯзбек чегарасидаги «Ишқобод» чегара заставасига ҳужум Афғонистондаги хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратшни талаб этади, деган. У бу ҳақда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида БМТ ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ӯтказган тадбирда гапирган.

"Ислом давлати" деб аталмиш гуруҳнинг Тожикистондаги чегара заставасига ҳужуми минтақада террорчилик хатари мавжудлигини тасдиқлади ва террорчиларни таъминлаб турган манбалардан бири бангивор моддалар савдосидан тушаётган фойдадир", деди Игорь Моргулов.

У Афғонистонда тинчлик ӯрнатиш Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фазосида хавфсизликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан эканлигини таъкидлади.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Бишкекдаги Коллектив хавфсизлик шартномаси давлатлари раҳбарлари йиғилишида қатнашар экан, террорчиликнинг ошиб бораётган хавфидан ташвиш билдирди. У мавжуд вазият ҳисобга олинган ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномасининг барча аъзолари аср хатарига қарши кучларини бирлаштиришлари зарур, деди.

Жанозада ҳам огоҳликка чақирилмоқда

Тожикистон Уламолар кенгаши ҳам «Ишқобод»даги воқеага ӯз муносабатини билдирди. Кенгаш раҳбарлари фикрича, чегара заставасига ҳужум Тожикистон душманлари томонидан хорижда режалаштирилган. "Буларнинг ҳаммаси мамлакатимиз душманларининг яширин айғоқчилари томонидан ижро этилган режалари эканлиги маълум", дейилган Уламолар кенгаши баёнотида.

Уламолар кенгаши Тожикистон аҳолисини ҳушёрликка, огоҳликка чақирган. Ҳозирда имомлар фақат масжидларда эмас, ҳатто жаноза пайтида ҳам террорчилар ҳужумларидан сақланиш, кӯчалар ва маҳаллаларда бегоналар пайдо бӯлганда тегишли ташкилотларга хабар бериш борасида гапиришмоқда.

Айни бир пайтда маҳалла раислари, милиция нозирларининг фаолияти сустлиги танқид қилинмоқда. Кузатувчиларнинг айтишларича, террорчи деб кӯрилаётган кишиларга уйини ижара берганлар, уларнинг болалари ӯқиган мактаб директорлари, ӯқитувчилар ҳам сӯроққа чақирилмоқда.

"Воқеа 6-ноябрда кузги таътил пайтида юз берди. Таътил пайтида биз ӯқувчиларнинг қаердан, нима иш қилаётганликларига жавоб бермаймиз. Бунинг учун ота-она масъулияти бор", деди Суғд вилоятидаги мактаблардан бирининг муаллими.

Тожикистонда ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулияти борасида махсус қонун бор. Лекин шунга қарамай, Ишқобод воқеасидан кейин ота-оналар болалари ӯкийдиган мактабларга бориб, ӯқишдан ташқари пайтда фарзандлари учун ӯзлари жавоб беришлари борасидаги ҳужжатларга имзо чекишмоқда. Бу имзо чекиш ҳақида гапирган икки фарзанди мактабда ӯқийдиган ота "Нима ӯрмонга ӯт кетса, ҳӯлу қуруқ баравар ёниши керакми", дея ёзғирди.

"Мамлакат, жумладан ӯз оиласи хавфсизлигини сақлаш учун лоқайд бӯлмаслик, ҳушёр, огоҳ бӯлиш яхши. Лекин яна бир марта такрорлайман - коррупция, порахӯрлик йӯқотилмас экан, бошқа иллатлар каби террорчиликка қарши курашда ҳам кӯзланган натижага эришиш қийин», деди кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Манба: BBCUZBEK.COM


Back to the list