- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Tahlill
- Бандлик бўйича хусусий секторларга ваколат берилди
Бандлик бўйича хусусий секторларга ваколат берилди
Аҳоли турмуш даражаси фаровонлигига эришишда муҳим жиҳатлардан бири аҳоли иш билан бандлигининг юқори даражада бўлиши билан характерланади. Ўзбекистонда шу кунга қадар меҳнат ресурсларини иш билан банд қилишга маълум ҳақ эвазига кўмаклашиб келаётган тузилмалар мавжуд бўлса-да, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосини белгилаб берувчи махсус қонун мавжуд эмас эди.
Айнан шу йўналишда ҳукуматимиз томонидан “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Ушбу қонун илк бор 2017-2021 йиллар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг 207- бандига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, 2018 йилнинг 17 октябридан кучга кирди. Унга мувофиқ, xусусий бандлик агентликлари иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш иш берувчиларга кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳатлар хизматларини берувчи тижорат ташкилотидир.
Глобал меҳнат бозори ва ривожланган мамлакатлар меҳнат бозорига эътиборимизни қаратсак, давлат иш билан бандлик хизмати органлари билан бир қаторда нодавлат бандликка кўмаклашиш хизмати тузилмаларининг ривожланганлигини кузатамиз.
Таъкидлаш жоизки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудлардаги бўлимларига 2018 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 555 мингдан ортиқ киши иш сўраб мурожаат қилган. Шундан 218,8 минг кишигина ишга жойлаштирилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев шу ҳақда тўхталиб ўтди:
– Эндиликда фуқароларни ишга жойлаштириш вазифаси хусусий тадбиркорлик субъектларига қанчалик кўп ишониб топширилса ва улар кўп қиррали фаолият юритса, вазирлигимиз иш фаолияти ҳам шу қадар самарали бўлишига ишонаман. Шунинг учун ҳам вазирлик хусусий бандлик агентликларининг ишга жойлаштириш ишга жойлаганлик учун даромад қилиш каби фаолиятида чеклов қўйилиши нотўғри, деб ҳисоблайди. Жумладан, хорижий мамлакатларга ишга жойлаштиришда ҳам;
– Фуқароларни хорижга ишга жўнатиш, жойлаш масаласида давлат томонидан шу вақтгача хусусий секторларга ҳеч қандай ваколат берилмаган, – дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими Абдуваҳоб Қулманов. – Бу эса, хоҳлаймизми-йўқми, одам савдоси ва коррупция каби иллатларга катта имконият ва шароит яратиб берар эди;
– Мамлакатимизда шу кунга қадар хусусий бандлик йўналишида бирор хужжат мавжуд эмас эди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистранти Дилнур Аъзамов. – Миллий меҳнат бозоримизда давлат сиёсатининг устуворлиги ва аҳолини иш билан банд қилиш чора-тадбирларининг асосан давлат томонидан ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини асосий сабаб сифатида баҳолаш мумкин. Шундай бўлса-да, баъзи манбаларда умумий маълумотлар келтирилган.
Хусусан, “Тадбиркорлик ва ишга жойлаштириш технологияси” номли ўқув қўлланмада “меҳнат бозори инфратузилмасида иш билан бандлик хизматининг нодавлат тузилмаларига ходимларни танлаш бўйича агентликлар (рекрут агентликлари), тижорат меҳнат биржалари, интернет тармоғидаги биржалар киради”, дейилган. Ҳар бир янгилик амалиётга татбиқ этилишидан маълум мақсад кўзланади. Макродаражада бу масалага қарасак, Ўзбекистон меҳнат бозорида нодавлат иш билан бандликка кўмаклашиш хизмати таркибига кирувчи, мустақил фаолият кўрсатувчи рекрутинг агентликлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий самарага олиб келиши кузатилган тажрибадир.
Рекрутинг агентликлари эса ҳар бир “мижоз”га индивидуал ёндашув ва хизматлар таклиф этиши билан устунликка эга бўлади. Бундан ташқари рекрутинг агентликлари фаолиятининг ривожланиши жамият аъзолари орасида меҳнат ва меҳнат бозори борасида янгича қараш ва фикрлар шаклланишига таъсир этмасдан қолмайди, яъни аҳоли орасида ижтимоий фикр шаклланишига туртки беради.
Бугунги кунда вазирлик ва хусусий бандлик агентликлари олдида турган муҳим вазифалардан бири айнан шу каби муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликда ишлаш, қолаверса, мавжуд бўш иш ўринлари шаффофлиги ҳамда уларга хусусий бандлик агентликлари ҳам ишга жойлаш ҳуқуқига эга бўлишига эришишдир. Бунинг учун хусусий бандлик агентликларига давлат ихтиёридаги бўш иш ўринларига боғлиқ маълумотлар базасидан фойдаланиш имкони ҳам берилиши режалаштирилмоқдалиги мутахассислар томонидан таъкидланди.
Айтиш ўтиш лозимки чет элда иш билан таъминлаш бўйича фаолият юритадиган хусусий бандлик агентликлари вазирлик томонидан бериладиган лицензия асосида ишлайди. Улар хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди. Мазкур маблағлар лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда қайтариб берилади.
Наргиза МАМАЗИЯЕВА
Munosabat bildirmoq: Наргиза МАМАЗИЯЕВА