• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Ekskluziv
  • ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ХАМДА ЖАҲОНДА ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ РОЛИ

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ХАМДА ЖАҲОНДА ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ РОЛИ

Картинки по запросу фото Узбекистан против терроризма 

Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бугунги кунда жаҳонда ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан саналади. Бу жиноятлар бир давлат ҳудуди билан чекланмай, трансмиллий миқёс касб этиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масаласида ўз позициясига эга бўлиб, нафақат минтақада балки жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом конференцияси ташкилоти каби ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш борасидаги ҳужжатлар ва шартномаларни бажаришда фаол иштирок этиб келмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2005 йил 14 сентябрдаги Резолюциясининг 1-бандига кўра, барча давлатларни миллий қонунчиликда террорчилик ёки бошқа актларни содир қилишга қаратилган амалларни тақиқлаб, бундай ҳаракатларнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорлигини давом эттириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга даъват этиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳам экстремизм, халқаро терроризм, одам савдоси, наркобизнес каби хавфларга қарши кураш жараёнида Марказий Осиё давлатлари томонидан жиддий эътибор қаратилишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик билан бирга терроризм, экстремизм, наркотик моддалар тарқалишига қарши биргаликда кураш олиб борилаётгани минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.

ШҲТ халқаро террорчилик, сепаратизм ва экстремизм, наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва ташиш каби таҳдидларига қарши курашнинг кучли омилига айланиб, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда халқаро ҳамкорликнинг кучли субъектига айланиб улгурди. Бу ташкилот томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар экстремистик жиноятларга қарши курашда ташкилотга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигини янада такомиллаштириш учун асос бўлиб келмоқда. Хусусан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда экс­тремизмга қарши курашни назарда тутган алоҳида қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги фаоллиги МДҲ Аксилтеррор маркази ишида фаол иштирок этаётганлиги ва марказнинг айнан Тошкент шаҳрида жойлаштирилганлиги билан изоҳланади.

Ўзбекистон экстремизм ва терроризмга қарши курашишга глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида қараб, мазкур жараённинг доимий иштирокчиси ва ташаббускори бўлиб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган Ўзбекистон Респуб­ликасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш муҳим вазифалар сифатида белгилиб қўйилган. Қолаверса, юртбошимиз 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси“ тарқалишининг олдини олишдир”, - дея таъкидлаб ўтганди. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатларга БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилинди.

Бугунги кунда глобаллашув даврининг барча хавф-хатарлари ва таҳдидларини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Терроризмга қарши конвенциясини (Екатеринбург, 2009 йил 16 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”, “Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимни (Москва, 2011 йил 16 июнь) ратификация қилиш ҳақида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарор ва Фармонлари қабул қилинди. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжаларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда фаровон ҳаёти кафолатларини таъминлаш ва янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

“Халқ сўзи” газетасида ёзилишича, терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли мамлакатимизда терроризм билан боғлиқ жиноятлар сони 2018 йилда 1,7 баробар камайган. Хусусан, дастлабки олти ой давомида Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган шахслар ўртасида терроризм йўналишида қайд этилган жиноятлар сони 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 65,7 фоиздан зиёд пасайган.

Халқаро экспертларнинг қайд этишича, 300 минггга яқин 18 ёшга етмаган ёш авлод вакиллари дунёдаги қатор диний-экстремистик гуруҳлар таркибидан жой олган. Жумладан, Бруклин институти маълумотларига кўра, Twitter тармоғида “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи билан у ёки бу даражада боғланган аккаунтлар сони 90 мингтага етади ва ҳар бирида 1000дан ортиқ ўқувчиси бор. Уларга ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми ўсмирлар ва қизлардир.

2016-2017 йилларда ахборот хавфсизлиги линияси бўйича олиб борилган ишлар натижасида террорчилик ва экстремистик характердаги 4 миллиондан зиёд ахборот материалларидан ташкил топган 100 мингта интернет-ресурс тармоқдан ўчириб ташланди ёки фаолиятига тўсиқ қўйилди.

Мамлакат аҳолиси, авваламбор, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият, диний-ахлоқий маърифатни юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий реабилитация, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган ва ўз хатосини англаганларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2017 йилда ота-оналари диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ўн мингга яқин ёшлар ишга жойлаштирилди.

Бу эса экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, самарали амалга оширилаётганидан далолат беради.

Умуман олганда, терроризм ва экстремизмга қарши кураш борасида давлатлараро қабул қилинаётган ҳужжатлар, миллий қонунчиликнинг халқаро нормалар билан уйғунлаштирилиши турли экстремистик оқимлар, радикал кўринишдаги гуруҳлардан ҳимояланишда кучларнинг бирлашишига олиб келмоқда.

Ҳудудларда аҳоли билан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, давра суҳбатларида вояга етмаганларни терроризм ва экстремизм таъсирига тушиб қолишдан ҳимоя қилиш лозимлиги борасида тушунтириш ишлари мутазам равишда олиб борилмоқда тушунтирилмоқда. Жазони ўташ муассасаларидан озодликка чиққан, тузалиш йўлига ўтган шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, соғлом муҳитга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бу борада соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти фуқароларга етказилмоқда.

Айниқса, ёш авлоднинг терроризм ва экстремизм таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик, уларни интернет орқали тарғиб қилинаётган турли ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш орқали Ислом динининг асл мазмун-моҳияти юзасидан семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш мақсадга мувофиқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари, авваламбор юртимиздаги тинчлик ва сойишталик сабабли амалга оширилаётганлигини ва бу тинчликни сақлашда ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигмиз лозим.


Бахтиёр Машарипов


Back to the list