Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ТУШУНЧАЛАРГА БАТАФСИЛ ТАЪРИФ БЕРИЛГАН

Картинки по запросу фото закон Мамлакатимиз Президенти 2017 йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида республикамизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳамда хавфсизликка рахна солаётган муаммоларга тўхталиб, экстремизм ва терроризм таҳдиди сўнгги йилларда кучайиб бораётганлиги, унга қарши курашишнинг куч ишлатиш йўли ўзини оқламаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.



Жумладан, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Давлат дастурида муҳим вазифалар сифатида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш ҳамда экстремизм тўғрисида қонун қабул қилиш, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш масалалари акс эттирилган.

Янги қонунни ишлаб чиқишда Молдова, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилиги қиёсий ўрганилиб, қарийб бир йилдан ортиқ давр ичида бир неча бор қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Жорий йилнинг 30 июль куни Президентимиз томонидан «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Шу билан бирга, мамлакатимизда жорий йилнинг 3 апрелдаги қонун билан 2017 йил 9 июндаги ШҲТнинг Экстремизмга қарши кураш конвенцияси ратификация қилинди.

Мазкур ишлар, энг аввало, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Қонуннинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, ушбу ҳужжатда «экстремистик фаолият», «экстремизм», «экстремист», «экстремизмни молиялаштириш», «экстремистик материал» «экстремистик гуруҳ», «экстремистик ташкилот» тушунчаларига батафсил таъриф берилди.

Шу билан бирга, қонунда экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари ва йўналишлари, уни мувофиқлаштирувчи ва амалга оширувчи давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари белгилаб берилди. Қайд этиш жоизки, мазкур қонунда экстремизмга қарши курашувчи субъектлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам киритилган. Бунга асосий сабаб шуки, ушбу орган бевосита диний ташкилотларни рўйхатга олиш ҳамда экстремистик фаолиятга алоқадорлиги муносабати билан фаолияти тўхтатиб турилган юридик шахсларнинг рўйхатини юритиш билан шуғулланади.

Шунингдек, қонуннинг 9-моддасида экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик тўғрисида расмий огоҳлантириш қайд этилган бўлиб, унга кўра, экстремистик фаолият белгиларини ўз ичига олган, тайёрланаётган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида етарлича ва аввалдан тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлган ҳамда жавобгарликка тортиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг мансабдор шахси экстремизмнинг юзага келишига йўл қўяётган мансабдор шахсларга ва жисмоний шахсларга бундай фаолиятга йўл қўймаслик тўғрисида ёзма шаклда расмий огоҳлантириш чиқаради, огоҳлантиришда уни чиқаришнинг аниқ асослари кўрсатилади.

Қонуннинг 14-моддасида эса ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш эндиликда суд тартибида амалга оширилиши белгиланди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан ариза Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Муайян ташкилотларни экстремистик ташкилот деб топиш ва мамлакатимиз ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарор мавжуд бўлса, ўша ташкилотларнинг рўйхати Адлия вазирлиги ва Олий суднинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши белгиланди. Шу билан фуқароларимизга турли экстремистик ташкилотларнинг тақиқланганлиги ҳақидаги маълумотларни очиқ ва ошкора билиш имкони яратилади.

Юқорида қайд этилган моддалар таҳлили шуни кўрсатадики, қабул қилинган қонун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, экстремистик ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳамда умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади.

Абдумутал ЗАКУРЛАЕВ,

юридик фанлар номзоди, исломшунос.

Абдумалик КАРИМОВ,

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасимафкуравий тарғибот бўлими етакчи мутахассиси.


Манба: postda.uz



Back to the list