Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

МАФКУРАВИЙ ТАРҒИБОТ: МИЛЛИЙ ПЛАТФОРМАГА МОСЛАШИШ

МАФКУРАВИЙ ТАРҒИБОТ: МИЛЛИЙ ПЛАТФОРМАГА МОСЛАШИШ Терроризм ва экстремизм хавфи кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан кўпгина хорижий давлатлар ушбу жиноят кўринишларига қарши курашиш мақсадида муқобил чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.


АҚШ

Хусусан, АҚШда ислом динини ниқоб қилиб олган экстремистларнинг асл мақсадини фош этувчи, уларнинг ҳозирги замон воқеликлари ва ислом давлатларининг туб манфаатларига зид бўлган назарий ёндашувлари асоссиз эканини фош этувчи тушунтириш ва тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу мақсадни амалга ошириш учун илмий марказлар ва институтлар, жумладан, Ж. Хопкинс номли университетнинг биологик ҳимоялаш бўйича тадқиқотлар маркази ва Сан-Антониодаги (Техас штати) Терроризм муаммолари бўйича стратегик тадқиқотлар институти томонидан жиддий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда АҚШ Конгрессида Марказий разведка бош­қармаси экспертларини, шунингдек, кўзга кўринган ислом уламолари ва нуфузли шахсларни жалб қилган ҳолда махсус эшитувлар ташкил этилади. ОАВда террористик таҳдидларга оид мақолалар чоп этиш АҚШда яхши ташкил этилган кампания тусини олган.

Федерал қидирув бюросининг терроризмга қарши курашиш бўйича алоҳида бўлими минимал зарурий эҳтиёт чораларига бағиш­ланган мақолалар тайёрлаб, ўз сайтида чоп этади. Фуқароларга хавф юқори бўлган ҳудудлар ҳақида маълумотлар, кўчаларда, транспортда жа­моат жойларида шубҳали пакет ва ўрамларни кўрганда қандай ҳаракатланиш борасидаги тавсиялар бери­лади. Улар орасида муайян бир вазиятда террорис­тик таҳдид даражасини нисбатан расмий баҳолаш борасидаги маълумотлар, шунингдек, «хавфли» ҳудудларга хорижий сафар режалаштираётганлар учун ўзига хос «йўриқнома» ҳам жой олган.

Аксилтеррор ишлар ҳақида фуқароларни хабардор қилиш АҚШдаги Аксилтеррор идоралар раҳбарлари халқаро ассоциацияси (The International Counter-Terrorism Officers Association) фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Мазкур ассоциа­ция мактаб ўқувчилари учун аксилтеррор таълимнинг ўзига хос тизимини яратиш борасида иш олиб боради. Унинг доирасида ёш авлод экстремал вазиятда ўзини тутиш қоидаларини ўзлаштиради, ҳақиқий ва хаёлий таҳдидларни фарқлашни ўрганади. Бундай тарбия­вий-ғоявий ишлар ўта мураккаб, аммо зарур ҳисоб­ланади. АҚШ ҳукумати фуқароларни терроризмга қарши курашишга жалб этиш давлат хизматлари томонидан олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишига ишонади. Айтиш жоизки, бундай чора-тадбирлар ўз натижасини берди: дастур амалга оширилган илк йилдаёқ террорчиларга ёрдам кўрсатишда гумон қилинган кўплаб ташкилотлар ва хусусий шахслар фаолияти тўхтатилди.

Жаҳон сиёсати институти (World policy institute) каби оммавий сиёсат муаммолари билан шуғулланувчи йирик нодавлат ташкилотлар ўз лойиҳа ва дастурларини таклиф этишади. Мазкур институт ҳам ҳукумат, ҳам фуқаролар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, ахборот-разведка фаолияти терроризмга қарши курашувчи икки субъектнинг умумий ваколатлари доирасига кириши мумкин ва шарт. Бунда идоравий тузилмалар ёпиқ маълумотлар назоратини ўз зиммасига олади, фуқароларнинг вазифаси эса ўта огоҳ бўлиш, фаол фуқаролик позициясини намоён этиш, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиш ва уларга шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар беришдан иборат.

АҚШ Давлат департаменти ташаббуси билан ходимларнинг аксилтеррор фаолиятга оид профессионал билимларидан фойдаланиш ва уларни ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳам оддий фуқаролар учун мўлжалланган махсус дастур тайёрлашга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. «АҚШ Давлат департаментининг аксилтеррор дастурлари»нинг бош мақсади кундалик тартибда (давлат ичкарисида), шунингдек, сайёҳлик ва иш юзасидан сафарлар чоғида фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишдир. Дастур нафақат ахборот-таълим хусусиятига эга, балки жиддий таҳдид ягона тушунчасига эришиш ва терроризмга қарши умумий кураш олиб бориш лозимлиги борасидаги тарғибот элементларини ҳам ўзида мужассам этган. 100 дан зиёд давлатлардан 200 минг нафардан ортиқ ходим мазкур дастур доирасида таълим олди.

Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ташаббуси билан «Адолат учун мукофот» дастури ишга туширилди. Унга кўра, теракт тайёрланаётгани ёки террорчилар жойлашган макон ҳақида хабар топиб, маълумот берган ҳар қандай фуқаро мукофотланади. Мукофот қиймати бартараф этилган жиноят кўламига боғлиқ бўлиб, 5 млн. АҚШ долларигача етиши мумкин. Бу дастур фуқаролар учун ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш террорчилар билан шерикликдан фойдалироқ эканини анг­латишга мўлжалланган.



ҚОЗОҒИСТОН 
РЕСПУБЛИКАСИ

Қозоғистон Республикасида Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2018–2022 йилларга мўлжалланган Давлат дас­тури тасдиқланган. Мазкур дастурнинг мақсади – диний экстре­мизм­­нинг зўравонлик кўринишлари ва терроризм таҳдидларидан инсон, жамият ва давлатни ҳимоялаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш.

Қозоғистонда радикал мафкурага қарши иммунитетни шакллантиришга қаратилган ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилади. Янгилик порталлари ва ижтимоий тармоқларда, шу қатори машҳур блогерлар ва жамоатчилик фикри етакчилари орқали ахборот-тушунтириш ва тарғибот материалларини тарқатиш учун шароитлар яратилган.

Радикал мафкурадан азият чеккан шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг аҳолига диний муносабатлар борасида маслаҳат бериб, ёрдам кўрсатиши учун, шунингдек, ҳудудларда марказнинг маҳкумлар ва уларнинг яқинлари билан ишловчи ваколатхоналарини ташкил этиш мақсадида ягона республика «114» рақамли «Ишонч телефони» фаолият юритади.


РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ

Россияда 2000 йилда мақсадли Федерал дастур қабул қилинган эди. Унинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик муҳитини шакл­лантириш, экстремизмга қарши курашиш ва жамиятда ижтимоий-психологик тангликни камайтириш бўйича самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишдан иборат.

Дастур бағрикенгликни намоён этувчи хатти-ҳаракатларнинг мезонлари ва меъёрларини, жамиятда экстремизм кўринишларига қарши самарали курашиш ҳамда Россияда ижтимоий тангликни камайтириш учун асос яратиш имкониятини ижтимоий амалиётга жорий этилишини таъминлашга ундовчи чора-тадбирлар тизимини ўз ичига олади.

Қуйидагилар дастурни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

– илмий-таҳлилий, ушбу йўналиш фуқаролик жамиятида давлат сиёсатининг экстремизмга қарши курашиш ва бағрикенглик шуурини шакллантириш каби асос­ларни; жамиятда ва ОАВда экстремизм кўринишлари диагностикаси, экспертиза ва мониторинги услубларини; оммавий онгда экстремистик ҳолатлар ўзгаришининг коммуникацион ва хатти-ҳаракат техноло­гияларининг осон мослашиш услубларини ишлаб чиқишни ўз ичига олади;

– тарғибот ва аксилтарғибот, ушбу йўналиш оммавий коммуникация доирасида экстремизмнинг жамиятга қарши табиатининг турли шаклларини очиб берувчи таъсир воситаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; миллий ва диний низо келтириб чиқарувчи материалларнинг ижтимоий-психологик экспертизасини яратиш; бағрикенглик муҳитини яратиш ва жамиятда ижтимоий тангликни камайтиришга хизмат қилувчи публицистик дастурлар ва бадиий асарлар туркумини тайёрлаш ва нашр этишдан иборат;

– таълимий-услубий, ушбу йўналиш умумий, олий ва қўшимча таълим муассасаларида, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимларида бағрикенглик, дин эркинлиги ва маданиятлараро мулоқотни яратиш ва жорий этиш; оммавий коммуникация соҳаси мутахассислари, давлат хизматчилари, жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимларида махсус тренингларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни ўз ичига қамраб олган;

– норматив-услубий ва ташкилий, ушбу йўналиш ОАВдаги нашр ва дас­турлар, янги таълимий материаллар, жумладан, интерактив таълим воситалари ва ўйинларнинг ижтимоий-психологик экспертизасини таъминловчи ижтимоий-давлат тузилмаларини шакллантириш ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш; бағрикенглик хатти-ҳаракатларини ижтимоий амалиётга жорий этишга хизмат қилувчи, экстремизм, миллий ва диний муросасизлик кўринишларига қарши курашишда амалий имкониятлар билан таъминловчи норматив ва қонун ҳужжатларини тайёрлаш; миллий экстремизм ва тажовузкорлик қурбонлари, қочоқлар ва кўчиб келишга мажбур бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш шакллари ва механизмларини ривож­лантиришдан иборат.

Таклифлар

Хориж тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда кучларни максимал даражада бирлаштириш, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича янги умумий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурати мавжуд.

Шу муносабат билан қуйидаги таклифлар тақдим этилади:

– ҳуқуқ-тартибот органлари, ННТ, маҳалла ва Ёшлар иттифоқининг доимий вакиллари иштирокида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш марказини тузиш;

– ушбу марказ негизида диний муносабатлар доирасида аҳолига маслаҳат бериб, ёрдам кўрсатиш, радикал мафкурадан азият чеккан шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш учун «Ишонч телефони» ташкил этиш. Ҳудудларда марказнинг маҳкумлар ва уларнинг яқинлари билан ишловчи ваколатхонасини тузиш;

– Ўзбекистон Республикаси ИИВ расмий сайтида аҳолини хавф юқори бўлган жойлар ҳақидаги маълумотларни, кўчаларда, транспорт ва бошқа жамоат жойларида шубҳали пакет ва ўрамларни кўрганда қандай ҳаракатланиш борасидаги тавсиялар берилган мақолаларни чоп этиб бориш. Муайян бир вазиятда террористик таҳдид даражасини расмий баҳолаш борасидаги маълумотларни бериш, шунингдек, «хавфли» ҳудудларга хорижий сафар режалаштираётганлар учун ўзига хос «йўриқнома» ишлаб чиқиш;

– экстремистик ва террористик кўринишларни йўқ қилиш ва блоклаш учун ягона механизмни ишлаб чиқиш.


А. КАРИМОВ,

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси.


Манба: postda.uz


Back to the list