• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Intervyu
  • Кореядаги масжид имоми билан суҳбат: Мусофирчиликдаги ҳаёт, муҳожирларнинг муаммолари ва уларга диндаги ечимлар

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Кореядаги масжид имоми билан суҳбат: Мусофирчиликдаги ҳаёт, муҳожирларнинг муаммолари ва уларга диндаги ечимлар

Яқинда Корея сафарида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири сайт ўқувчиларини бу юртда ишлаётган ўзбеклар, уларнинг яшаш шароити, муҳожирликдаги қийинчиликлар ва бошқа маълумотлар билан таништириб бормоқда.

Навбатдаги мақоламиз Кореянинг Бусан вилояти Кимҳе шаҳрида жойлашган Имом ал-Бухорий жоме масжидидан тайёрланди. Масжид имом хатиби Абдуғоффор Эргашев мусулмонлар учун яратилган шароитлар, Мусулмонлар идораси томонидан масжидда амалга оширилаётган хайрли ишлар, ўзбек муҳожирлари дуч келаётган муаммолар, бу муаммоларнинг ечимлари ва бошқалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Биз борган вақтда Рамазон ойи сабабли ифторликка тайёргарлик ишлари кетаётган экан. Баъзи ўзбекларимиз дастурхон тузаш ишлари билан, бир қисми масжид ошхонасида палов тайёрлаш билан банд эди. Бошқалари эса ўша ерда Мусулмонлар идораси томонидан ажратилган китоблар мутолааси билан шуғулланаётган, баъзилари Аллоҳ зикри билан машғул эди.

Бу масжид хизматидан нафақат ўзбек муҳожирлари, балки қирғизлар, қозоқлар, покистонликлар, тожиклар, турклар ва бошқа ўнлаб миллат вакиллари фойдаланишар экан. Бизни масжид имом хатиби Абдуғоффор ака кутиб олди.  

«Динимиз бўйдоқ ёшларнинг ёлғиз яшашига рухсат бермайди»

«Баъзи ёшларимиз таҳорат олиш, ғусл қилишни билмайди. Шунингдек, баъзи ёшларимиз Кореяга келганидан сўнг ижарага уй олиб ёлғиз яшашмоқда. Уларга айтадиган гапим, шариат бунга рухсат бермайди. Улар албатта бирор дўсти ёки таниши билан яшаши тавсия этилади. Нега? Чунки ёлғиз бўйдоқнинг хаёлларини шайтон ўғирлайди. Уни ичкиликка, зинога ва динимиз тақиқлаган бошқа қабиҳ ишларга бошлайди. Улар бу ҳолатдан эҳтиёт бўлиши талаб этилади», - деди Абдуғоффор ака.

Жўнатилган пул сабаб ҳам оилаларда совуқчилик тушиш ҳолатлари кузатилмоқда

«Бу ердаги энг катта муаммолардан бири, ёшларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайиб кетган. Бунга турли сабаблар бор. Аксарияти арзимас сабаблар.

Мисол тариқасида улардан бирини айтиб ўтаман. Ёшгина куёв Кореяга меҳнат шартномаси асосида ишлашга келган. Бир-икки сўм топгач, уйига пул жўнатади. Пул сабабли келиша олмаган келин ва қайнона ўртасига совуқчилик тушади. У бу ердалик вақтида оиласида жанжал бошланади. Бундан муҳожирликда ризқ топаётган куёв қаттиқ стресс ҳолатига тушиб, иш жойида ёки уйга қайтгач ўз жонига қасд қилмоқда.

«Ўғлим, кўпроқ пул жўнатгин» дейдиган ота-оналар ҳам бор

Яна ота-оналар фарзандларини ўқишга жўнатади. Бўш вақтларида ишлаётган фарзанд ўзидан орттириб уйига пул жўнатса ҳам катта гап. Бу ерда ҳам пул топиш осон эмас. Айримлари кам пул жўнатаётган боласини «Ўғлим, кўпроқ пул жўнатгин» деб тергаб ҳам қўяди. У фарзанд ўқисинми ёки ишласинми? Ўз болангизга раҳмингиз келсин, ҳурматли ота-оналар.

Бундай ҳолатларга қарши қаттиқ кураш олиб бормоқдамиз. Ҳафтанинг ҳар шанба куни ишчилар уйига қайтгач, соат кеч соат 9дан 11гача бўлган вақт оралиғида кореялик ўзбеклар кузатадиган ижтимоий саҳифаларда жонли мулоқотларни олиб бормоқдамиз. Муаммоларга тегишли диний ва дунёвий ечимлар беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу ердаги ҳар бир ўзбек муҳожири  идорамиз назорати ва кўмагида», - дейди Абдуғоффор Эргашев.

Шунингдек, масжид имом хатиби бошқа саволларга ҳам жавобларини бериб ўтди. Юқоридаги видеолавҳада суҳбатни тўлиқ шаклда кўришингиз мумкин.


Манба: kun.uz


Respondent: Абдуғоффор Эргашев


Intervyu: Зафарбек Солижонов


Back to the list