• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Intervyu
  • Муҳожирлар элчихонадан қўрқадими? — Элчи Туркиядаги ўзбекистонликларнинг муаммолари ҳақида

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Муҳожирлар элчихонадан қўрқадими? — Элчи Туркиядаги ўзбекистонликларнинг муаммолари ҳақида

 Ватанга муносабат, инсонлар онгидаги ислоҳотлар, Нодира Қодирова ўлими. Нима учун Туркиядаги ўзбеклар консулликда рўйхатда турмайди, улар қачон элчихонага мурожаат қилади? Консулликда рўйхатда ўтганларнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилиши ростми? Бир йилда Ўзбекистондан Туркияга қанча фуқаро ташриф буюрмоқда?

Ватанга муносабат, инсонлар онгидаги ислоҳотлар, Нодира Қодирова ўлими. Нима учун Туркиядаги ўзбеклар консулликда рўйхатда турмайди, улар қачон элчихонага мурожаат қилади? Консулликда рўйхатдан ўтганларнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилиши ростми? Бир йилда Ўзбекистондан Туркияга қанча фуқаро ташриф буюрмоқда?

Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев Kun.uz мухбирига интервью бериб, юқоридаги масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Алишер ака, энди бугунги кун мавзусига келайлик. Бу Ўзбекистонда ҳам Туркияда ҳам айрим ОАВ ва депутатлар томонидан кўтарилаётган мавзу. Нодира Қодирова мавзуси. Яқинда икки депутатнинг, хусусан, Kun.uz сайтида фикрлари чиқди. Шунга нисбатан муносабатингиз ва нуқтайи назарингиз қандай?

«Биринчидан, ҳозирги кунда бутун республика, Ўзбекистон жамияти президент раҳбарлигида янги ислоҳотларни амалга оширмоқда. Биз саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш тизимида ва бошқа халқ хўжалиги тизимларида ислоҳотларни бошладиг-у, лекин асосий ислоҳотимиз, бу ҳар бир инсоннинг миясида бўладиган ислоҳотни ҳали бошлай олмаяпмиз. Бошланган бўлса ҳам секин-секин бўлмоқда.

Ҳозирда, барча вазирлик, қўмита ва бошқа давлат ташкилотлари янгидан ишлаш жараёнини бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда, яъни жамиятимизнинг улғайишида, мулкка муносабатда, таълим соҳасидаги ўзгаришларда, ёшлар масалаларида депутатларимизнинг ҳам роли катта. Бутун жамиятимизнинг роли катта.

Масалан, сўнгги 25-30 йил мобайнида депутатларимиз яхши, ижобий қонунларни қабул қилишганида, балки бизнинг ёшлар Ўзбекистондан ҳеч қаерга кетмасмиди?! Россияга бормасди, Туркияга ишлашга келмасди. Масалан, мен 20 йил тадбиркорлик қилганимда Қашқадарё, Сурхондарё, умуман, бошқа вилоятлардан ҳам ишчи ололмасдим. Шунақа зўр, мебелга ишқибоз бўлган йигитларни олиб келардим, ўзим юрист бўлганим учун қонунга бўйсунардим, бекитиб ишлатишни ёмон кўрардим, расмий қоғозда турадиган жойини, ётоқхонасини қилдик, шуни рўйхатга олинглар, (деб кўрсатсак ҳам) рухсат бўлмасди. Уларнинг Туркияга келишига рухсат бор эди. Мана ҳозирда, жаноб Эрдўған Ўзбекистонга муносабати яхшилигидан 3 ойга (бир киришда мамлакатда қолиш муддати назарда тутилмоқда, бундан аввал, ўзбекистонликлар 1 ой давомида яшашлари мумкин эди. Бунда рўйхатда туриш талаб қилинмайди – таҳр.) чўзиб берди.

Яъни, ёш ўзбек йигит-қизларимиз 90 кун давомида Туркияда ишга ҳам кира олади. Аммо, улар ўзбекларга камроқ (маош) беради, бизда эса бу катта пул. Улар бу ерда ишлашмоқда. Туркияга келганларнинг бири элчихонага келади, иккинчиси келмайди. Бу ватанга бўлган муносабатидан келиб чиқади.

Биз қонунларни, ватанимизга бўлган муносабатни ватанда ўзгартирсак, албатта, у инсон хорижга келгач, мана бу ерда менинг элчихонам бор, бу ерда менинг байроғим ҳилпираб турибди, булар мени ҳимоя қилади, дея қўрқмасдан киради. Ҳозирги кунда 10 нафар ўзбекистонликдан биттаси киряпти, (консуллик ҳисобида туриши назарда тутилмоқда – таҳр.) қолгани четда қочиб юрибди. Биз нима учун элчихонага келмасликлари юзасидан аноним сўров ўтказганимизда, айтишдики, биз борсак, сизлар ҳибсга олиб, эртасига самолёт билан Ўзбекистонга қайтариб юборар экансизлар. (Аслида) бунақа нарса йўқ. Келинглар, сайтимизга киринглар», - дея қайд этди Алишер Аъзамхўжаев.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси бевосита саволга қайтар экан, Нодира Қодирова иши бўйича қилинган ишлар юзасидан ҳам ахборот берди.

«Энди бевосита саволга қайтсак. Мен ўзим юристман. (Ҳуқуқшуносликда – таҳр.) Айбсизлик презумпцияси бор. Сиз Анқара прокуратураси вакиллари билан ҳам кўришиб келдингиз. Биз ҳафтасига 2 марта кўришиб келяпмиз. Улар «бу ишни, қизимизнинг турган жойи депутат (нинг уйи) бўладими, оддий турк ватандоши (нинг уйи) бўладими, фарқи йўқ, биз объектив равишда ўрганамиз, барчадан далолатномаларни оламиз, далилларни чақирамиз, барча билан суҳбат қилиб бўлганимиздан сўнг, биринчи навбатда элчихонага ахборот берамиз», деб айтишди.

Бу борада ҳар хил фикрлар бор. Лекин, кўчадаги гапни оммага тарқатиш, менимча, ноўрин нарса. Инонаманки, бу ишда биз охиригача назоратда турамиз, охиригача етказамиз ва объектив равишда бу нарсага баҳо беришимиз керак. Ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз. Элчихона бўладими, Ташқи ишлар вазирлиги бўладими, парламент ёки мигрантлар масалалари билан шуғулланадиган Меҳнат вазирлиги бўладими, бу муаммога глобал жиҳатдан қарашимиз керак.

Ахир, раҳматли Нодирахоннинг ўлими бу йилги биринчиси эмас. Адашмасам ўн тўртинчи (бу рақам Анқарадаги консуллик орқали қайд этилганлари – таҳр.) ўлим бўлди. Афсуски, бунинг ўзи бўлмайди. Консулимизнинг мазаси қочган, соғлиғи йўқ. Қўпол қилиб айтганда мурдаларни Ўзбекистонга юборишнинг ўзи бир хунук нарса. Уларнинг молиявий томони бор, уй-жойи бор», - дея таъкидлади Алишер Аъзамхўжаев.

У, шунингдек, масаланинг таажжубланарли томони ҳам борлигини билдириб, Истанбулда Туркиядаги мигрантлар масалалари билан шуғулланувчи йирик марказ очилиши режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.

«Яна бир ажабланарли жойи шундаки, ҳар бир ўлим ҳолатини Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилиб боради. Лекин 13та ўлимга бирорта депутат, бирорта фуқаро ўз фикрини билдирмасдан, Туркия сариқ матбуоти депутат ҳукмрон АК партиясига аъзо бўлгани учун шов-шув кўтарганини байроқ қилиб кўтариб юрибди. Олдин қаерда эдинглар?! Шу пайтгача бизга нимага ёрдам бермадинглар? Бизлар (бунақа – таҳр.) қайғуни қачондан бери кўтариб юрибмиз. Биз бу масала бўйича катта хатлар ёзганмиз. Худога шукр, бизни (раҳбарият – таҳр.) эшитишаяпти ва ёрдам беришмоқда. Бу масала бўйича (Ўзбекистон –таҳр.) Ички ишлар вазирлигининг катта гуруҳи 4 марта келиб кетди. Бу ердаги мигрантлар бўйича қўшма комиссия ҳам тузилган. Яқинда Истанбулда мигрантлар масалалари билан шуғулланувчи йирик марказ ташкил этилади. Давлат раҳбари рухсат бердилар бунга. Молиявий масалалари ҳал бўлиб, марказ очилгач, Туркиядаги ёшларимизнинг давлатга ишончи ортади ва муаммолари юзасидан мурожаат қила бошлайди.

Мана кеча ўзингиз кўрдингиз, элчихонага 30га яқин киши келди консуллик масалаларида. Ҳар куни шу аҳвол. Аммо, афсуски, улар бир муаммоси чиққанидан кейин келишмоқда-да ҳозир. Бизга Туркияга келган заҳоти мурожаат қилмаяпти, (консулликда рўйхатда турмаяпти –таҳр.) Ё бўлмаса, сайтимиз бор.

Албатта, қонунга бўйсунувчан йигит-қизларимиз, бугунги кунда мингга яқин ёшлар Туркия университетларида таҳсил олса, уларнинг барчаси бизда рўйхатда. Телеграм гуруҳимиз бор. Улар суҳбатлашиб турамиз, ҳар ой элчихонада ёки бошқа шаҳарда тўпланамиз. Қорабуғда бўлди, Истанбул, Анқара, Эскишаҳарда бўлди», - деди Аъзамхўжаев.

Маълумот учун: 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Туркиянинг Истанбул ва Анқара шаҳарларида турли сабаблар билан 70га яқин ўзбек ватандоши вафот этган. Шундан 14 нафари Анқара консуллигида рўйхатга олинган бўлса, Истанбулдаги консулликда 50дан ортиғи қайд қилинган. Уларнинг айримлари Туркияда дафн этилган, баъзилари ватанга олиб келинган. Шу билан бирга, маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистондан бир йилда 130-140 минг фуқаро Туркияга бораётган бўлса, шундан 35-40 минг киши Туркияда қолиб кетмоқда.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси расмий веб-саҳифаси: http://www.uzembassy.org.tr/

Телефон: 90-312 441-38-71

Факс: 90-312 442-70-58

E-mail: uzbekistanemb@gmail.com

Манзили: 06550, Sancak Mah., 549 Sokak, № 3, Yıldız - Çankaya, Ankara.

Истанбулдаги бош консуллик Туркиянинг 14 вилоятидан ташқари Болгария, Руминия ва Кипрнинг Туркияга қарашли қисмига хизмат кўрсатади.

Манзили: Levent Mah. Levent Cad. Lale Sok. No:8 Beşiktaş / İSTANBUL

Телефон: 0212 323 20 37

Email: uzbekconsul@yahoo.com

Веб-сайт: http://uzconsulate.org.tr/


Манба: kun.uz



Respondent: Алишер Аъзамхўжаев


Intervyu: Kun.uz


Back to the list