- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Intervyu
- ЁШ БОЛАЛАР РЎЗА ТУТСА БЎЛАДИМИ?
ЁШ БОЛАЛАР РЎЗА ТУТСА БЎЛАДИМИ?
Журналистик тадқиқот
Манзура БЕКЖОНОВА
Рамазон ойида ҳамюртларимизнинг деярли барчаси мусулмонлик фарзларидан бири — рўза амалини адо этишни жуда хоҳлашади. Лекин бунга ҳамманинг ҳам саломатлиги изн бермайди. Бу фарзни адо этиш истагида бўлганлар орасида ўсмирлар ва ёш болаларни ҳам учратамиз. Шу ўринда бир савол туғилади: рўза тутиш организм учун салбий таъсир кўрсатмайдими? Ёш болалар рўза тутиши ва бунга уларни мажбурлаш мумкинми?
Бу борада бир қатор мутахассисларга саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
.png)
Саидаҳрор ҒУЛОМОВ
академик
—Кейинги пайтларда очлик ёрдамида даволаниш, оч қолиб организмни тозалаш, қартайишдан сақланиш каби мавзуларда кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Уларнинг натижалари маълум муддат оч юришга асосланган. Уларнинг аксарияти катта кишилар учун очлик, яъни рўза тутиш фойдали эканлигини, бунда йиллар давомида организмда тщпланган зарарли моддалар тозаланиши тасдиқланмоқда.
Масалан ҳужайраларда содир бўладиган емирилиш жараёнини йигирма йил мобайнида ўрганиб чиққан япониялик олим Есинори Осуми аутофагия мавзусида янги кашфиёт яратган. Мазкур кашфиёти учун у 2016 йилда тиббиётнинг физиология йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлди.
Аутофагия — грекча сўзлардан шаклланган бўлиб, “ўзини ўзи емоқ” маъносини англатади. Бу оч қолган организмда ҳужайраларнинг нобуд бўлган, керакмас қисмларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш жараёнидир. Бу жараёнда организм инфекциялар ва токсинлардан ҳам тозаланади.
Биласизми, организм оч қолганда зўр бериб ишлай бошлайди ва ҳужайралар ўзининг ички ресурслари — тўпланиб қолган "ахлат"лар (ёғлар, шлаклар, гижжалар, токсинлар, нобуд бўлган ва хавфли ҳужайраларни “ёқиб” энергия ишлаб чиқаради. Демак рўза одамни касал бўлишдан, эрта қаришдан сақлайди, эски ҳужайралар емирилиб янги ҳужайралар пайдо бўлиши ҳисобига ҳатто ёшартириши ҳам мумкин. Кўриб турганингиздек узоқ асрлардан бери диний қарашларда эътироф этилган рўза тутиш амалининг фойдаси эндиликда дунёвий илм-фан томонидан ҳам исботланмоқда.
Лекин маълум вақт оч қолиш ёш болалар саломатлигига зиён етказиши мумкин. Чунки ўсиб келаётган организм фойдали озиқ-моддаларга катта эҳтиёж сезади. Уларда ҳали зарарли чиқиндилар, шлаклар тўпланмаган бўлади, шунинг учун организмни тозалашга зарурат йўқ. Агар бола оч юрса унинг иммунитети тушиб кетади, турли касалликларга қаршилик кучи заиялашади. Лекин ўзи онгли равишда шу қарорга келса, ҳеч ким мажбурламаса, ўсмир ёшидан каттароқ болалар рўза тутса бўлади, деб ҳисоблайман.
Зулхумор ИБРАГИМОВА
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Хива шаҳар кенгаши диний-маърифий ишлар бўйича раиси ўринбосари:
— Рўзанинг жуда кўп савоби бор. Ҳадисларда айтилишича "Кимда ким Аллоҳнинг розилиги учун рамазон ойида рўза тутса, унинг қилган гуноҳларининг бари кечирилади". Ҳадиси Қудсийда ёзилишича: “Аллоҳ Таоло айтади: Рўза биргина мен учун, унинг совғасини ўзим бераман”.
Юртимизда барча фуқароларга диний эркинлик берилган. Иймон-эътиқодли бўлишга, мусулмонча барча фарзларни бажаришга кенг имконият яратилган. Рўза ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтиради, ёшларни катталарга нисбатан мурувватли, эътиборли бўлишга ундайди.
Рамазон ойида рўза тутиш ҳар бир руҳан ва жисман соғлом, балоғатга етган мусулмон эркак ва аёл учун фарз ҳисобланади. Балоғатга етмаган болаларга намоз ва рўза фарз эмас. Аммо кучи етса ва ўзи қизиқса, ният қилса бунга қаршилик қилмаган маъқул. Аммо рўза вақти ёз пайти, иссиқ, жазирамада бу ҳар бир инсоннинг иродасига, организми кўтаришига боғлиқ.
Мусофирлар, яъни бошқа шаҳарда юрганлар, оғриб қолган одамлар, жуда кексалар, ҳомиладор ёки сут эмизиб бола боқувчи аёллар, ой кўрган қиз-жувонлар ва ёш болалар рўза тутмасалар узрли ҳисобланади.
Ёрқиной ТОШПЎЛАТОВА
олий тоифали шифокор, терапевт:
—Рўза тутиш саломатликка зарар эмас, балки фойда. Аммо бунда ҳам тана имкониятларини инобатга олиш керак. Рўза тутаман деб, организмни зўриқтириш, хасталикларнинг кучайиб кетишига йўл қўймаслик керак. Зеро, тана ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати, биз уни авайлашимиз лозим.
Биз биламиз, рўза тутиш бир ой давомида кун чиққандан шом ботгунча оч қолишга асосланган. Бу катта одам организми учун унчалик зиён етказмайди. Кун бўйи овқатланмай юриб, йўқотилган энергия ва озиқ-моддалар ўрнини ифторлик пайтида етарли даражада тўлдириш мумкин. Фақат саҳарда ва кечқурун таомланганда тўлақонли овқатланиш, витамин ва минералларга бой маҳсулотларни тановул қилиш лозим, рўза тутган одам оғир жисмоний меҳнат қилмаслиги зарур.
Айримлар эрталаб вақтли тура олмаса, овқат тайёрлашга эринса ёки озиш нияти бўлса овқатланмасдан, бир қултум сув билан оғиз ёпиб қўя қолади. Бундай жабр рўзаси тутиш организм заифлашишига олиб келади. Меъёрий тарзда, барча соғлом овқатланиш талабларига риоя қилган ҳолда катта ёшли кишилар рўза тутса, организмда семизликка қарши монеълик пайдо бўлиши, тўқималарда тўпланиб қолган ортиқча моддалар ҳамда тузлар ҳайдалишига ёрдам бериши тиббиётда ўз исботини топган.
Ўсмирларнинг рўза тутишига келсак, балоғатга етган инсонларгагина рўза фарз қилинган. Ота-она ва бошқа тарбияга масъул кишилар, агар ёшларнинг тоқати етса, уларни рўза тутишга тарғиб қилсалар бўлади. Бу ҳолатда организмнинг қуввати, саломатлиги, об-ҳаво ҳам инобатга олингани маъқул. Бунда улар рўзасини очиб қўйса, қазо тутишга мажбурланмайди, чунки бу ёш организмга оғирлик қилиши мумкин. Агар кўчадаги танишлари ёки бошқа бир бегона қишилар рўза тутишга кучи етмайдиган болага таъсир ўтказиб, фарзларни адо этишни миясига сингдираётган бўлса, ота-она буни сезса: “Ислом дини — инсонпарвар, маърифатпарвар дин, шароити тўғри келмаганлар рўза тутмаса, кечирилади”, — деб тўғри тушунтириши керак
.png)
Шаҳризода АТАБАЕВА
талаба:
—Аввало барча мусулмон аҳлига қилган тоат-ибодатларини Яратганнинг ўзи қабул қилишини тилайман. Мен ҳам бир неча йилдан буён рамазон ойида рўза тутиб, ният қиламан. Рўзанинг фарзлигини ва тартиб-қоидаларини ота-онамдан ўрганганман. Ёшлигимдан оила аьзоларимиз билан рамазон ойини интиқлик билан кутардик. Оиламизда катталар рўза тутарди, кичиклар тансиқ таомлар тайёрлаб, уларни ифторликка таклиф қиларди. Бирга дастурхон атрофига ўтириб, ширин таомлар истеъмол қилиш, столда, албатта, хурмо ва бошқа мева-чевалар бўлиши, қавм-қариндошларнинг ифторликка таклиф қилиши, гина-кудратда юрганларни яраштириш, ҳайитда ёши улуғларга совға олиш, қарияларни зиёрат этиш каби мусулмончилик урф-одатлари менга жуда ёқарди. Шунинг учун 15 ёшимдан оиламиздаги катталарга ҳавас қилиб, мен ҳам рўза тута бошладим. Онам опам иккаламизга ўзимизни қийнамаслигимиз учун 3 кун ой бошида ва 3 кун ой сўнгида рўза тутиш мумкинлигини айтиб, маслаҳат берарди. Бизга орзу-ниятларимизни дилга тугиб, Оллоҳ йўлида рўза тутишимизга оилада ҳеч қачон қаршилик қилишмаган ва бунга мажбурлашмаган ҳам.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби:
Рамазон ойида ва умуман йил давомида белгиланган алоҳида саналарда рўза тутиш баробарида, иншоаллоҳ гуноҳлар ювилиб, тавбалар, ихлос билан қилинган дуолар мустажоб бўлғай. Ҳар бир рўзадор эзгу ниятлар қилмоғи, ахлоқ-одоби ила бошқаларга ибрат кўрсатмоғи, меҳр-мурувватли бўлмоғи даркор.
Рамазон ойида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Бироқ, бемор соғайганидан, мусофир эса сафардан қайтганидан сўнг бошқа ойда, қолдирган кунига кун тутиб бериши шарт.
Соғайишидан умиди узилган, рўза тутса дарди янада ҳам оғирлашадиган беморлар ҳамда рўза тутишга қурби етмайдиган кекса кишиларнинг рўза тутмасликларига рухсат берилган. Фақатгина тутмаган кунлари учун бир кишининг икки вақт овқатланишига етадиган миқдордаги маблағни мискин ва фақирларга фидя тариқасида садақа қилишлари таъкидланган. Аллоҳ таоло вояга етган мусулмонлар имкон қадар рўза тутишлари ҳар томонлама яхши эканлигини баён қилган.
Бу ойнинг таърифи ва унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилган, жумладан: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки ўзи рўза тутолмаса, бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган ҳолда савоб берилади”. деганлар. Шунда саҳобалар: Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку, — дейишди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки бир дона ҳурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо, кимки рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳавзи кавсаримдан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди. Бу – аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки бу ойда биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, — деб марҳамат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак рўза тутиш учун болаларни мажбурламаслик лозим. Улар оилада рўза тутган катталарга дастурхон ёзиб, чой дамлаб берсалар, турли овқатлар пишириб, мева-чевалар олиб келсалар ёки шунчаки қўлларига сув қўйиб хизматини қилсалар ҳам уларга савоб ёзилади.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист
Respondent: мутахассислар
Intervyu: Манзура БЕКЖОНОВА