- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Intervyu
- Оқтўба фожиасида омон қолган икки нафар ҳамюртимиз Тўрақўрғон ИЭСга ишга кириб, 4 млн сўмгача маош оляпти
Оқтўба фожиасида омон қолган икки нафар ҳамюртимиз Тўрақўрғон ИЭСга ишга кириб, 4 млн сўмгача маош оляпти
2018 йил 18 январда Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси тириклай ёниб кетган эди. Ёнғин юз берган вақтда автобус салонида бўлган Қозоғистоннинг уч, Ўзбекистоннинг икки фуқароси жароҳат олишган, аммо омон қолишган эди. "Turon 24" мухбири фожиада тирик қолган Аҳрорбек Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов билан суҳбатлашди. Уларнинг иккиси ҳам ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда ишламоқда.
Исроил Мирзааҳмедов март ойида туман ҳокимлиги ёрдамида шу ерга ишга жойлашган, темирчилик, тўғрироғи, каркас тўқиш билан шуғулланади. Ойига 1,6-1,8 миллион сўм атрофида маош оляпти, тўрт нафар фарзанди бор.
– Автобусда эшикка яқин ерда бўлганим жонимга оро кирди. Шунда ҳам куйиш жароҳатлари, шикастланишлар билан бир муддат шифохонада даволаниб чиқдим. Оилада тўрт ўғил, икки қизмиз. Ҳозир уч ўғил қолдик, укам 2009 йилда автоҳалокатда нобуд бўлган. Шундай фожиада омон қолганимни Яратганнинг инояти деб ўйлайман, чунки уйдагилар буни кўтара олмасди, – дейди Исроил.
– Ўттизга кирдим, ўн йилдан бери Россияга қатнайман. Қурилишда деярли ҳамма иш қўлимдан келади. Бу гал Қозон шаҳридаги бир объектни битказишга отлангандик, – дейди унинг шериги Аҳрорбек Исоқов. – Мен автобуснинг олд ўриндиғида ҳайдовчилар ёнида ўтиргандим. Ёнғин рўй берган пайт кўзим илинган экан. Кучли шовқиндан уйғониб кетдим. Автобус аланга ичида қолган, менинг ҳам шимим ёна бошлаганди. Жон ҳолатда ўзимни пастга отдим. Нима бўлаётганини англаган пайтимда автобус буткул ўт ичида қолганди. Ўша кунлари ҳаво ҳарорати ўта пасайиб, автобуснинг ичи музлаб кетганди. Шунинг учун салон кавшар лампа билан иситилган. Автобусдаги оғзи очиқ беш литрли канистрда бензин бўлган. Ўша канистрдаги бензин аланга олиб, бутун автобус ўт ичида қолган. Йўловчиларнинг ҳаммаси автобуснинг иккинчи қаватида бўлган. Эшиклар қулфланиб қолган, ёнғин чиққанда ҳамма ўзини орқа эшикка урган. Автобус эшиклари ҳаво билан ёпилгани учун ҳодиса пайти ишдан чиққан, орқа ва ўрта эшиклар қулфланиб қолган. Биринчи навбатда автобуснинг орқа эшикларини очмоқчи бўлдик, иложи бўлмади. Иккинчи қават ойнасига икки-уч марта ўт ўчириш мосламасини отдим, автобус ҳайдовчиси ҳам уриниб кўрди. Аммо ойналар жуда мустаҳкам бўлгани учун синдиролмадик. Бир соатлардан кейин шифокорлар, ўт ўчирувчилар, полиция келди. Бу пайт автобус бутунлай ёниб бўлганди.
– Қозоғистондаги суд жараёни бошланганидан хабарингиз бор. У ерда иштирок этаётган айбланувчиларнинг яқинлари омон қолганларни ҳам судга чиқириб, сўроқ қилиш керак эди деган фикрларни айтган...
– Бунга ҳожат бўлмаса керак, чунки 10 кун Оқтўбадаги шифохонада ётган бўлсак, ҳар куни эрталабдан кечгача терговчиларга кўрсатма берганмиз. Аслида ҳайдовчилар воқеани электр тизимидаги носозликдан келиб чиққан ёнғин сифатида изоҳламоқчи бўлган. Биз ҳолат қандай бўлса шундайлигича, яъни салондаги бензин сабабли ўт кетганини рўй-рост айтиб бердик. Қолаверса, бизга судга чақириқ қоғози ҳам келгани йўқ.
Исроил янги иш жойи ҳақида шундай фикр билдиради:
– Олдинроқ фожиада омон қолган шеригимиз бу ерга ишга кирганди. Июнь ойининг охирларида мени ҳам қабул қилишди. 158 киши 4 та бригадага бўлинганмиз, мен бригадирлардан бириман. Турк раҳбаримиз бор, бизга ҳар куни иш кўламини белгилаб беради. Маошдан нолимайман, қўлимга ойига 4 миллион сўмдан ошиқ пул тегяпти. Шунга яраша эрталабдан кечгача, дам олиш кунларисиз меҳнат қиляпман. Ундан ташқари “ИЭСда ишляпти” деган ном ҳам бор. Агар шундай иш ва маош бўлиб турса, Россия ёки бошқа давлатга боришни ҳожати йўқ, албатта. Ким ҳам иссиқ ўрнини совутгиси келади?
Respondent: Аҳрорбек Исоқов ва Исроил Мирзааҳмедов
Intervyu: корр. "Turon 24"