Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ОТА-ОНА, БОЛАЛАР ВА ИНТЕРНЕТ

ОТА-ОНА, БОЛАЛАР ВА ИНТЕРНЕТ Замонавий жамиятни илғор технологияларсиз, ҳаётимизни эса уяли телефону компьютерларсиз тасаввур қилиш қийин. Интернет давримиз тимсоли сифатида аста-секин атрофимизни ўраб оляпти, уйимизга, ҳатто руҳимизга кириб боряпти.


Хўш, қандай қилиб унинг салбий таъсиридан ҳимояланиш, интернет билан «мулоқот»дан фақат фойда олиш мумкин? Фарзандларимизни унинг таъсиридан қай тарзда, нималар воситасида муҳофаза қила оламиз? Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси Шахсий таркиб билан ишлаш бошқармаси катта офицер-психологи, психология фанлари номзоди, доцент Елена Агзамова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Компьютерлар, планшетлар ва уяли телефонлар бизга кундалик ҳаётимизда интернетдан эмин-эркин фойдаланиш имконини беряпти. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилигимиз интернетсиз яшашни кўз олдимизга келтира олмаймиз. Интернет билан «мулоқот қилувчилар» доираси тобора кенгайиб боряпти. Агар бундан 10 йиллар бурун ундан асосан катталар, ишлаётганлар фойдаланган бўлса, ҳозир ҳатто қуйи синф ўқувчилари орасида ҳам интернетдан фойдаланувчилар бор. Ваҳоланки, улар ҳали нимани кўриш, ўқиш мумкину, нима мумкин эмаслигини тушунмайди. Ёшлар ўртасида ҳам шундай муаммо мавжуд. Бир сўз билан айтганда, интернет – ниҳоятда фойдали ресурс, айни пайтда, унинг ҳали оқ-қорани таниб улгурмаганларга салбий таъсир кўрсатишидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳақда мутахассислар ва ўқитувчилар бонг ураётгани бежиз эмас.

– Баъзи маълумотларга қараганда, интернетга тобелик ҳатто касаллик даражасига етган...

– Дарҳақиқат, интернетдан тинимсиз фойдаланиш ижтимоий, оилавий алоқалар доирасининг торайишига, ҳатто ёлғизликка, тушкунлик ҳолатининг ривожланишига олиб келади. «Бутун дунё ўргимчак тўри»даги мулоқот ва ўйинлар кишини ўзига шунчалик ром этадики, баъзан бошқа фаолият тури билан шуғулланишга вақтингиз ҳам, кучингиз ҳам қолмайди. Шунинг учун ҳозирда «Интернетга тобелик», «Интернетга одатланиш» ҳодисаси кенг муҳокама қилиняпти.

Олимларнинг фикрича, интернетга тобе одамлар «Бутун дунё ўргимчак тўри» бўйлаб виртуал саёҳат қилаётганда вақтни унутиб қўяди, дастурхон атрофида эмас, монитор олдида овқатланади, бошқаларнинг мурожаатларига деярли эътибор бермайди. Улар ҳақиқий борлиқни унутиб, виртуал оламга боши билан шўнғиб кетишади. Жаҳон веб тармоғига муккасидан кетганларни кўзлари яллиғланиб, қизариб юрганидан, ўта асабийлигидан, ҳорғинлигидан, ҳадеб эснайверишидан ҳам билиб олса бўлади.

– Айрим компьютер ўйинлари ўсмирлар руҳиятига қанчалик салбий таъсир кўрсатади?

– Биринчи навбатда зўравонлик, тажовузкорлик ва қотилликлар билан боғлиқ компьютер ўйинлари болаларга ёмон таъсир қилади. Жангу жадаллар, номаълум учар жисмлар ёки ёвуз кучларга қарши урушишга асосланган ўйинлар шулар жумласидандир. Бундай ўйинларнинг «ичига кириб кетган» боланинг асаби таранг ҳолатда бўлади. Ўйин сюжетининг кутилмаган томонга ўзгариши ўсмирда тажовузкорлик уйғотади. Масалан, улар ўз тенгдошларини ваҳшийларча ўлдирган ҳолатлар қайд этилган.

Интернетга тобе болаларнинг дунёқараши ўзгариб қолади. Улар кўпинча ўзини ҳеч бир қилмиши учун жазога тортилмайдиган виртуал қаҳрамондек тасаввур қилишади. Шунинг учун келгусида ҳар қандай низо ёки муаммони куч ҳамда қурол ёрдамида ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблашади.

Айни пайтда, болаларга ижобий таъсир кўрсатадиган компьютер ўйинлари ҳам бор. Уларнинг диққатини, ақл-заковатини кучайтирадиган, билимини оширадиган ўйинлар шулар жумласидандир. Аммо шунга қарамай, болаларнинг узоқ вақт узлуксиз компьютер олдида ўтиришига рухсат бермаслик керак. Бу уларнинг соғлиғига, жисмоний ва руҳий ҳолатига жиддий зарар етказади.

– Интернетда топиш қийин бўлмаган қўрқинчли фильмлар зўравонлик, шафқатсизлик, ҳатто садизмни тарғиб қилмайдими?

– Албатта, тарғиб қилади. Агар фильмда тажовузкорлик, зўравонлик саҳналари кўп бўлса, болаларнинг дийдаси қотиб, буни табиий ҳол деб қабул қила бошлайди. Ахир, болалар ўта таъсирчан, хаёлга берилувчан бўлишади, кўрган-эшитганларини ўзининг кундалик ҳаётига кўчиришга ҳаракат қилади. Дунёда нималар бўлаётганини ўзингиз кўриб турибсиз. Айрим мамлакатларда ўсмирлар мактабларда ўз тенгдошлари ва ўқитувчиларини отиб ташлаяпти, бир-бирини шафқатсизларча калтаклаяпти, жониворларга азоб беряпти. Бу ҳам етмагандек, бундай қилмишларни видеотасвирга туширяпти. Шафқатсизлик қилаётганлар орасида қизлар ҳам борлиги кишини янаям кўпроқ ташвишга солади.

– Хўш, вояга етмаганларни, айниқса, болаларни юқоридаги каби зарарли таъсирлардан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

– Бунинг учун болалар тарбияси билан астойдил шуғулланиш керак. Улар билан кўпроқ мулоқот қилиш, дам олиш кунларини бирга ўтказиш зарур. Телефонда гаплашиш, компьютердан фойдаланиш, телевизор томоша қилиш вақтини чеклаш лозим. Уларни ижтимоий фойдали, ақлини ўстирадиган машғулотлар билан банд қилиш, турли спорт секцияларига ва тўгаракларга олиб бориш даркор.

Мамлакатимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу болаларни зарарли компьютер ўйинларидан, триллерлардан, қўрқинчли фильмлардан чалғитишнинг, муҳофаза қилишнинг самарали усулидир. Бундан ташқари, спорт билан шуғулланадиган инсоннинг иродаси тобланади. Ирода эса феъл-атворнинг асосидир. Спорт тартиб-интизомли, қатъиятли бўлишга, инсон организми ривожига ёрдам беради. Шуни унутмайликки, шахсий намунада ҳам гап кўп. Ота-онанинг ўзи китоб ўқимаса, уззукун қулоғидан телефон тушмаса, фарзандидан нима кутиш мумкин?!

– Содир этилган жиноятларни оммавий ахборот воситаларида бутун тафсилоти билан тасвирлаш ҳозирда одат тусига кириб боряпти. Балки, муаллифлар бундай пайтларда калтакнинг икки учи борлигини ёдда тутишлари керакдир...

– Сиз ҳақсиз. Афсуски, баъзан жиноятлар тасвиридан айрим кимсалар йўриқнома сифатида фойдаланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Балки, буни бутунлай тақиқлашнинг имкони йўқдир. Аммо оилада фарзандларингизнинг яқин маслаҳатгўйига айлансангиз, уларга нима яхшию нима ёмонлигини тушунтирсангиз, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги чегарани кўрсатсангиз, улар ҳеч қачон жиноят кўчасига қадам босмайди. Ҳозир фильмларни намойиш этишдан олдин қайси ёшдаги томошабинларга мўлжаллангани ҳақида огоҳлантирилади. Бу жуда тўғри. Аксар ота-­оналар ана шу огоҳлантиришга риоя қилади.

– Шу ўринда нобоп оила муҳитининг бола шахсияти шаклланишига таъсири хусусида ҳам тўхталсангиз.

– Инсоннинг ижтимоийлашуви айнан оиладан бошланади. Бола нима мумкину нима мумкин эмаслиги ҳақидаги тушунчаларни ана шу муқаддас масканда ҳосил қилади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, ота-онаси руҳан бегона бўлган, ғамхўрлик қилмайдиган, эркаламайдиган, самимий муносабатда бўлмайдиган болалар кўпинча жиноий қилмиш содир этади.

– Қизиқарли ва сермазмун суҳбатингиз учун раҳмат.

Бобомурод ТОШЕВ суҳбатлашди.


Манба: postda.uz



Respondent: Елена Агзамова


Intervyu: Бобомурод ТОШЕВ


Back to the list