В Узбекистане Ташкент

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистонда киберспорт фестивали бўлиб ўтади

595
Ўзбекистонда 20 октябрдан 4 ноябрга қадар киберспорт бўйича “World Electronic Sports Games” (WESG) халқаро турнири доирасида малакали матчлар ўтказилади.

WESG саралаш босқичлари жаҳон бўйлаб ўтказилмоқда ва унинг финал босқичида энг яхши ўйинчилар иштирок этади. Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси маълумотларига кўра, улар орасида малакали матчларда бир пайтнинг ўзида олтита ўйин тури бўйича иштирок этадиган ўзбек геймерлари ҳам бўлиши мумкин. 

WESG иштирокчиларининг финал жангларини ўтказиш учун Хитойнинг Чунцин шаҳри танланди. 2019 йилнинг март ойида бу ерга дунёдаги энг кучли геймерлар тўпланади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 5,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Аввалги қатор турнирларда бўлгани каби, WESGда, шунингдек, аёллар ва эркаклар мономиллий жамоалари иштирок этади. 

Ҳар йили дунё миқёсида киберспорт бўйича кўплаб профессионал турнирлар ўтказилиб, уларни юз миллионлаб томошабинлар кузатиб боради. Жорий йилнинг 15 августидан бошлаб Ўзбекистон киберспортни спорт турларидан бири сифатида расман тан олган мамлакатлар қаторига қўшилди. Бу қарор Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан қабул қилинди ва 100033001 коди остида Ўзбекистон Спорт турлари реестрига киритилди. Эндиликда мамлакатимизнинг профессионал геймерлари ўзларини спортчилар деб ҳисоблашлари мумкин. 

Электрон компьютер спортининг эътироф этилган спорт турлари расмий реестрига киритилиши уни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, киберспорт маҳаллий АТ тармоғи учун рақамли келажак калитидир. Катта авиация ҳам шу тариқа, самолёт моделларини картон ва фанердан ясашдан бошланган эди. Бугун компьютер сичқонча ва клавиатурасини моҳирона бошқараётган ёшлар бир кун келиб глобал рақамли иқтисодиёт етакчиларига айланишлари ажаб эмас. 

Дунёда киберспортни анъанавий спорт турлари сирасига киритиш мумкинми деган савол устидаги баҳс ва мунозаралар ҳануз давом этмоқда. Киберспортчилар ҳақидаги энг асосий янглиш фикрлардан бири, кўпчиликнинг уларни кун бўйи компьютер олдида ўтириб ташқи олам билан мулоқот қилмайдиган, заиф, касалманд ёшлар деб тасаввур қилишидадир. Аслида эса профессионал киберспортчилар компьютер ўйинлари билан шуғулланиш билан бир қаторда спорт залига ҳам бориб туради. Бундан ташқари уларнинг аксарияти, компьютер ўйинларидан ташқари футбол ўйнайди ёки бошқа анъанавий спорт турлари билан шуғулланади. 

Ҳозир дунё миқёсида киберспортнинг аудиторияси 230 миллион кишидан ошади, буни бошқа спорт турлари аудиторияси билан таққослаш мумкин. Айни пайтда ушбу аудитория ҳар йили 10-20 фоизга ошиб бормоқда. Newzoo таҳлилий компаниясининг маълумотларига кўра, киберспорт соҳасидаги даромадлар йилдан-йилга ўсиб боради. Бунда салмоқли даромад реклама, ҳомийлик ёрдами, чипталар ва бренд маҳсулотлари сотиш ва киберспорт воқеаларини трансляция қилиш ҳуқуқи ҳисобига таъминланади. 

2020 йилга келиб компаниянинг киберспортга ажратиладиган инвестициялари миқдори икки баробар оширилиши режалаштирилмоқда, натижада саноатнинг умумий даромади 1,5 миллиард АҚШ долларига етади. Бундай аудитория нафақат IТ соҳасидаги йирик компаниялар, балки ёшлар ва қолаверса ўзига тўқ ва замонавий технологияларга ихлосманд одамлар ўртасида ўз брендини олиб киришдан манфаатдор бўлган компанияларни ҳам тобора кўпроқ жалб қилади. 


Манба: ЎзА



Back to the list