- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Tadbirlar
- 26 январь куни экологик ҳашар ўтказилади
26 январь куни экологик ҳашар ўтказилади
Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги жамоатчилик вакилларининг таклифларини ҳисобга олиб минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳукумат фармойиши қабул қилинди.
Адлия вазирлиги телеграм-канали хабарига кўра, фармойиш билан 2019 йил 26 январь куни умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади.
Хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади.
Мазкур хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.
Манба: kun.uz