- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- ТИВ Россияда паспорти олиб қўйилиб, иш ҳақи тўланмаган ўзбекка ёрдам берди
ТИВ Россияда паспорти олиб қўйилиб, иш ҳақи тўланмаган ўзбекка ёрдам берди
2019 йилнинг 27 апрель куни мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонасига иш ҳақи ва паспортини қайтаришда ёрдам сўраб Ўзбекистон фуқароси У.Абдувалиев телефон орқали мурожаат қилди, деб хабар бермоқда ТИВ.
Аниқланишича, ушбу фуқаро 2018 йил ноябрь ойида Амур области келиб ишга жойлашган ва жорий йилнинг март ойига қадар ҳеч қандай муаммога дуч келмаган. Лекин март ойида иш берувчи билан келишмовчилик туфайли унга ойлик тўлашмаган, паспортини қайтариб беришни рад қилишиб, ўз ҳаракатларини меҳнат патенти расмийлаштирилгани учун У.Абдувалиевнинг қарздор эканлиги билан изоҳлашган.
Бир неча марта музокаралар ўтказиб, бош консулхона мазкур масалани ижобий ҳал этишга муваффақ бўлди. Натижада У.Абдувалиевга паспорти ва ушлаб қолинган иш ҳақи қайтарилди. Ҳамюртимиз темир йўл чиптасини сотиб олиб 10 май куни тунда ватанга йўл олди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатишича, Россиянинг Узоқ шарқ федерал округи (Амур области, Камчатка ўлкаси, Магадан области, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин области, Яҳудий автоном области, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Владивосток областидаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.
Манба: kun.uz