Dolzarb! Терроризм/Экстремизм, как явление

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

“Жиҳод” Геббельслари

514

Жорий йилнинг 12 июнь куни интернетдаги nuz.uz сайтида “жиҳод” Геббельслари номли мақоланинг 1-қисми эълон қилинди ва унда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалар ёритилган. Қуйида ушбу мақола ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, мен умматим учун (одамларни) залолатга кетказувчи йўлбошчилардан қўрқаман”, дедилар (Термизий).

Мазкур ҳадис асрлар оша Ислом умматини инсонларни динда бўлмаган нарсаларга чақирувчи залолат имомлардан огоҳ этиб келмоқда. 

Бугунги кунда бу тоифа “олимлар” замонавий коммуникацион технологиялар, Интернет, ижтимоий тармоқлар, видеохостингдан фойдаланган ҳолда ўз тарафдорлари ва мусулмонлар оммаси орасида зиддият келтириб чиқариб, уммат орасига фитна ва тафриқа уруғини сочмоқдалар 

Бироқ бу “олимлар” шунчаки жоҳиллар эмас, балки ўзлари талқин қилаётган “жиҳод”нинг Геббельслари бўлиб, бугун уларнинг “кўзга кўринган бир вакили” – Қирғизистонда халқаро қидирувга берилган, ижтимоий тармоқларда ўзбек тингловчилари орасида ўзининг радикал-экстремистик ташвиқоти сабабли дунёнинг кўпчилик мамлакатлари, жумладан, араб мамлакатлари ва ЕИда тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” экстремистик уюшмасининг ашаддий ташвиқотчиси ва фаоли бўлган шахс, ижтимоий тармоқларда “Маҳмуд Абдулмўмин” номи билан танилган Маҳмуд Холдоров хусусида сўз юритмоқчимиз.2019 йил сентябрь ойида Одесса шаҳрининг Малиновский тумани суди Одесса халқаро аэропортида ушланган Махмуд Холдоровни экстрадиция қилмаслик юзасидан қарор қабул қилди.

Ушбу қарор “Маҳмуд Абдулмўмин”га Интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти тингловчилари орасида “Ҳизб ут-таҳрир” асосчиси Набҳонийнинг асарларидан фойдаланган ҳолда Марказий Осиё давлатларига қарши “жиҳод” эълон қилиш тарғиботи учун имкон яратиб берди.

Имом Ибн Жавзий айтади: “Авом халқ учун минбарга чиққан ҳар бир одамни олим ҳисоблайди”, деган эди (“Китаабул-қуссос”, “Таҳзийрул-хавосс мин фитнатил-қуссос” китоблари).

Афсуски, ҳозирда Интернет ва у яратиб бераётган имкониятлар орқали оддий мусулмон ёшларнинг онгига таъсир кўрсатишни кўзлаганлар учун қулай минбар бўлиб қолмоқда. Бу йўналишда “Маҳмуд Абдулмўмин” Марказий Осиё давлатларида мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг осон (аслида, бажариб бўлмас) йўлларини таклиф этиш орқали ўз тарафдорларига эга бўла олган.

Турли бот ва каналлар унга машҳур блогер имиджини яратишга ёрдам бериб, оддий фойдаланувчиларнинг унинг чиқишлари остида қолдириётган изоҳлари ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда.

Унинг итоатсизлик ва фитнага чорловчи чақириқларининг тарафдорлари тобора кўпайиб, уларнинг айримлари ҳатто уни зудлик билан “мусулмонларнинг халифаси этиб тайинлаш” таклифини ҳам бермоқдалар.

Баъзида бу каби даъволарнинг аҳмоқликдан бошқа нарса эмаслиги жоҳилликларига қарамасдан унинг айрим издошларига ҳам аён бўлиб қолмоқда.

Манманлик, ўзига бўлган чексиз ишонч ва чегара билмаслик “Маҳмуд Абдулмўмин”ни нафақат МДҲ доирасидаги, балки бутун ислом оламида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган машҳур олим, марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ҳам танқид қилиш, унинг ёрқин хотирасига қора чаплаш ва олимни асоссиз айбловлар билан ҳақорат қилиш даражасигача туширди. Унинг бу мудҳиш хатоси “Маҳмуд Абдулмўмин”нинг марҳум шайхга ҳурмати бор бўлган аксарият издошларининг ундан юз ўгиришига олиб келди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни қоралаш “тактикаси”дан бирор натижа чиқмагач, Абдулмўмин ўз нуфузи ва имиджини бироз яхшилаш мақсадида ўз чиқишларидан бирига “Тавҳид ва жиҳод” халқаро террорчи ташкилоти етакчиларидан бири, асли қирғизистонлик ҳамюрти Абу Салоҳни таклиф этишга қарор қилди.

Дарҳақиқат, “Тавҳид ва жиҳод” жиноий тўдаси Суриянинг Идлиб вилоятидаги энг қонхўр ва жоҳил ташкилотлардан ҳисобланиб, унинг бошлиғи Абу Салоҳнинг қўллари мусулмонларнинг қонига илагигача ботган.

Нима бўлганда ҳам бидъат бидъатлигича қолади деганларидек, шариат аҳкомларидан яхшигина бохабар бўлган Абу Салоҳ эфирдаги вақтдан ўз тингловчиларини Шомдаги “жиҳод”да қатнашиш учун “ҳижрат” қилишга даъват қилиш учун фойдаланди.

Айтиш лозимки, Абдулмўмин издошларининг узоқ Сурияга “шаҳид” бўлиш учун боришга очиқдан-очиқ чақирилиши халифаликни тиклашга даъват этувчи “Ҳизбут-таҳрир” таълимотига мутлақо тўғри келмайди.

Бугун биз ва бутун дунё Яратганнинг турли синовлари қаршисида турибмиз: коронавирус, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий турғунлик, очлик, маънавий қашшоқлик, динсизлик – буларнинг бари фитна ва унинг аҳлининг вақтидир.

Ўзини Маҳмуд Абдулмўмин деб номлаб олган Маҳмуд Холдоров ҳам мана шу фитначи бузғунчилардан биридир.

Шайх Абдуссалом ибн Баржис айтади: “Олимни олим бўлмаган одамдан ажратувчи белгилардан бири бу – ёши улуғликдир. Аслида бу олим бўлишнинг шартларидан бўлмаса-да, одамларимиз олимни жоҳилдан ажарата олмаётган, диний илмларни ёшлардан олиш катта талофат ва фожеаларга сабаб бўлиб турган бизнинг замонимизда бу жиҳатга олимликнинг шартларидан бири сифатида қаралиши лозим” (“Ман ҳум уламаа” китоби).

Искандар Маҳмудов. Киев, Украина


Манба: azon.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list