Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Мали. Воқеалар ривожи қандай?

190
Бир неча мамлакат қўзғолонлар ортидан Мали билан чегараларни ёпди

Таркибида 15 мамлакатни бирлаштирган Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий умумжамияти (ЭКОВАС) Мали билан барча чегараларни беркитиш ва республика билан иқтисодий муносабатларни тўхтатишга қарор қилди. Шу ҳақдаги маълумот мазкур халқаро тузилма сайтида чоп этилган.

"Малилик ҳарбий қўзғолончилар томонидан амалга оширилган, мамлакат ва умуман минтақадаги тинчлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатиб, путур етказган бу тўнтаришлардан кейин ЭКОВАС... ташкилотга аъзо мамлакатлар ва Мали ўртасидаги барча ер усти ва ҳаво чегараларини ёпишга, республика билан ҳар қандай иқтисодий, савдо ва молиявий амалиётлар олиб боришни тўхтатишга қарор қилиб, барча шерикларга ҳам худди шундай йўл тутишни тавсия қилади ", - дейилади баёнотда.

Бундан ташқари умумжамият ушбу мамлакатда конституциявий тартиб тиклангунга қадар Малини тузилма доирасидаги барча раҳбарлик органларидан четлатиб, қўзғолончилар ва уларнинг тарафдорларига қарши санкциялар жорий этишни талаб қилиб чиқди.

Африка иттифоқи ҳам Малининг ташкилотдаги аъзолигини тўхтатди

Малининг Африка иттифоқи (АИ)даги иштироки мамлакатда конституциявий тартиб қайта ўрнатилгунга қадар тўхтатилади, дея маълум қилган тузилманинг Тинчлик ва хавфсизлик кенгаши.

"Тинчлик ва хавфсизлик кенгаши Малининг Африка иттифоқидаги иштирокини вақтинча, конституциявий тартиб тикланишигача тўхтатиб туришни ва армия томонидан мажбуран ушлаб турилган мамлакат президенти, бош вазир ва бошқа мулозимларни озод қилишни талаб этади", - дейилган баёнотда.

Президент истеъфо берди

Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта лавозимидан кетгани ва ҳукумат тарқатиб юборилганини эълон қилди. Бу воқеа қўзғолончилар давлат раҳбарини қўлга олгандан кейин, бир неча соат ўтиб юз берди.

"Мен шу дақиқалардан бошлаб зиммамдаги вазифаларни бўйнимдан соқит қиламан... Ҳокимиятни ўз қўлимда сақлаб қолиш учун қон тўкилишини истамайман", — деди президент. Унинг нутқи давлат телевидениеси эфири орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.

Бундан ташқари у парламент ва ҳукумат ҳам тарқатилганини эълон қилди.


Қўзғолонни бошлаган ҳарбийлар халқни қутқариш учун миллий қўмита тузилганини айтишди

001.JPG

"Биз... халқ олдида мажбурият олишга ва тарих олдида давлатнинг (мавжудлиги — таҳририят) давом этишини таъминлашга қарор қилдик", — деди қўзғолончилар вакили Исмоил Ваг ORTM1 телеканали эфири орқали.

Улар барчани сайловларга олиб борадиган сиёсий трансформация ўтказишга чақирган. Шунингдек, мавжуд халқаро битимларга риоя қиламиз, дея ишонч билдиришган.

"Ишончли ва умумхалқ сайловларига етакловчи сиёсий трансформация учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида фуқаролик жамияти ва ижтимоий-сиёсий кучларни бизга қўшилишга таклиф этамиз. Биз ҳокимиятга интилмаяпмиз, биз фақат мамлакатда онгли равишда келишилган муддатдаги умумий сайловларни ташкил этиш имконини берадиган барқарорлик юзага келишидан манфаатдормиз", - дея қўшимча қилди у.

Қўзғолончи ҳарбийлар Малининг барча чегаралари ёпилиб, мамлакатда комендантлик соати жорий этилганини эълон қилишди.

"Бугундан бошлаб, яъни 2020 йил 19 августдан барча ер усти ва ҳаво чегаралари кейинги баёнот эълон қилингунга қадар беркитилади, комендантлик ҳолати белгиланиб, 21:00 дан 05:00 гача амал қилади", - деди Ваг.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Малидаги қўзғолонларни полковниклар Дьяу ва Камара ҳамда генерал Шейк Фантамади Дембеле бошчилик қилмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Малидаги воқеаларга нисбатан норозилик изҳор қилиб, зудлик билан конституциявий тартиб ва қонун устуворлигини қайта тиклаш, қолаверса, мамлакат раҳбарларини озод қилишга чақирди. Россия, АҚШ каби йирик давлатлар ҳам Малидаги вазиятдан ташвишда эканликларини билдиришган.

Масалан, АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг ушбу воқеага оид баёнотида Қўшма Штатлар Малидаги ҳарбий қўзғолонни кескин қоралаши ва барча тарафларни муаммони мулоқот ёрдамида тинч йўл билан ҳал этиш, зўравонликдан чекинишга даъват этиши қайд этилган.

"АҚШ Малида 18 августда бошланган ҳарбий қўзғалишларни кескин қоралайди, чунки биз ҳукумат зўравонлик билан эгалланган ҳар қандай кўринишдаги ҳаракатни инкор этамиз", - дейилади баёнотда.

Помпео "ҳибсга олинган ҳукумат аъзолари ва уларнинг оила аъзоларига озодлик ва эркинлик кафолатланиши зарурлиги"ни ҳам таъкидлаган.

"АҚШ мавжуд сиёсий ва ҳарбий иштирокчиларни конституциявий ҳукуматни тиклаш йўналишида иш олиб боришга чақиради. Биз Малидаги барча манфаатдор томонларни тинч йўл билан келишишга, ушбу мамлакат фуқароларининг ўз фикрларини эркин билдириш ва тинч йиғилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақириб, зўравонликни инкор этамиз", - дея қўшимча қилган давлат котиби.




Манба: ЎзА


Munosabat bildirmoq


Back to the list