Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди

207
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили 600 мингдан зиёд аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида эса 500 мингтагача иш ўрни яратилмоқда. Кўриниб турибдики, 100 мингдан ортиқ аҳоли бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда.

Шу боис ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг чет элда бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан музокаралар олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур музокараларда турли хорижий давлатлар, жумладан Малайзия бандлик агентликлари ва салоҳиятли иш берувчилари Ўзбекистон меҳнат ресурсларига қизиқиш билдирмоқда.

Бу ҳақида Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасида меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилган видеомулоқотда алоҳида қайд этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти, мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Малайзиянинг Жоҳор штати бандлик агентликлари ассоциацияси (JAPS) ва “APLMC” компанияси вакиллари иштирок этган учрашувда Ўзбекистондаги меҳнат бозорини ўрганиш орқали фуқароларни Малайзиядаги йирик завод, фабрика, қурилиш объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда меҳнат миграцияси соҳасида 8 та ҳукуматлараро, 7 та идоралараро битимлар, МДҲ доирасида 1 та битим ва 1 та конвенция, 51 та иш берувчи ва рекрутинг компания билан шартномалар мавжуд. 2018 йилга қадар ҳар йили ўртача 4 минг фуқаро тартибли меҳнат миграциясига юборилган. Шу тариқа кейинги йилларда 190,5 минг меҳнат мигранти манзилли миграция билан қамраб олинди. Шундан 8,9 минг фуқаро ташкилий тартибда хорижий давлатларда ишга жойлаштирилди. Хорижга кетаётган 181,6 минг фуқарога эса миграция базасига рўйхатга олинган ҳолда ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатилди.

Таъкидлаш жоиз, Жоҳор штати бандлик агентликлари ассоциацияси Малайзиядаги хорижий мигрантларни иш билан таъминлаш бўйича йирик ташкилот ҳисобланади. У мамлакатда ушбу йўналишда фаолият юритувчи 46 та компанияни бирлаштирган ҳамда жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Непал, Бангладеш ва бошқа давлатларнинг ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. “APLMC” компанияси эса йирик саноат корхоналари, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги хўжалик субъектлари билан ҳамкорлик қилади.

Видеомулоқотда Малайзия ҳудудида Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилишнинг талаблари ва меҳнат шароитлари, икки мамлакатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашувини янада фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.


Манба: ЎзА


Munosabat bildirmoq


Back to the list