Dolzarb! Терроризм/Экстремизм, как явление
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Мюнхендаги «Қора сентябрь». Фаластинлик террорчиларнинг исроиллик спортчиларга ҳужуми ва олинган қасос тарихи

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Мюнхендаги «Қора сентябрь». Фаластинлик террорчиларнинг исроиллик спортчиларга ҳужуми ва олинган қасос тарихи

295

1972 йил 5 сентябрь  куни эрта тонгда Мюнхендаги Олимпия қишлоғининг панжаралари устидан ошиб ўтган «Қора сентябрь» номли Фаластин экстремистик гуруҳи аъзолари Исроил делегацияси жойлашган кварталга кириб борди. Босқинда бир нафар исроиллик ўлдирилди ва бошқа исроиллик спортчиларнинг катта гуруҳи гаровга олинди. «Дарё» воқеа тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Гаровдаги спортчилар

Қуйидаги спортчилар террорчилар томонидан гаровга олинган эди: оғир атлетикачилар Зев Фридман, Ёсеф Романо ва Дэвид Бергер, курашчилар Элиэзер Ҳалфин, Марк Славин ва Гади Цабарилар, классик кураш бўйича ҳакам Жозеф Рутфрейнд ва оғир атлетика бўйича ҳакам Яков Шпрингер, мураббийлар Андре Шпицер (қиличбозлик), Кеҳет Шор (ўқ узиш), Мойша Вайнберг (кураш), Амипур Шапиро (енгил атлетика). Босқиндан фақатгина Гади Цабари қочиб қутулишга муваффақ бўлди, у бутун бошли зинадан бир сакрашда тушиб, зулмат ичра ғойиб бўлди.

Терактдан кўзланган мақсад

Олимпия қишлоғининг панжаралари олдида жуда кўп одам йиғилганди, улар Исроил делегацияси яшаган балконлар ва уйнинг томида бошига ниқоб кийган ва автоматлар билан қуролланган одамлар турганини кўрди. Биргина эҳтиётсиз ҳаракат ва улар ўт очишни бошлашлари мумкин эди. Германия ҳукумати тез орада фаластинликлар билан музокараларга киришди, улар эса ўз навбатида Исроил қамоқхоналаридаги 234 нафар фаластинлик маҳбусни ва ғарбий Европа қамоқхоналаридан яна 16 кишини зудлик билан озод қилишни талаб қилди. Олимпия қишлоғининг мери Валтер Трегер, Германия олимпия қўмитаси президенти Вилли Дауме ва Бавария ички ишлар вазири Бруно Мерклар спортчилар ўрнига ўзларини гаровга таклиф қилди, аммо террорчилар бунга рози бўлмади.

Куннинг ўртасида террорчилар Мойша Вайнбергни ўлдирди ва унинг жасадини кўчага улоқтирди. Бу билан улар ўзларининг мақсадлари жиддийлигидан дунё ҳамжамиятини огоҳлантирмоқчи эди. Куннинг охирига келиб Германия канцлери Вилли Брандт Исроилнинг Олимпия ўйинларини тугатиш тўғрисидаги талабларини рад этди.

Муваффақиятсиз қутқарув операцияси

Террорчилар билан музокаралар 16 соат давом этди. Натижада Германия ички ишлар вазири Ханс Дитрих Геншер фаластинликларнинг шартларига рози бўлди. Асирлар сақланаётган уй ёнига учта вертолёт қўндирилди. Вертолётларга террорчилар ва гаровга олинганлар чиқди, улар Фюрстенфелдбрюке ҳарбий аэродроми томон йўл олди, кейин уларни Яқин Шарққа жўнатиш режалаштирилган эди. Аммо беш нафар қуролланган террорчи вертолётлардан тушиши биланоқ снайперлар уларга қарата ўқ узди.

Умуман олганда, ушбу қутқариш операцияси тўлиқ муваффақиятсизликка учради. Саккизта террорчидан иккитаси йўқ қилинди, қолганлари тартибсиз равишда ўқ уза бошлади. Жангарилардан бири тўрт нафар гаровга олинганларни отиб ташлади, иккинчиси эса беш нафар исроиллик спортчи ўтирган вертолёт томон қўл гранатасини улоқтирди. Қисқа жангдан сўнг яна уч нафар террорчи йўқ қилинди, шунингдек, Германия Федератив Республикасининг икки фуқароси – полициячи ва портлаган вертолётнинг учувчиси ҳалок бўлди.

Фото: Google Photos


Бавария полициясининг кечиккан ва нотўғри ўйланган ҳаракатлари ўн бир исроиллик спортчи ва мураббийларнинг ўлимига сабаб бўлди. Беш нафар террорчи ўлдирилди, яна уч киши қўлга олинди.

Қасос

Исроил халқи қасос олишни талаб қила бошлади. Тель-Авив ва Қуддус кафеларида одамлар асосан қасос ҳақида гаплашарди. Нуфузли университет профессорлари ҳам қасос олишга чақирди. Қасос олиш ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишида ҳам муҳокама қилинди. Исроил ҳукумати ушбу террористик ҳаракатга алоқадор барча шахсларни қидириш ва йўқ қилишга қарор қилди. Исроил бош вазири Голда Меер Кнессетдаги нутқида: «Халқимизга берилган барча куч ва қобилиятларни террорчиларни қаерда бўлишидан қатъий назар топиб йўқ қилишга қаратамиз», деди.

Шундай қилиб, Исроил ҳукумати Мюнхен фожиасига алоқаси бўлган ҳар ҳар қандай одам борки жазолашга қарор қилди. Бунинг учун жиноятчиларни топиш ва йўқ қилиш бўйича мисли кўрилмаган операция ташкил қилинди ва амалга оширилди. Голда Меер ҳукумати ва Моссад томонидан амалга оширилган ушбу операция «Худонинг қаҳри» деб номланди. Бир неча йил давомида Исроил разведкасининг агентлари бутун дунё бўйлаб фаластинлик жангариларини қидириб топиб, тўғридан-тўғри бош вазир Голда Меердан олинган йўқ қилиш санкциясини амалга оширди.

«Худонинг қаҳри»

Голда Меер Моссад раҳбари Сви Замирга Мюнхендаги терактни содир этганлар, «Қора сентябрь» гуруҳи аъзоси бўлганлар ва бу ишларга алоқадор ҳар қандай одамлар рўйхатини тузишни буюрди. Асосий мақсад Европадаги бутун террористик тармоқни йўқ қилиш эди.

Ушбу вазифани бажариш учун Голда Меер ва Мудофаа вазири Моше Даян бошчилигида «Х-қўмита» ташкил қилинди, ушбу қўмитанинг буйруғига биноан Моссад махсус гуруҳи тузилди. Шундай қилиб, «Қора сентябрь» террористик гуруҳи аъзолари ва ҳужумга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлганларга қарши «ов» бошланди.

Теракт ташкилотчилигида гумон қилинганлардан биринчиси – Абдул Вайл Зуайтар 1972 йил 16 октябрда отиб ўлдирилди. 1973 йил июнига келиб, Моссад ўз рўйхатидаги 17 кишидан 13 нафарини йўқ қилди. «Қора сентябрь» ташкилотининг етакчиси Абу Айёд 1991 йилда, Мюнхен фожиасидан 19 йил ўтиб ўз шериклари томонидан ўлдирилган.

Гаровга олинган спортчилар.

Фото: Google Photos


Аммо Ливан ва Норвегияда ўтказилган операция давомида терроризмга алоқадор бўлмаган бир нечта шахслар ҳам ўлдирилган. Масалан, Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида Моссад агентлари ҳомиладор рафиқаси билан кинотеатрдан уйга қайтаётган официант Аҳмад Бушикини ўлдирган. Агентлар уни «Қора сентябрь» гуруҳининг етакчиси Али Ҳасан Саламе билан адаштириб юборган.

Моссаднинг баъзи агентлари Норвегия полицияси томонидан ушбу қотиллик учун ҳибсга олинган ва 2,5 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилган, бошқалари, шу жумладан, операция раҳбари қочишга муваффақ бўлган. Бироқ маҳкумларнинг ҳеч бири 22 ойдан ортиқ қамоқда ўтирмади; кейинчалик улар амнистияга тушиб, Исроилга депортация қилинди. Исроил ҳукумати вафот этган официантнинг оиласига товон пули тўлаган, аммо қотиллик учун жавобгарликни тан олишдан бош тортган.

Умуман олганда, ушбу вазифа тўлиқ бажарилмаган, террористик ҳужумнинг мафкурачи ва ташкилотчиси бўлган Абу Довуд ҳаётига қилинган бир неча суиқасдлардан омон қолган. 1993 йилда Исроил Абу Довуднинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига ташриф буюришига рухсат берди ва 1996 йилда у Ғазо секторига ташриф буюриб, Фаластинни озод Қилиш ташкилотининг йиғилишида қатнашди. Абу Довуд 73 ёшида, 2010 йилнинг 3 июлида Дамашқнинг «Андалус» касалхонасида вафот этди.

Хулоса

Ушбу воқеалар асосида Голливуд киноижодкорлари томонидан «Мюнхен» деб номланган машҳур фильм суратга олинган. Фильмни режиссёр Стивен Спилберг ишлаган бўлса, унда бош ролларни Голливуд юлдузлари Эрик Бана ва Дениел Крейглар ижро этган.

Йиллар давомида тинчлик рамзи бўлиб келган Олимпия ўйинларида тўкилган қон Олимпия ҳаракатининг тарафдорларини даҳшатга солди. Эртаси куни Олимпия стадионида фожиадан ҳалок бўлган исроилликларни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросим Мюнхен опера оркестри томонидан Людвиг ван Бетховеннинг «Эгмонт» операсига ёзган увертюраси билан очиб берилди.

Фото: Google Photos


Ўша фожиали соатларда Олимпиадага бўлган қизиқиш сўна бошлади. Ушбу воқеа муносабати билан ўйинларни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида таклифлар бўлган. Аммо Халқаро олимпия қўмитасининг навбатдан ташқари сессияси бир овоздан ўйинларни тўхтатмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Мусобақа ўз якунига етказилди. Гаровга олинган спортчиларни озод қилишни Германия ҳукумати исроил махсус кучларига топширмай, ўзи амалга оширди ва натижа жуда ачинарли бўлди. Балки бу нарса исроилликларга топширилганда операция муваффақиятли кечган бўлар эди, чунки улар Энтеббе  аэропортида шунга ўхшаш вазиятдан жуда моҳирлик билан чиқишган. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...



Манба: daryo.uz



Munosabat bildirmoq


Back to the list