Dolzarb!
- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- Қирғизистонда таблиғчилардан норозилик ошиб бормоқда
Қирғизистонда таблиғчилардан норозилик ошиб бормоқда
172
Биз сайловга тўхталмоқчи эмасмиз. Гап жамиятда диний ҳаракатларнинг ўрни кучайиб бораётгани ҳақида. Бу сафар мандатлар учун пойгада анъанавий партиялардан ташқари “Қирғизистон халқи бирлиги” партияси билан яқинда бирлашган “Иймон нури” партияси иштирок этмоқда. “Иймон нури” Қирғизистон сиёсий саҳнасида 2012 йилдан бери фаолият кўрсатиб, ўзини адолат ва тараққиёт учун курашадиган сиёсий куч сифатида тасвирлайди. Исломий оқим йўналишига эга диний партия Таблиғи жамоат ҳаракатининг бир бўғини сифатида кўрилади.
Таблиғи жамоат бугун Қирғизистондаги энг фаол ҳаракатлардан саналади – эътиқодлиларнинг деярли 65 фоизини қамраб олгани бот-бот тилга олинади. Бундан ташқари, мустақил исломшунослик илмий-тадқиқот институти олиб борган тадқиқотларга кўра, Таблиғи жамоат ёшлар орасида ҳам катта эътиборга эга.
Бундан бир ой олдин Қирғизистон парламентида мамлакатдаги диний вазият муҳокама қилинган ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари “Таблиғи жамоат” ташкилотини тақиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифини кун тартибига қўйган эди. Қирғизистон муфтийси Раҳматулло ҳожи Эгамбердиев ўшанда парламентда қилган чиқишида таблиғчиларнинг экстремист эмаслигини айтиб ҳимоя қилган, оқибатда мазкур ташкилот тақиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифи инобатга олинмай қолганди.
Шундан сўнг Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университети мутахассислари “Таблиғи жамоат” фаолиятини ўрганди. Тадқиқотчилар билдиришича, бугунги кунда “Таблиғи жамоат” Қирғизистоннинг барча вилоятларида кенг томир отган. Вилоятларда бу жамоа аъзолари даъватчилар сифатида танилган. Тадқиқотда айтилишича, “Таблиғи жамоат” 1927 йилда Ҳиндистонда Илёс Кандеҳлави томонидан тузилган.
Дастлабки таблиғчилар Қирғизистонда 1990 йилда пайдо бўлган. Бугунги кунда мазкур оқим аъзолари сони Қирғизистонда камида 6 минг кишини ташкил этади. Биргина 2012 йилда таблиғчилар томонидан 600 маротаба қирқ кунлик даъват тадбирлари ўтказилган. Айрим таблиғчилар даъватга кетаётган пайтда оила аъзоларини пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолдираётгани, даъватга чиққанларнинг узун кўйлак кийиб бетартиб сақол қўйишлари ҳам жамиятнинг бир қисмига ёқмаяпти.
Дастлаб, СССР тарқалгач, Марказий Осиё республикаларида пайдо бўлган ҳаракат вакиллари ўзларининг сиёсий мақсадлардан ҳоли эканликларини айтишган. Бош мақсади ислом қадриятларини тарғиб этишга қаратилганини таъкидлар экан, даъватни “эшикма эшик юриб” тарқатиш тамойили асосида амалга оширди. Ўтган йиллар мобайнида ҳаракат издошлари ўз сафларига янгидан-янги даъватчиларни эргаштириш, ҳатто давлат хизматчиларини ўз сафларига жалб этишга эришди. Масалан, уч кунлик “даъват”да Талас ҳокими ҳам ўз ишини бир четга суриб, ваъзхонликда иштирок этди.
Таблиғи жамоат фаолияти Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда тақиқланган. Бу ҳаракат фаолиятини собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб қонунан тақиқланган давлат Тожикистон бўлди. 2006 йилда таблиғчилар учун барча каналларни ёпган Тожикистон бутун мамлакат бўйлаб уларнинг барча мадрасаларини беркитди, бошқа мамлакатларда диний таълим олган ёшлар Ватанга қайтарилди. Расмийлар диний ташкилотларнинг, жумладан, Таблиғи жамоат ва Ислом уйғониш партиясининг таъсирини камайтириш мақсадида бу каби чораларга қўл урди.
Орадан уч йил ўтиб, 2009 йилда Россияда ҳам тақиқ киритилди. Россия Олий суди таблиғчилар фаолиятини экстремистик деб топди, Россия жамиятида миллатлараро ва конфессиялараро барқарорликка, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиши таъкидланди. Айнан ўша йили Таблиғи жамоат фаолияти Ўзбекистонда ҳам тақиқланди. 2013 йилда Таблиғи жамоатни қонундан ташқарида деб эълон қилган Қозоғистон ҳам қўшнилардан ўрнак олди. ШҲТнинг яна бир аъзоси Хитойда ҳам ҳаракат фаолияти тақиқланди.
Аммо тақиқларга қарамай, Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам ҳанузгача ҳаракат издошларини аниқлашади. Улар махфий даъватлар олиб боради, тақиқланган адабиётларни тарқатади, ўз сафларига янги мухлисларни ёллайди.
Мантиқан, Қирғизистон бундай тақиқ бўлмаган минтақанинг ягона мамлакати. Табиийки, диний гуруҳлар даъватларини бемалол олиб боради, махсус адабиётлар ҳам чекловларсиз чоп этилади.
Қирғизистонда таблиғчилар фаолиятини тақиқлашга бир неча марта уриниш бўлган. Масалан, 2009 йилда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши олий судга Таблиғи жамоат фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги масалани ушбу ташкилот хавфли ва миллий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан ўрганиб чиқишни тавсия этган.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳам қўшни мамлакат эътиборини таблиғчиларнинг потенциал тахдидига қаратишга уринган, аммо Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва Қирғизистоннинг дин ишлари бўйича Давлат комиссияси тақиқ қўйишга эриша олмади.
Боз устига, маҳаллий экспертларнинг бир қисми ҳаракат фаолияти ман қилиниши ҳақидаги қарорни бемаънилик деб атар экан, “Қирғизистон учун у ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини, аксинча, ғоявий жиҳатдан ваҳҳобийлик ва салафий оқимларга қарши туриши”ни таъкидлашган. Ўша кезлардаёқ россиялик сиёсатшунос Е.Егоров Қирғизистонни унинг хавфи ҳақида огоҳлантирган: ”узоқ муддатли нуқтаи назардан мазкур ҳаракатнинг диний-сиёсий вазиятга таъсирини инкор этиш мумкин эмас.
Айнан бошқарувнинг демократик тизими ва даъватчиларнинг оддий тили ташкилотга аҳолининг барча қатламларини жалб этади. Ҳаракат сиёсатда иштирок этишдан намойишкорона воз кечмоқда, аммо улар фаолиятининг стратегик мақсадлари айнан сиёсат ва ҳокимият билан боғлиқлигини таъкидлашга асослар етарли”. Бироқ уни тинглашмади.
Яна бир қизиқ факт. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев бир неча марта таблиғчиларга ўзининг ижобий муносабатини намойиш этган. Боз устига, айнан улар мамлакатга радикал кайфиятдаги кучларнинг кириб келишига йўл қўймасликда ёрдам бераётганига ишонч билдирганди. Очиқ эътироф этиш керак, Таблиғи жамоатнинг диний таълимотлари ва эътиқоди маҳаллий менталитет, анъаналар ва ханафий мазҳабига зид.
Масалан, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Жокорғу Кенешга “Иймон нури” партияси келса, қирғиз аёллари хижоб кийишга ўтади, қабилидаги постлар пайдо бўлаётгани бежиз эмас. Бу қизғин баҳсларни келтириб чиқармоқда, бу эса жамиятда мазкур ғоянинг барқарор тарафдорлари кам эмаслигидан далолат беради.
Гарчи таблиғчиларнинг ўзлари давлат сиёсатига аралашувни рад этсалар-да, уларнинг бора-бора миллат яхлитлигига раҳна солмасликларига кафолат йўқ. Масалан, улар армия сафларида хизмат қилиш заруратини инкор этадилар, аёлларнинг ижтимоий ҳаётда ва жамоат ишларида иштирокига қарши, болаларни мактабга эмас, мадрасаларга беришга чақиради, давлат байрамлари улар учун аҳамиятли эмас, янги йилни нишонлашни ҳам қоралашади. Бу ҳаракатнинг бошқалардан ажраб турадиган жиҳати, ўз тарафдорларига таклиф этадиган турмуш тарзи.
Яна бир ҳолат. Покистон ва Ҳиндистонда қўним топган “Алмадхажу” террорчилик ташкилоти Таблиғи жамоат “сафи”дан чиқиб келган. Аслида бу ташкилотнинг ўчоғи ҳам Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда. Айтиш жоизки, сўнгги пайтларда қирғизистонлик ўсмирларнинг ўқиш учун Бангладешга кетиши кўпайган.
Бу ёшлар аксар вақтини Қуръон ёдлашга сарфламоқда. Бангладеш ҳудуди Қирғизистондан ҳам кичик, бироқ бу мамлакатда ҳаддан зиёд – 163 миллион киши истиқомат қилади. Сиёсий беқарорлик, тарихининг чигаллиги ва таълим тизимидаги қолоқлик маҳаллий аҳолининг мамлакат Конституциясида қайд этиб қўйилган секуляр демократия йўлида ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Қирғизистон қонунларига мувофиқ, 16 ёшга тўлмаган ўсмирларни диний таълим даргоҳларида ўқиш учун хорижга жўнатиш тақиқланади. Айни пайтда, махсус хизматлар маълумотига кўра, Бангладешга 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўқишга кетаяпти. Қирғизистонлик талабалардан бирининг хорижий мухбирлар билан суҳбатда айтишича, уларга телевизор кўриш, газета ўқиш ва интернетдан фойдаланиш қатъиян тақиқланган.
Суҳбат асносида бу ўсмирлар, гарчи ўзлари тан олмаса-да, савия жиҳатдан ўз тенгдошларидан ортда қолиб кетганини сезиш қийин эмасди. Бангладешнинг ўзида эса экспертлар бундай мадрасаларда ўқиган кўп сонли талабалар армияси келажакда мамлакат тараққиёти учун фойда бермаслиги ҳақида гапирмоқда.
Манба: ЎзА