- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Суннат нима?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Суннат нима?
Аввало «Суннат» ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ эканлиги кўринади.
«Ҳадис» араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, ҳадис деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.
Ҳадис илми билан шуғулланувчи олимни муҳаддис деб атаймиз. Муҳаддислар асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умуминсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.
«Суннат» сўзи араб тилида «тарийқат – маънавий йўл» деган маънони англатади. «Фалончининг суннати» деганда, ўша одамнинг ҳаётий йўли тушунилади. Шундан келиб чиқиб, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари» деганда, у зотнинг тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.
Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади».
Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат» деб номланишини англатмоқда. Ана шу таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.
1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.
Мисол учун, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, ишлар ниятга боғлиқдир», деганлар.
Мана шу муборак гапни эшитган одамлар уни омонат тариқасида эшитмаганларга етказганлар ва шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади.
2. «Иш» деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва бошқа ишлари. У зотнинг шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» дейилади.
3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш – маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. У киши борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқийди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қилган ишини маъқуллайдилар. Маъқуллаш «Маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади.
4. «Халқий» сифат деб, тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, шу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зотнинг таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббилари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Ушбу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.
Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.
Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат – Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дийнини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.
(давоми бор)
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Манба: azon.uz