Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Замонавий Россиядаги ўрта асрларга хос қамал. Кизляр шаҳрига уюштирилган ҳужум тарихи

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Замонавий Россиядаги ўрта асрларга хос қамал. Кизляр шаҳрига уюштирилган ҳужум тарихи

224

1996 йил 9 январь куни эрталаб Ичкерия Чечен Республикасининг биринчи президенти Жохар Дудаевнинг шахсий кўрсатмасига асосан Салман Радуев бошчилигидаги жангарилар отряди (турли манбаларга кўра жами 300–350 киши) Доғистоннинг Кизляр шаҳрига ҳужум қилди. «Дарё» ушбу фожиавий теракт тарихи ҳақида ҳикоя қилади. 

Жангариларнинг пухта режаси

Радуев тўдасидан ташқари, ушбу ҳужумда Айдамир Абалаев, Хункар-Паша Исропилов, Турпал-Али Атгериев, Муса Чараев, Ломали Нунаев ва Хасан Долгуевларнинг ҳам жанговар отрядлари иштирок этди.

Жангарилар томонидан тузилган пухта режага кўра, улар Кизляр шифохонаси мажмуасини эгаллаши ва максимал сондаги асирларни гаровга олиши режалаштирилган эди. Шунингдек, шаҳардаги вертолёт бўлинмасига ҳужум қилиш, ҳарбий техникалар ва учувчиларни тутиб йўқ қилиш, Кизлярда ички қўшинларнинг ҳарбий қисмига ҳужум қилиб, уни ҳам йўқ қилиш кўзда тутилган эди.

Ҳужум куни жангарилар маҳаллий касалхонанинг туғруқхонасини ва яқин атрофдаги тўққиз қаватли турар-жой биносини эгаллаб олди, у ерга бутун шаҳардан гаровга олинганлар (асосан аёллар ва болалар) ҳайдаб келинди. Уйнинг тўрт қавати миналаштирилди. «Stinger» ракеталари билан қуролланган жангарилар маҳаллий аэродромни қамал қилишга муваффақ бўлди.

Ўлган ҳар бир чечен учун 15 нафар тинч аҳоли

Жангарилардан бири Кизляр шаҳар комендатураси билан телефон орқали боғланиб, улар уч минг кишини гаровга олгани ҳақида хабар берди. Ўлган ҳар бир чечен учун улар 15 нафар тинч аҳолини отиб ташлаш билан таҳдид қилди. Маҳаллий радиолардан бирининг эфирида Салман Радуев шаҳарга «бўрилар» келганини ва улар Шимолий Кавказдан Россия қўшинлари чиқарилмагунча кетмаслигини айтди. Террористлар федерал кучлар томонидан назорат қилинмайдиган Чеченистон ҳудудига тўсиқсиз ўтказиб юборилишини ҳам талаб қилди.

Музокаралар

Доғистон ҳукумати террорчилар билан музокараларга киришди. Музокаралар тун бўйи давом этди. 10 январь куни эрталаб террорчилар қўлга олинган Кизляр аҳолисининг аксариятини ўзини ихтиёрий гаровга топширган фуқароларга алмаштирди, улар орасида депутатлар, Доғистон ҳукумати вакиллари ва журналистлар ҳам бор эди.

Жангариларга Чеченистонга кетиш учун автобуслар ва енгил машиналар берилди, уларга Доғистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш жараёнидаги хавфсизлик кафолати ҳам берилди. Жангарилар отряди гаровдагиларни «тирик қалқони» сифатида ишлатиб, тақдим этилган автобусларда Чеченистон чегарасига йўл олди.

Келишувнинг бузилиши

Мавжуд бўлган келишувга биноан Доғистон ҳудудидаги Первомайское қишлоғи ва Чеченистон ҳудудидаги Азамат-Юрт қишлоқларида террорчилар гаровга олинганларни озод қилиши ва кейин Россия ва Доғистон ҳукуматлари кафолати остида Новогрозненск йўналиши бўйича кетиши керак эди. Аммо конвой Чеченистон чегарасига яқинлашганда, Радуев талабларини ўзгартириб, гаровдагиларни Новогрозненскда озод қилиш ниятида эканини эълон қилди.

Фото: Google Photos

Хавфсизлик кучлари карвонни тўхтатишга қарор қилди. Буни вертолётдан отилган огоҳлантирувчи ўқлар ёрдамида амалга оширишди. Кейин Радуев ўз отрядини жанговар ҳолатга келтирди. Ҳолат жуда мураккаб, асаблар эса таранг эди. Террористлар Первомайское қишлоғи яқинидаги назорат-ўтказиш пунктида навбатчилик қилаётган Россиянинг ОМОН зобитларини гаровга олди.

Музокаралар беш кун давом этди, унинг давомида ҳибсга олинган барча аёллар ва болаларни озод қилинишига эришилди. Бу вақт ичида эса жангарилар мудофаа истеҳкомларини қуришга муваффақ бўлди. Улар гаровга олинганларни хандақ қазишга мажбур қилди, уларнинг баъзилари совуқ тунларга қарамай, террорчиларнинг позицияси ўққа тутилишининг олдини олиш мақсадида атайлаб автобусларда қолдирилди.

Штурм

Первомайское қишлоғига ўрнашиб олган жангарилар позициясининг биринчи штурми аввалроқ режалаштирилган эди, аммо жангарилар вақтни тўғри ҳисоблаб, ўз позициялари олдига гаровга олинганлардан иборат «тирик қалқон» ўрнатгани сабабли штурм кечиктирилди. Радуевни йўқ қилиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича махсус операция 14 январь куни бошланди. Унда «Алфа», «Витяз», «Рус, «Вега» (собиқ «Вимпел») ва бошқа махсус кучларни ўз ичига олган бирлашган гуруҳ кучлари қатнашди.

Штурм қилиш қарори, жангарилар томонидан гаровга олинганларни ўлдириш бошлаганидан кейин қабул қилинди – ўша куни эрталаб жангарилар оқсоқоллар ва новосибирсклик олти нафар полициячини отиб ташлашганди. 15–17 январь кунлари ФСБ ва Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари Первомайскоэ қишлоғига бостириб кирди, аммо жангариларнинг ҳимоя чизиғидан ўтолмади.

18 январга ўтар кечаси террорчилар чалғитувчи ҳужумни амалга оширди ва Совецкое қишлоғи яқинидаги назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олди, аммо улар эгаллаб олган позицияларидан дарҳол сиқиб чиқарилди. Айни пайтда жангариларнинг асосий қисми бир неча гуруҳларга бўлиниб, қочиб қутулиш мумкин бўлган ягона йўл – Терек дарёси устидаги кўприкка ўтиб кетишди. Террористларнинг аксарияти артиллерия ва авиация томонидан йўқ қилинди. Радуев ҳам баъзи жангарилар билан бирга қочишга муваффақ бўлди. 18 январь куни соат 15 га қадар федерал кучлар Первомайское қишлоғини қўлга олди. 90 га яқин гаровга олинган шахс озод қилинди.

Натижа ва оқибат

Салман Радуев тўдасининг Кизляр ва Первомайскоега уюштирган ҳужумлари натижасида  ҳарбийлар, Ички ишлар ходимлари ва Доғистоннинг тинч аҳолиси ичидан жами 78 киши ҳалок бўлди, бир неча юз киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди.

Фото: Google Photos

Террорчилар Кизлярда 800 дан ортиқ хонадонларга зарар етказди ва вайрон қилди. Первомайскийдаги 330 та уй вайрон қилинган, газ қувури, сув таъминоти, электр узатиш тармоғи ишдан чиқарилган, масжид ва тиббиёт бўлинмаси бинолари ҳам вайрон қилинган эди.

Доғистонда 1996 йил 19, 20 ва 21 январь кунлари Кизляр шаҳри, Первомайское ва Совецкое қишлоқларидаги терроризм қурбонлари учун мотам кунлари эълон қилинди. 1997 йилда Кизляр боғида ўлдирилганлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилди.

Кизлярда гаровга олинганлар орасидан 80 нафари тиббиёт ходими эди. Ҳаёт учун хавфли бўлган шароитда одамларни қутқаришда кўрсатган жасорати ва фидойилиги учун Россия Федерацияси Президентининг фармони билан кизлярлик шифокорлар Магомед Газимагомедов (вафотидан кейин) ва Аҳмед Саламов «Жасорат» ордени билан тақдирланди. 

Террористларнинг кейинги тақдири

Салбан Радуев тўдасида фаол бўлган жангариларидан бири Муса Чараев 1999 йил март ойида орқасидан отилган номаълум ўқ билан ўлдирилди.

1999 йил июль ойида Турпал-Али Атгериев Внуково аэропортида ҳибсга олинди ва 2001 йил декабрда Доғистон Олий суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 2002 йил 20 августда қамоқда сирли ҳолатда ўлим топди.

Хункар-Паша Исрапилов 2000 йил февраль ойида Грознийдан чекинаётганда мина сабабли портлаб кетди. Айдамир Абалаев 2002 йил май ойида махсус операция натижасида ўлдирилди.

Салман Радуев 2000 йил март ойида Новогрозненский қишлоғида ҳибсга олинди, 2001 йил декабрда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2002 йил декабрь ойида у Пермнинг энг қаттиқ тартибдаги колонияларидан бирида ички органлардан қон кетиши оқибатида вафот этди.

Россия тарихида ушбу терактга ўхшаган воқеалар жуда кўп содир бўлган. Буларнинг барчаси «Биринчи чечен уруши»дан бошланган эди. Аммо бу энди бошқа ҳикоя...



Манба: daryo.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list