- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- Перм университетидаги отишма: Қурбонлар бор
Перм университетидаги отишма: Қурбонлар бор
Россиядаги Перм университети (ПГНИУ) биноларидан бирида номаълум шахс ўт очиб, отишма уюштирди. ИИВ маълумотига кўра, қурбонлар ва яраланганлар бор, ҳужум қилган шахс қўлга олинган.
РФ ИИВ Пермда полициячилар олий таълим муассасаси ҳудудида отишма уюштирган шахсни қўлга олишганини маълум қилди.
«Бугун тонгда полиция навбатчилик қисмига Перм давлат миллий тадқиқотлар университети ҳудудида ўқ овозлари эшитилаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва яраланганлар бор... Ўтказилган амалиёт якунида ҳужум қилган шахс полиция ходимлари томонидан қўлга олинди», дейилади хабарда.
Дастлабки хабарларда ҳужум қилган шахс отишма чоғида йўқ қилингани айтилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, у яраланиб қўлга олинган.
Номаълум шахс №8 корпусда одамларга ўт очган. Университет матбуот хизмати маҳаллий 59.ru нашрига қурбонлар ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган, аммо уларнинг сони қанчалиги ҳозирча номаълум.
Тергов қўмитасига асосланиб тарқатилган сўнгги хабарларга кўра, университет ҳудудида саккиз киши ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тарқалган хабарларга кўра, камида 19 киши жароҳат олган.
Айни вақтда Россия бош вазири Михаил Мишустин соғлиқни сақлаш вазири ва олий таълим вазирига зудлик билан Пермга йўл олиш бўйича топшириқ берган.
РЕН-ТВ телеканали университет ҳудудида олинган видеоларни тақдим этди - кадрларда талабалар №8 корпусининг иккинчи қаватидан пастга сакраётганини кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ўт очган шахс Тимур Бекмансуров исмли талаба бўлгани ҳақида маълумот тарқалган, у ВКонтакте саҳифасида университетга йўл олишдан олдинги суратини жойлаган.
Перм университети ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бино ҳудудида бўлган талабалардан аудиторияларни ичкаридан қамаб олишни сўраган.
«Агар сиз айни вақтда университет ҳудудида бўлсангиз, агар аудитория ичкарисида бўлсангиз, илтимос, хонани ичкаридан қулфланг ва ўша ерда қолишга ҳаракат қилинг. Агар сиз кампус ҳудудида бўлангиз, имкон бўлса у ердан кетинг. Агар университетга кетаётган бўлсангиз - ортга қайтинг!», дейилади хабарда.
Манба: kun.uz