Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

АҚШнинг икки шаҳридаги отишмада беш киши ҳалок бўлди

216

Полиция маълумотларига кўра, Филаделфиядаги отишмада 3 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди. Чаттануга шаҳридаги тунги клуб олдида икки киши отиб ўлдирилган, 10 дан ортиқ киши яраланган.

АҚШнинг икки шаҳридаги отишмада камида беш киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳатланди. 5 июнь, якшанбага ўтар кечаси Пенсилвания штатининг Филаделфия шаҳридаги одамлар гавжум туманда номаълум шахслар оломонга қарата ўт очди, ҳодиса натижасида уч киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди, деб хабар берди шаҳар полицияси. 

Воқеа жойида полиция иккита ярим автоматик тўппонча ва кўплаб гилзалар топди. Бироқ жиноятчилар қочишга муваффақ бўлган. Отишма пайтида - маҳаллий вақт билан ярим тунда - ресторан ва барлар билан тўла ҳудудда юзлаб одамлар бўлган. Филаделфия полицияси бошлиғи Даниэль Аутлонинг айтишича, кўчада муштлашув кузатилган, унда отиб ўлдирилган эркаклардан бири иштирок этган. Аутло маълумотларига кўра, яна икки қурбон, бир эркак ва бир аёл киши ҳамда 11 нафар яраланган шахс «тасодифан гувоҳларга айланган». 

Якшанба куни эрталаб Теннесси штатининг Чаттануга шаҳридаги тунги клуб олдида ҳам отишма содир бўлди. У ерда, полиция маълумотларига кўра, икки киши отиб ўлдирилган, ўндан ортиқ киши яраланган. Воқеа жойини тарк этишга уринган яна уч кишини машина уриб юборган, улардан бири вафот этди. Маҳаллий полиция бошлиғи Селеста Мерфи журналистларга берган маълумотларига кўра, жабрланганларнинг бир нечтаси ҳаёт учун хавфли даражада жароҳатлар олган. Унинг сўзларига кўра, жиноят тафсилотлари ўрганилмоқда. Полиция ҳали ҳеч кимни қўлга олгани йўқ. 
 
Сўнгги ҳафталарда АҚШда ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда одам ўлдириш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Хусусан, 24 май куни 18 ёшли ўрта мактаб ўқувчиси Техас штати Ювалде шаҳридаги Robb Elementary School бошланғич мактабига келиб, AR-15 ярим автоматик милтиқдан ўқ узган. Натижада 22 киши ҳалок бўлди - 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган 19 бола ва уч нафар катталар, жумладан, полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилган ҳужумчининг ўзи. 

Ҳужум Америка мактабларига қилинган ҳужумлар орасида қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг оммавий ҳолатлардан бири бўлди. Техасдаги отишмадан сўнг, АҚШда ўқотар қуроллар айланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги мунозаралар қайта бошланди. 

27 май куни Техасдаги Миллий мерганлик ассоциациясининг йиллик қурултойида сўзга чиққан АҚШ президенти Жо Байден мамлакатда «қурол лоббисига қаршилик кўрсатиш»га чақирди. «Мен бундан тўйганман. Биз ҳаракат қилишимиз керак. Менга бу қирғинга таъсир қила олмаймиз, деб айтманг», деди Байден. Айни пайтда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ўша қурултойдаги нутқи чоғида қурол назоратини кучайтиришга қарши чиқди ва саъй-ҳаракатларни мактаблардаги хавфсизлик тизимини ўзгартиришга қаратишни таклиф қилди.



Манба:  kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list