- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- Аллоҳ қалбларимизга қарайди
Аллоҳ қалбларимизга қарайди
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз дедилар: “Аллоҳ сизларнинг шаклу шамойилингиз ва мулкингизга қарамайди. Фақат қалбингиз ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).
Қиёфа ва ташқи кўринишни муҳим жиҳат ҳисоблаб, бу йўлда ҳисобсиз харажатлар қилаётган шу кунларимизда Расулуллоҳ cаллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини тез-тез ўқиб туришимиз заруратга айланмоқда.
Ҳадис мазмунидан кўриниб турибдики, Аллоҳ учун сирт эмас, мағиз, модда эмас, маъно афзал. “Махфий ва ошкора барча нарсани биладиган” ("Наҳл", 19), “дилларнинг яширганларидан воқиф” ("Ғофир", 19) Зот бўлмиш Аллоҳ ҳузурида қабул бўладигани ниятларимиз ва амалларимиздир. Бинобарин, улар жазо ёхуд мукофотга сабабчидирлар. Зеро, на ташқи чиройимиз, на бизга омонат мол-мулкимиз, на наслу насабимиз Тарозуга қўйилмайди. Унда тортиладиганлар салмоғини бизга берилган неъматларни қай йўсинда, қандай ниятда сарфлаганимиз ташкил этади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ўз Каломи шарифида “мол ва фарзандлар фойда бермайдиган кунда фақат соғлом дил иш беришини” ("Шуаро", 89) хабар қилган.
Расулуллоҳ cаллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қилинган амаллар ниятга кўра аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаганлар. Бинобарин, инсон имон келтириш билангина нажот топа олмайди. Ҳатто, намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж ва умрага бориш ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Шунга кўра, “Пировард мақсад – шу ибодатлар орқали эришиладиган энг чиройли ахлоққа эришилдими?”, “Ортимиздагиларга битмас-туганмас хазина бўлмиш яхши тарбияни мерос қила олдикми?”, “Оила, миллат ва Ватан олдидаги бурчларимизни холис бажардикми?” – деган саволларга ижобий жавоб бера олсаккина чин мусулмонлик даъвосини қила оламиз!
Шоакмал АКБАРЗОДА
Манба: Irfon.uz