- Bosh (sahifa)
- Xabardor boling
- Yangiliklar
- Дунё ва тақдирлар: Мана шу каравот бўлмаса ўлардим
Дунё ва тақдирлар: Мана шу каравот бўлмаса ўлардим
Бундан бир йил муқаддам юнонистонлик учувчи Василиос Василиу Кобулдаги нуфузли Интерконтинентал меҳмонхонасига жойлашади. Меҳмонхона хорижликлар орасида анча машҳур бўлганидан Толибон жангарилари ўтган йилнинг 20 январида унга ҳужум уюштириб, камида 40 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Василиос бу қирғинбаротдан қандай омон қолганини ҳикоя қилиб берди.
Ўша куни кечки овқатни дўстим Майкл Поуликакос билан вақтлироқ - соат олтида тановул қилишни режалаштирган эдим. Одатда, саккиз яримда овқатланардим.

Кечки овқатни, тахминан, 19.30 да тугатдик. Сўнг энг юқори қаватдаги хонам томон йўл олдим. Телефон орқали ҳал қиладиган ишларим бор эди. 20.47 да Афинадаги танишим билан суҳбатлашаётгандим. Шу пайт биринчи қаватдан гумбурлаган товуш эшитилди.
Шошиб, балконга чиқдим. Меҳмонхонанинг кириш қисмида бир одам қонга беланиб ётар эди. Зум ўтмай, ҳам бино ташқарисида, ҳам ичкарисида отишма бошланиб кетди. Шу лаҳзада ресторандан вақтида кетиб, тўғри иш қилганимни англадим. Ва ўзимга-ўзим дедим: "Окай Василиос, энди жон сақлаб қолиш учун нимадир қилишинг керак."
Балконни очиқ қолдириб, хонам эшигини қулфлаб олдим. Ётоқ жойидаги матрасни олиб, граната парчаларидан сақланиш мақсадида эшикка тираб қўйдим. Кейин чойшаб, сочиқ ва кийимларни бир-бирига улаб, тўртинчи қаватга тушиб олишга ёрдам берадиган арқон тайёрладим. Бу жон сақлаш учун ҳар эҳтимолга қарши восита эди.

Учувчи бўлганимдан узоқ йиллар фавқулодда вазиятларда қандай онгли йўл тутиш йўлларини ўрганган эдим. Ҳатто, ресторан ёки кинотеатрга борганимда ҳам, беихтиёр бинодан чиқишга осон бўлган жойни танлардим. Эҳтиёткорлик деярли қонимга сингиб кетганди.
Арқон тайёр бўлиши билан энди буёғига қандай ҳаракат қилиш ҳақида ўйлай бошладим. Ҳужумни қанча одам амалга ошираётгани, улар ҳозир бинонинг айнан қайси қисмида изғиб юрганини билмас эдим. Бешинчи қаватдан сакраш эса ўз жонига қасд қилишдан ўзга нарса эмасди.
Ҳозир негалигини аниқ тушунтириб бера олмайман, аммо ўша вақтда, ғайритабиий равишда, ўзимни хотиржам ҳис қилаётган эдим.
Хонадаги кимса жон ҳолатда шошилиб чиқиб кетгандек кўринсин учун ётоқ юзасини бетартиб аҳволга келтирдим. Ўзим эса қалин дарпарда ва жавон ортига яшириниб олдим.
Шу тарзда орадан бир ярим соатча вақт ўтди. Ўша вақтда жангарилар қабулхона, ресторан, биринчи ва иккинчи қаватдаги деярли ҳамма инсонни отиб ташлаганини ҳали билмас эдим.
Улар учинчи ва тўртинчи қават бўйлаб югуриб юрар эди. Томдан ҳам шошилинчда босилаётган қадам товушлари эшитилиб турарди. Осмонда эса халқаро кучларга тегишли тикучарлар тинмай айланар эди.
Шу пайт мен турган қаватда ҳам ўқ овози янграй бошлади ва бутун бинода чироқ ўчиб қолди.

Мен бешинчи қаватга чиққанда учинчи бўлган 522-хонада эдим. Уларнинг 521-хонага бостириб кирганини эшитдим. Жангарилар бутун тун давомида шу хонадан ҳужумни бошқариш маркази сифатида фойдаланди.
Тўсатдан менинг хонам эшигини ўқлар тешиб ўта бошлади. Мен «бошқа жойга яширинганим маъқул,» деб ўйладим.
Мен полга узала тушиб, каравот томон судрала кетдим. Каравот ости жуда тор эди. Мен қўлим ва тиззам билан унинг оғирлигини ушлаб туришга ҳаракат қилардим.
Каравот остидан хонани деярли кўриб бўлмас эди - унинг ости ва пол ўртасида атиги 10 сантиметр масофа бор эди, холос.
Шу чоғда жангарилар қулфга қарата ота бошлади. Кейин эшикни оғир болға билан бузиб, хонага тўрт киши кириб келди. Балкон эшиги очиқлигини кўрган уларнинг бири зудлик билан ўша томон югура кетди.

У тўппончадан балконга қарата ўқ узди. Ҳозир улар бутун хонани илма-тешик қилиб ташлайди ва аниқ ўламан, тинимсиз ўйлардим мен. Оилам, болаларим, ҳаётимдаги яхши-ёмон кунларим кўз олдимдан ўта бошлади.
Бахтимга жангарилар қолган хоналарни текширгани чиқиб кетди. Бироқ улар бутун ҳужум давомида хонамга кириб-чиқиб турди.
Шундоқ коридордан ўтгандаги хоналарда мен таниган борт кузатувчилари ва бошқа учувчилар бор эди. Мен уларнинг шафқат сўраб, ёлворишини эшитар, унинг кетидан эса ўқ овози гумбурларди.
Ўйлашимча, улар бешинчи қаватда топилган ҳар бир инсонни ўлдириб чиқди. Йиғи овози, ўқ товуши ва навбатдаги хона эшигининг қарсиллаб очилиши…
Жангарилар ҳар бир қатлдан сўнг ўзаро хохолаб кулар, гўё улар отишма-отишма ўйнаётгандек ёки бирор зиёфатда кўнгилхушлик қилаётгандек эди.
Соат, тахминан, тонг саҳар учга бонг урганда, бешинчи қаватда катта ёнғин бошланди. Тутун шу қадар қуюқлигидан жангарилар пастга тушиб кетди. Ярим соатга яқин вақт давомида ташқаридан ҳеч қандай ўқ овози эшитилмади. Мен, ниҳоят, каравот тагидан чиқиш вақти бўлди, деган қарорга келдим.
Чиқишим билан кўзим ағдарилиб ётган хонадаги иккинчи каравотга тушди. Улар остида кимдир бўлиши мумкин, деб каравотга ўқ узиб, ағдариб ташлаган эди.
«Бугун иккинчи марта бир ўлимдан қутилиб қолдим,» деган хаёл миямдан ўтди.

Шунда хонамга ҳам қуюқ қора тутун бостириб кира бошлади. Шошганча, балконга чиқдим. Чап тарафимдаги хона аланга ичида қолганди. Агар олов менинг хонамга ҳам ўтса, омон қолмаслигимни англадим.
Атрофга аланглаб, томдан ерга қадар осилиб ётган телевидение кабелларини кўриб қолдим. Амаллаб, улар томон қўл чўздим. Ногаҳон, шундоқ ёнимдан ўқлар визиллаб ўта бошлади. Бир ўқ чап елкамдан 20 сантиметр наридан ўтиб, ортимдаги ойнага урилди.
Ўқлар, катта эҳтимол билан, халқаро кучларнинг снайперидан отилган эди. Улар балконда пайдо бўлган кимсани жангарилардан бири, деб ўйлаган бўлса керак. Снайперлар бундай масофадан нишонни ҳар доим аниқ пойлайди. Бироқ мен кабелларни тутиб олиш учун эгилганимда, ўзим билмаган ҳолда ўқларга чап бериб қолгандим.
Икки ўт орасида қолганча, мажбуран хонага қайтдим. Бирор шовқин чиқармаслик мақсадида жуда оҳиста қадамлар билан ваннахонага кирдим. Нарсаларим ичида тирноқ оладиган кичик қайчим бор эди. Шу қайчи билан каравотнинг остки тарафига қопланган материални йиртдим. Бир одам сиғиши мумкин бўлган тешик ҳосил бўлди. Агар қоплама ичига кириб олсам, мени пайқаш қийинлашар эди.
Сўнг музлатгичдан икки шиша сув ва бироз сут олдим. Кийимларимдан бирини қирқиб, бўлакладим. Кичик бўлакларни бурнимга тиқдим. Бу тутундан ҳимоя воситаси вазифасини бажарар эди.
Каттароқ кийим парчасини сув ва сутга бўктириб, оғзимга босдим. Афина Халқаро Аэропортининг ёнғинга қарши бўлинмаси ўтказган машғулотда шу йўл билан тутун заҳридан сақланиш мумкинлигини ўргатишган эди.

Сўнг каравот остидаги қоплама ичига кириб олдим. Яширинишимни биламан, хонага яна жангарилар кириб келди. Уларнинг бири шундоқ каравотга ўтириб олди. Мен унинг оёқларини кўриб турар эдим. Бу йигит полга тинимсиз тупурар ва шерикларига кўрсатмалар бериб турарди. Озгина вақт ўтгандан кейин у балконга чиқиб, автоматдан пастга қарата ўқ узди.
Жангарилар отишмани тўхтатган пайти хонага оғирлик сукунат чўкар, мен бундай вақтда дамимни ичимга ютиб, заррача товуш чиқармасликка интилар эдим.
Ичимда бугун ҳеч қанақасига ўлмайман, деб қайта-қайта такрорлардим. Сабаби қатор-қатор бахтли тасодифлар мени муқаррар ўлимдан сақлаб келаётган эди: мен одатдагидан вақтлироқ кечки овқатга борганим шарофати билан қочиб бўлмас ажалдан қутилиб қолдим; бу кимсалар иккинчи каравотни ағдар-тўнтар қилиб, наригиси остида ҳеч ким йўқ бўлса керак, деган фикрга келгани учунгина омон қолдим; ҳатто, бир чақиримдан тангани бехато урадиган снайперлар ҳам шунчаки беихтиёр эгилганим сабабли мени пойлолмаган эди; устимда эса энг ваҳший каллакесарлардан бири ўтирар, шериклари атрофда изғиб юрар, лекин хонада эканлигим уларнинг тушига ҳам кирмас эди.
Халқаро кучлар барибир бинони эгаллайди, деган умид билан яширинган жойимдан жилмасликка қарор қилдим.
Аммо тонг отиши билан халқаро кучлар танкдан бешинчи қаватни ўққа тута бошлади. Уларнинг асосий эътибори жангарилар бошқарув марказига айланган қўшни 521-хонага қаратилган эди. Бироқ террорчилар хонама-хона қочиб юргани туфайли улар бутун юқори қаватни ўқ билан аёвсиз саваларди.
Танк ҳар сафар ўқ узганда, бутун меҳмонхона силкиниб кетар эди. Кейинроқ бинонинг томи деярли тўкилиб тушганини кўрдим. Яна омадим келиб, жоним омон қолганди.

Халқаро кучлар иккинчи қамал ҳужумини тонгги соат олтиларда бошлади. Жангарилар менинг жавонимдан кийимларни шоша-пиша йиғиштираётганига қулоғим чалинди. Улар полга тўшалган гиламчаларни ҳам олиб кетди. Кейин барча тўпланган латта-путталарни 521-хонага ташлаб, уларнинг устига керосин сепди ва ўт қўйиб юборди.
Энди олов менга жуда яқин эди. Унинг тафти ва тутун янада кучайганди. Каравот остида, нари борса, 20 дақиқача бардош беришим мумкин эди, холос. Мен очиқ балкондан хонамга кириб турган совуқ ҳаводан нафас олиш мақсадида ерга юзтубан ётиб олдим.
Бу ёғоч, кийимлар ва пластик ёнганда чиқадиган тутун эмасди - унинг ҳидига чидаб бўлмасди. Бу тутун ёнаётган жасадларники эди.
Хонада қадам товушлари ортиқ эшитилмай қолди. Мен эмаклаб каравот остидан чиқдим. Шу вақт деразалари ойналари синиб, унинг парчалари хона ичкарисига отила бошлади.
Халқаро кучлар юқори босимли сув билан ёнғинни ўчириш ҳаракатига тушганди. Сувнинг кучи ойналарни синдириб, кираётган эди. Тез орада олов сўнди, лекин мен қишнинг қоқ чилласида эшик-деразалари тўкилиб тушган хонада яхдек сувга жиққа бўкиб қолдим. Ўша куни ҳарорат кўчада 3 даража совуқ эди. Шунча ўлимдан омон қолдим, аммо энди касал бўлишим аниқ эди.

Соат 9.25 да пастки қаватда яна ўқ овозлари эшитилди, лекин бу сафар ўқнинг товуши ўзгача эди. Шу сабабли халқаро кучлар бинога кириб келди, дея тахмин қилдим.
Жангарилар ҳали ҳам бешинчи қаватда эди. 521-хонадан Калашников автоматидан кимдир аскарларга жавоб қайтарарди.
Соат 9.30 дан 11.15 га қадар халқаро кучлар бешинчи қават томон кўплаб граната улоқтирди. Уларнинг бир нечтаси хонам эшиги ёнида портлади. Мен граната портлашидан мажақланиб кетган жомадонимни эсдалик сифатида сақлаб қўйганман.
Соат 11.30 бориб, 521-хонада фақат биргина террорчи қолгандек туйилди. У автоматни ташлаб, тўппончадан ўқ узишга ўтганди. Бу унинг ўқлари тугаётганидан далолат эди.

Мен ўзимда йўқ шод эдим. Хурсандликдан кулиб юбормаслик учун кафтимни оғзимга маҳкам тутиб ётардим. Бир неча дақиқадан сўнг тўппончанинг ҳам овози ўчди.
Ўлгудек чарчаган эдим. Ҳужумдан бир кун олдин тун бўйи ухламай, самолёт бошқаргандим, Мижжа қоқмаганимга 35 ёки 40 соат бўлганди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, хонам томон бир гуруҳ одамлар яқинлашаётганини пайқадим. Улар ким эканига ишончим комил эмас эди. Шунда кимдир афғонча талаффуз билан «Полиция! Полиция!» дея қичқира бошлади. Мен балки жангарилар найранг қилаётгандир, деган гумонга бордим ва каравот тагидан чиқмадим. Шу дамда ҳақиқий инглизча талаффуз билан бошқа одамлар ҳам «Полиция!» деб бақириб, нажот келганини ҳар ёққа эълон қилди.
Бахтиёрлигимдан юрагим хапқириб кетди. Овоз чиқаришга уриндим, лекин совуқ, тутун ва оғир каравот юкини узоқ вақт кўтариб ётганимдан кўкрак қафасимда қаттиқ оғриқ турганлигини энди сездим.
Каравот тагидан судралиб чиқдим. Хона ҳали ҳам қора тутунга тўла эди. Шу сабабдан улар юзимни кўра олмай, менга қурол ўқталиб, «Ерга ёт!» деб бақирарди.
«Бу арвоҳ бўлса керак,» шивирлади уларнинг бири.
Совуқдан дағдағ қалтирар эдим, лекин: "Мен Kam Air авиакомпаниясига тегишли учоқлардан бирининг капитаниман. Илтимос, отманг!" дейишга ўзимда мажол топа олдим.
Улар бундай жаҳаннамда омон қолганимга ишонмадилар. Қандай жон сақлаганимни қайта-қайта сўрашди. Мен бутун вақт давомида шу хонада бўлганимни айтдим.
Улардан бири шундай деди: "Окай, сизни паст олиб тушаман, лекин олдин сиз билан суратга тушишим керак." Мен ҳам бу кунлардан эсдалик қолсин учун суратга тушишни исташимни маълум қилдим.

Мен меҳмонхонадан олиб чиқилган сўнгги омон қолган омадли инсон эдим. Улар барча қутқариб олинган шахсларни Кобулдаги британияликлар базасига олиб бордилар. У ерда дўстим ва ҳамкасбим Майклни кўрганимда, хурсандликдан бошим осмонга етган эди. Унинг ҳаёт эканига ишонолмадим. На кулишни, на йиғлашни билмас эдим. Севимли дўстим омон қолган, аммо, минг афсуски, бошқа кўплаб яқин ҳамкасбларимдан айрилган эдим. Бу инсонлар - учувчилар, операторлар, муҳандислар - билан бир оиладек бўлиб қолгандик.
Юнонистон ташқи ишлар вазирлиги оиламга қутқарувчилар бутун меҳмонхонани текшириб чиққани, лекин мени топиша олмаганини айтган экан. Оилам мендан деярли умидини узиб бўлган экан. Ҳаммаси тугагандан сўнг уч-тўрт соат ўтиб, уларга қўнғироқ қилганимда, қандай хурсанд бўлишганини бир кўрсангиз эди…

Фото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES
Мен ҳар доим ҳаётга ёрқин томондан қарайдиган инсон бўлганман. Бугун янада ҳам некбин кайфиятдаман. Ҳаётимнинг ҳар лаҳзасидан завқ олишга интиламан, нимам бор бўлса, шунга шукур қиламан. Ҳаёт - бу бизга берилган инъом ва биз қанча давом этмасин, ундан лаззатланишимиз зарур.
Биласизми, Юнонистон соҳиллари бўйида дўстлар билан ўтириб, одамларнинг молиявий инқироздан қанчалик шикоят қилаётганини эшитаман. Шунда мен уларга: «Нолишни йиғиштирсангчи! Соғ-омон эканингдан хурсанд бўл. Соҳил бўйида маза қилиб, еб-ичиб ўтирибсан. Биз эркинмиз, дўстларимиз атрофимизда, кулишиб ўтирибмиз - ахир одам ҳаётининг мазмуни ҳам шуку,» дейман.
Маслаҳатим, бутун эътиборингизни ишга, ҳаёт қийинчиликларига бериб, ҳадеб тушкунликка тушманг. Унинг ўрнига қувончли онларни яратишга, яхши одамлар даврасида бўлишга интилинг. Ахир ҳаёт бағоят гўзал.
Кобулдаги ўша воқеадан кейин ҳаётнинг нақадар мафтункор эканини чин дилдан ҳис қилдим. Ишонинг, мен ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасидан бир олам лаззат оламан.
Интерконтинентал меҳмонхонасига уюштирилган ҳужум оқибатида камида 40 нафар инсон ҳалок бўлган.
Белгиланганлардан ташқари барча суратлар Василиос Василиуга тегишли.
Манба: bbc.com