• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ҲАЁТИЙ-АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ҲАЁТИЙ-АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ҲАЁТИЙ-АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Тарихга назар ташласак, ҳар бир даврда ўзига хос ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа муаммолар бўлганига амин бўламиз.


 Ҳозирги замоннинг глобал муаммолари сирасига ишсизлик, моддий етишмовчилик, айрим мамлакатларда аҳолининг кам таъминланган қатлами ижтимоий муҳофазаси яхши йўлга қўйилмаганлиги, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни киритиш мумкин.

Айниқса, терроризм ва экстремизмни, одам савдоси, бутун жаҳонда тарқалиб бораётган «оммавий маданият» хуружларини ёшлар тарбиясига катта хавф солаётган омиллар сифатида алоҳида санаб ўтиш лозим. Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш муҳим ҳаётий-амалий аҳамиятга эга. Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг муҳим усулларидан бири ҳисобланади.

Ёшларнинг терроризм ва экстремизм таъсирига берилишининг асосий сабабларидан бири уларда ҳуқуқий онг ва билимнинг ҳали етарли даражада шаклланмаганлигидадир. Яна ёшларнинг турли ёт оқимларга кириб қолишига сабаблар қаторида уларда диний маърифатнинг етишмаслиги, уни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш ҳамда ишонувчанлик, бирданига ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва ҳоказо) эга бўлишга ҳаракат қилиш, илмий тилда айтганда, максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Мутахассислар фикрига кўра, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олувчи ёшларда диний-маърифий билимлар етарли даражада шакллантирилмай қолмоқда. Хусусан, таълим даргоҳларида диншунослик ихтисослигига эга бўлган кадрларнинг етишмаслиги сабабли ушбу фанлардан дарс ўтиш номутахассис бўлган педагог­ларга юклатилмоқда.

Шу билан бирга, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шу билан бирга, комил инсон бўлиб тарбияланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган психология ва миллий ғоя фанлари ўтилишида ҳам шундай камчиликларга йўл қўйилмоқда. Оқибатда номутахассис бўлган педагоглар ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олмай, психологиясини билмай, ғоявий бўшлиқларини тўлдира олмай қолмоқда. Натижада ёшлар орасида динни нотўғри талқин қилиш ва турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари учраб турмоқда.

Олимларнинг таъкидлашича, террорчилар асосан 16–35 ёшлар атрофидаги шахслардан иборат бўлади. Террорчилик жиноятларини содир этувчиларни қуйидагича таснифлаш мумкин.

Ташкилотчилар. Ушбу тоифага тегишли бўлганлар ёшлик давридан террорчилик фаолияти билан шуғулланишга мойил шахслардир. Ҳозирги замон тиббиёти нуқтаи назаридан олиб қарасак, генетик террорчилар мия структурасининг туғма ёки ёшлигидаги оғишлари натижасида ҳокимиятни қўлга олиш, бошқариш каби иллатларга мубтало бўлади.

Таъминловчилар. Бу тоифага турли кўринишдаги ноқонуний ёки жиноий йўллар орқали моддий маблағ йиғиш билан шуғулланувчи шахслар киради. Улар ёлловчи, террорчилик ҳаракатларини тайёрловчи, ўргатувчи ва технолог каби турларга бўлинади.

Ижрочилар. Мазкур шахслар террорчилик ташкилотининг энг қуйи поғонасида туради. Уларнинг асосий вазифаси бевосита террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш ҳисоб­ланади. Улар портловчи мосламани портлатиш жойига олиб борувчи, масофадан ҳаракатга келтирувчи ва ўзини-ўзи портлатувчи аёл ҳамда эркаклардир.

Фаолият олиб боришда буз­ғунчи ташкилотлар ва гуруҳлар қуйидаги замонавий усуллардан 
фойдаланмоқда:

  «Ҳижрат» ва «жиҳод» ғояларини, «шаҳид бўлиш» усулларини, оммавий террор ва яширин фаолият тактикасини тарғиб қилиш;

  ўз тарафдорларини ҳокимият тузилмаларига, жумладан, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нафақат тарғибот-ташвиқот, балки мустаҳкам ўрнашиб олиш мақсадида киритиш;

  расмий диний тузилмалар вакилларининг мавқеини заифлаштириш мақсадида уларни обрўсизлантириш;

  аъзоларини етарли даражада аниқ ихтисослаштириш, маънавий ва моддий рағбатлантириш билан ташкилий тузилмаларни, пухта ўйлаб чиқилган тизимни шакллантириш ва мустаҳкамлаш;

  ўз қаторига аҳолининг муайян қатлами вакилларини, масалан, тадбиркорларни кўплаб жалб этиш;

  Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини кескин танқид қилиш, ҳокимият идоралари ва уларнинг вакилларини обрўсизлантириш;

  расмий ҳокимиятга таъсир кўрсатишга мўлжалланган очиқ, намо­йишкорона ҳаракатларни (пикетлар, варақалар тарқатиш ва ҳоказо) амалга ошириш;

  мутаасиблик руҳидаги адабиётларни кўпайтириш, бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бўш назорат қилинадиган жойларда маскан қуриш;

  исломий ҳаёт тарзини ва давлат тузилишининг теократик шаклини кенг тарғиб қилиш, жумладан, босма нашрлардан фойдаланиб, варақалар тарқатиш, интернетда турли сайтлар очиб, ушбу сайтларга ўз экстремистик ғояларига мос мазмундаги материалларни жойлаштириш, дисклар тарқатиш.

Бугунги ахборот асрида бузғунчи кучлар асосий эътиборни ёшларнинг онгини эгаллашга қаратмоқда. Бунда улар турли омиллардан усталик билан фойдаланишяпти.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида қуйидагиларни баён этган: «Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради. Бу борада кўп ҳолларда таҳдид­ларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир. Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим».

Сўнгги йилларда терроризмнинг турли кўринишлари вужудга келди. Аҳоли онгига таъсир кўрсатиш учун жамиятда мавжуд турли муаммоларга ирқий, диний, миллий тус бермоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда террорчилар 80 фоиз тарғиботларини интернет орқали амалга оширмоқда. Ёшларнинг маънавий тарбиясига ташқи бузғунчи кучлар ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур кучлар ўзининг вайронкор ғояларини дин ниқоби остида ёшлар онгига сингдиришга уринмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, террорчилар ҳақиқий инсоний туйғулардан узоқлашган, жамиятда қарор топган қонун ва тартибларни ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида ўзгартиришга ҳаракат қилувчи шахс­лардир. Хавфли жиҳати шундаки, улар ўз бузғунчи ғояларини ёшлар орасида тарқатиш орқали бу каби иллатларнинг янада кенг тарқалишига сабаб бўлади, ҳали онги шаклланиб улгурмаган фарзандларимиз маънавиятини бузишга уринади.

Ҳозирги террорчилик ташкилотлари ўзининг ташкилий тузилиши, чегара билмаслиги ва ўзаро алоқаларининг кенглиги билан ажралиб туради. Шунингдек, террорчи ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири ўз сафларига асосан ёшларни жалб қилиб, уларни руҳий ва жанговар таёргарликдан ўтказган ҳолда манқуртга айлантиришдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида динлар тарихи, психология ва миллий ғоя фанларидан дарс берувчи педагоглар фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уларнинг малакасини ошириш;

  ёшлар орасида мунтазам равишда терроризм ва экстремизмнинг зарарли таъсирини олдини олишга қаратилган ғоявий тарғибот олиб бориш;

  зарарли мафкура, таълимот, оқим ёки ташкилотларнинг ижтимоий-психологик жиҳатдан хавфлилик (хавфсизлик) даражаси тўғрисида асосли хулосалар бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш орқали ёшларнинг турли экстремистик ва террористик ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш.


Абдумалик КАРИМОВ,

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси

мафкуравий тарғибот бўлими етакчи мутахассиси.



Манба: postda.uz

Munosabat bildirmoq: Абдумалик КАРИМОВ


Back to the list