Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ТЕРРОРИЗМ – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД

ТЕРРОРИЗМ – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД

Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун бебаҳо неъмат бўлиб келмоқда. Чунки одамларнинг яратувчилик меҳнати билан шуғулланиши, бахтли, фаровон ҳаёт кечириши, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. 


Аммо азалдан яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик каби кучлар ўзаро курашган, инсон ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Ақидапарастлик ва терроризм ана шундай иллатлар сирасига киради. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХI асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини намоён эта бошлади.

Айни пайтда терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари инсониятнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, ёшларни йўлдан уришга ҳаракат қилмоқда. Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётни кўра олмаслиги барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов дунё миқёсида ҳали кўплаб қўпорувчилик, хунрезликлар юз бермасдан, бу хавфни илғаган ва жаҳон жамоатчилигини унга қарши биргаликда курашишга, кескин чоралар кўришга даъват этган эди. Бизнинг халқимиз терроризм даҳшатини ўз бошидан бир неча бор кечирган ва бу бузғунчилик ҳаракатининг азиятларини тушунади.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТнинг 72-сессиясида дунё ҳамжамиятини терроризм балосига қарши ҳамжиҳатликда курашишга даъват этди.

Терроризм жиноятларининг 2001–2017 йилларда дунё давлатларида содир этилиши статистикасининг таҳлилида ушбу жиноятнинг энг кўп қурбони бўлган ва моддий зарар кўрган давлатлар қаторига Ироқ, Покистон, Афғонистон, Нигерия, Сурия, Россия, Франция, Бельгия, Буюк Британия, АҚШ, Германия каби мамлакатлар киритилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур давлатларда содир этилган террорчилик ҳаракатлари умумий содир этилган жиноятларнинг асосий қисмини ташкил қилиши бугунги кунда умумэътироф этилган ҳақиқатдир. Терроризмнинг кўлами ва унинг халқаро хусусият касб этиб бораётгани ҳамда янги турлари, шакллари, содир этилиш усулларининг пайдо бўлаётганлиги унга қарши курашишнинг халқаро тизимини янада ривожлантириш, ҳамкорликни кенгайтириш, бу борада аниқ тизимли фаолиятни шакллантириш заруриятини юзага келтирди.

Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Бу борада давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 15 июнь куни «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини  асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида шундай деган эди:

«Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди».

Хулоса сифатда шуни айтиш мумкинки, ҳозирги геосиёсий жараёнларда сиёсий кучлар ўз мақсадлари йўлида «сохта демократия» қадриятлари ниқоби остида бузғунчи ва миллат манфаатларига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилишмоқда. Уларнинг нияти, аввало, миллат маънавияти, қадрияти, анъаналари, мамлакат суверенитети, юрт тинчлиги ва осойишталиги, Ватан тараққиёти, ободлигига рахна солишдир. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни бузғунчи ғоялар орқали бойлик орттириш, халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятларини йўқ қилишга уриниш деб қараш лозим.

Келажак эгаларини халқимиз маънавиятига ёт «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам бугунги шиддат билан ўзгараётган, глобаллашув жараёни авж олаётган замоннинг энг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда. Унинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида ёшларни миллий истиқлол ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, ахборот-ресурс марказларига, маданий-тарихий ёдгорлик масканларига, театр ва кўргазмаларга жалб қилиш, билимли, соғлом ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатга эга инсонлар қилиб тарбиялаш улар онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари барча оммавий ахборот воситалари қатори интернет ҳам ёшларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очишини таъкидлаб: «Интернет – бу катта бир дўкон. Дўконга борганда, одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ҳам шундай бир бозор, яъни ахборот бозори, деб тушуниш керак», дейди. Бинобарин, ўсиб келаётган авлодни шундай тарбия­лашимиз керакки, улар ахборот маконига кирганда, фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсани олсин.

Ўзбекистон эришаётган, дунё тан олаётган улкан ютуқларнинг негизида турган асосий омил инсондир. Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг « Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деган сўзлари бир аср аввал миллатимиз учун қанчалик муҳим ва долзарблик касб этган бўлса, ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган даражада улкан зиён етказиши мумкин. Бу таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, илмий асосда пухта ташкил этилган, узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш талаб этилади. Давр шиддати билан бирга қадам ташлаётган ёшларимиз миллий маънавиятимиз асосида тарбия топса, уларга одоб-ахлоқ тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Абдумутал ЗАКУРЛАЕВ,

юридик фанлар номзоди, доцент.


Манба: postda.uz



Munosabat bildirmoq: Абдумутал ЗАКУРЛАЕВ


Back to the list