Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон - Россия: Ўзбекистон фуқаролари таҳдидми?

Россия Ички ишлар вазирлиги юқори мартабали вакилининг баён қилишича, Ўзбекистон ва Тожикистондан келганларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Вазир муовини Игорь Зубовга кўра, ИШИД жангари гуруҳи номаълум вертолётларда ўз жангариларини оммавий равишда Покистондан Афғонистон шимолига ташламоқда.

Унинг айтишича, худди шу боис ҳам, Россиядаги Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари алоҳида эътибор талаб қилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон энг катта сондаги фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд икки Марказий Осиё давлати бўлишади.

Биргина расмий рақамларда Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнинг сони бугун ҳам бир миллиондан ортиши айтилади.

Россия ҳукумати сўнгги йилларда шундоқ ҳам миграция оид қонунларини янада кучайтирган.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида ўзбек ҳукумати сўнгги икки йил ичида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига жиддий эътибор қаратган.

Аммо Россия Ички ишлар вазирлигининг сўнгги баёноти ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳали-ҳануз Россияда ўзларичалик аҳволи оғир бошқа давлат фуқаролари йўқ эканига оид шикоятлари манзарасида янграган.

Бу ҳақда баён қиларкан, Игорь Зубов ИШИД билан боғлиқ бу каби маълумотлари манбасини очиқламаган.

ИШИД гуруҳи ўзининг жангариларини оммавий равишда афғон-тожик чегарасига ташлаётганига оид бу каби хабар ҳозирча бошқа манбалар томонидан ўз тасдиғини топмаган.

Афғонистон томони россиялик масъулларнинг мазкур баёнотига ҳалича ўзининг муносабатини билдирмаган.

Лекин шу пайтгача расмий Кобул баробарида Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийларига эга расмий Вашингтон ҳам Россиянинг бу каби хавотирларини асосли, деб билишмаган, ҳамиша рад этиб келишган.

Аммо мазкур хабар ортидан, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси махсус баёнот билан чиққан.

Тожик-афғон чегарасида "террорчилар йўқ"лигини билдирган.

Бу ҳақда Тожикистоннинг "Авеста" интернет нашрига таяниб, Россиянинг regnum.ru портали хабар берган.

Қўмита матбуот воизининг маълум қилишича, Тожикистон чегара қўшинлари давлат чегараларини диққат билан кузатиб туришибди.

Бундан ташқари, бу масалада Афғонистон томони билан яқиндан ҳамкорлик ҳам қилишмоқда.

Худди шу боис ҳам, ўз чегараларида ИШИД жангарилари пайдо бўлишса, бу ҳақда ўзларида албатта маълумот бўлади.

Аммо Ўзбекистон томони Россиянинг сўнгги баёноти борасида ҳозирча жим.

Баёнотлар...

Сергей Лавров
Фото муаллифлик ҳуқуқиREUTERS

Расмий Кремль, айниқса, сўнгги йилларда ИШИД ва Афғонистон билан боғлиқ бу каби хавотирли чиқишларга зўр берган.

Аксарият таҳлилчилар эса, буни Президент Владимир Путиннинг империалистик амбицияларига йўйишган.

Расмий Кремлнинг шу йўл билан Ўзбекистонни яна ўзининг сиёсий орбитасига олиш, ЕвроОсиё ҳамжамиятига тортиш ҳаракатлари, дея баҳо беришган.

Бундан-да чуқурроқ таҳлилларга берилган экспертлар эса, буни минтақадаги геосиёсий танглик билан боғлашган.

Россиянинг сўнгги йилларда Афғонистон Толибон ҳаракати билан "яқинлашиш", афғон можароси масаласида янада фаоллашиш уринишлари манзарасида расмий Москва ИШИД таҳдиди воситасида АҚШни минтақадан сиқиб чиқариш мақсадида эканини айтишган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Россия томонининг ИШИД билан боғлиқ сўнгги йиллардаги чиқишлари ва баёнотлари манзарасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳеч қачон масъулларнинг бу каби хос назарига тушишмаган.

Бу икки давлатдан келганларга ИШИД хавфи билан боғлик ҳолда алоҳида эътибор қаратиш зарурияти ҳақида бу каби мақомда шу пайтгача деярли гапирилмаган.

Бошқа томондан, таъкидлаш жоиз, орада Россия Марказий Осиё фуқаролари Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларига ёлланаётган асосий давлатлардан бири сифатида ҳам тилга олинган, бу жангариларининг асосан меҳнат муҳожирлари бўлишгани ҳам айтилган.

Россия томонининг сўнгги баёноти эса, ИШИД гуруҳи Яқин Шарқда деярли мавҳ этиб бўлинган бир манзарада янграган.

Аксарият экспертлар орасида айнан Яқин Шарқдан ортга қайтажак собиқ ИШИД жангарилари минтақа давлатлари учун ҳақиқий таҳдидга айланиши мумкин, деган хавотирлар кучайган бир пайтга тўғри келган.

Аммо яқинда Би-би-сининг Яқин Шарқ ва Шимолий Кавказдаги жангари гуруҳлар бўйича эксперти Мурад Батал Шишаний Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу каби хавотирларни рад этган.

Айниқса, ўзбекистонлик жангарилар ҳануз Суриянинг Идлиб шаҳрида экани, уларнинг "Имом Бухорий" катибаси ҳозир ҳам фаол экани, Афғонистон дохил ортга қайтиш эҳтимоллари ҳаминқадар эканини таъкидлаб ўтганди.

Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид энг сўнгги рақамлар 2017 йил охирида эълон қилинган.

Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини ўшанда 1500 тага нисбат берган.

Лекин марказ ҳам ўз ҳисоботида ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини айтганди.

Муносабат

Москва
Фото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES

Россия Ички ишлар вазирлигининг сўнгги баёноти билан боғлиқ янгиликка муносабат билдираркан, асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос ва фаол Ботиржон Шермуҳаммад, "бу мигрантларнинг экстремизмга мойиллиги деярли йўқ", - дейди.

Унинг айтишича, бу хулосаси Россиядаги 13 йиллик иш фаолияти ва Марказий осиёлик ўн минглаб мигрантлар билан суҳбатлари натижасига таянади.

"Жудаям кам миқдорда бўлмаса агар, аксарият мигрантлар бу ерга тирикчилик, меҳнат қилиш мақсадида келишган", - дея алоҳида қайд этади суҳбатдош.

Фаолнинг таъкидлашича, Россияда сонлари озмунча бўлмаган бу каби меҳнат муҳожирларининг динга қизиқадиган қандайдир қисми билан Ўзбекистон ва Тожикистон диний идоралари тизимли равишда ишлашни йўлга қўйишлари керак.

"Фақатгина Россиядаги диний арбобларнинг масжидлардаги чиқишларини эшитиб, ёки уларни эшитиб, тушунишмаса, интернетдан ўрганиб қилишаяпти. Баъзида ўша интернетдаги экстремистик руҳдаги арбобларнинг гапларини эшитиб, уларга алданиб қолаётганлар бўлиши мумкин", - дейди у.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, иқтисодий ваа молиявий қийинчиликлар борлигини ҳам рад этмайди.

Аммо, унга кўра, бу факторлар диний маънодаги экстремизмга сабаб бўлаётгани йўқ.

Фаолнинг айтишича, шахсан ўзи шу пайтгача бу каби ҳолатга гувоҳ бўлмаган.

Бошқа сабаблар ҳам борми?

Россияликлар
Фото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES

Суҳбатдошимиз, бунга ўхшаш янгиликларни, ўз таъбирида, сўнгги пайтларда бўй кўрсатаётган тенденция билан боғлаган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Дейлик, Ўзбекистон раҳбарияти Ғарб давлатлари билан яқинлаша бошласа, Афғонистон ёки Тожикистондаги вазият билан, мигрантлар билан шунақанги қўрқитиш, ваҳима туғдириш йўли билан Россиясиз Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари вазиятни тартибга солишолмайди, деган бир фикрни етказмоқчи бўлишаяпти", - дейди у.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги бир неча ойнинг ўзида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг устма-уст икки Европа Иттифоқи давлати - Франция ва Германияга расмий ташрифи амалга ошган.

Минтақавий экспертлар бу каби кетма-кет сафарларни расмий Тошкентнинг Россия муқобилига мувозанатли ташқи сиёсат юритиш истаги билан ҳам изоҳлашган.

Аммо, уларнинг наздларида, айниқса, президент Ислом Каримов вафти ортидан, Ўзбекистонни яна ўз таъсир доирасига олишга уринаётган расмий Кремль бу ташрифларни ҳалича бирор бир маънода шарҳламаган, унга ўз муносабатини билдирмаган.

Ботиржон Шермуҳаммад, бошқа томондан, Россия ҳукуматининг ИШИД билан боғлиқ устма-уст янграётган хавотирли баёнотларида ички сиёсатни кўзлаган мақсадлар бўлиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам рад этмайди.

Унга кўра, "аҳоли орасида рейтингни кўтариш мақсадида, Россия оммавий-ахборот воситаларида мигрантларни жиноятчи, экстремистда айблаш, ваҳима қилиш ҳоллари доимий равишда мавжуд".

"Бундан ташқари, охирги пайтларда, айнан Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати томонидан кўплаб Марказий осиёликларнинг Россияга киришларига тақиқ қўйилаяпти. Бунга давлат хавфсизлиги сабаб қилинаяпти. Айнан нима учунлиги маълум эмас. Бу давлат сири ҳисобланади. Биз судларга борган пайтимизда, тақиқ сабабини билолмаймиз", - дейди фаол.

Унинг айтишича, тақиқ остига тушган мигрантлар ҳам оддий меҳнат муҳожирлари, уларнинг ҳеч қанақанги бир экстремизмга алоқадорлиги сезилмаган.

Оқибат...

Москва
Фото муаллифлик ҳуқуқиCOURTESY

Россия Ички ишлар вазири муовинининг баёноти Ўзбекистон ва тожикистонлик мигрантлар устидан назорат, текширувларнинг янада кучайтирилишига олиб келадими, деган саволимизга суҳбатдошимиз бу каби ҳолатларнинг янгилик эмаслиги, уларга оддий воқеълик сифатида қараш кераклигини айтиб, жавоб беради.

Фаолга кўра, мигрантларнинг бу каби текшир-текширлардан "юрак олдириб қўйишгани аниқ", аммо, маълум бўлишича, уларнинг ўзларида ҳам айб йўқ эмас.

"Катта миқдордаги меҳнат муҳожирлари ҳақиқатан ҳам Россияда ноқонуний мақомда. Россия қонунчилиги жуда мураккаблиги, патентлар нархининг қимматлаб боргани сабабли, ҳужжатларини қила олишмаган".

"Шунинг учун ҳам, улардан баъзилари бу каби текширувларга ўрганиб ҳам қолишган. Ўзларининг ҳужжатсиз юришгани, кўчага чиқишса, бу каби ҳолларга тўқнаш келишларини билишади ва шунга олдиндан тайёргарликлари ҳам бор", - дейди суҳбатдош.

Агар, ўз сўзларига таянилса, "Патент қилиш, патент тўловлари, регистрация, шартнома асосида ишлаб туриб ҳам, иш ҳақларининг вақтида берилмаслиги - бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари тўқнаш келиб турган асосий муаммолар бўлади".

Россиядаги катта сондаги ўзбек муҳожирлари эса, айниқса, патент масаласи, икки давлат орасида ҳукуматлар даражасида ҳал қилиниши керак бўлган бирламчи масала бўлиши лозим, деган фикрларни изҳор этиб келишади.

Бошқа томондан, яқин-яқингача пойтахт Тошкентдан Россияда меҳнат қилиб қайтган меҳнат муҳожирларини Ўзбекистоннинг ўзида ҳам текширишаётганига оид хабарлар келиб турган.

Яқинда Бутунроссия Омма Фикрини Ўрганиш Марказининг сўрови Россия раҳбариятига бўлган ишонч рекорд даражада тушиб кетганини кўрсатган.

Марказ мутахассисларига кўра, ҳозир Россия аҳолисининг 30 фоиздан сал ортиқроғигина ўз раҳбариятларига ишонишади.

Президент Владимир Путиннинг фаолиятини эса, россияликларнинг ярмидан кўпроғи маъқуллайди.

Уларнинг айтишларича, бунақаси Россияда 2006 йилдан буён кузатилмаган.


Манба: bbc.com



Back to the list