• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Tahlill
  • Ўзбекистон ва дунё: Ўлим жазоси наркотрафикни тўхтата олмайдими?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон ва дунё: Ўлим жазоси наркотрафикни тўхтата олмайдими?

Гиёҳванд моддалар Бир-биридан минглаб километр олисда жойлашган икки давлат бу ҳақида бир хил тўхтамга келган.

Шри Ланка ҳукумати гиёҳванд моддалар ташиш жиноятида айбланганларга олий жазо бериш ниятида эканини маълум қилган.

Айни вақтда Миср ҳукумати ўлим билан жазоланувчи жиноят турлари доирасини кенгайтиришга розилик берган.

Мисрда тайёрланаётган қонун лойиҳасида айтилишича, "анестезик таъсирга эга ёки онг, тана ёда руҳий ва асаб ҳолатига зарар келтирувчи синтетик моддаларни мамлакатга олиб кириш ёки олиб чиқиш ўлим билан жазоланади."

'Катта намунаʼ

Шри Ланка президенти Маитрипала Сирисена ўтган ой Филиппинга ташрифи чоғида президент Родриго Дутертенинг гиёҳванд моддалар тарқатувчиларига қарши курашини «дунёга улкан намуна» дея тасвирлаган.

Ҳозирда Шри Ланкада ўлим жазосига ҳукм этилган 1,299 нафар маҳкум бор. Уларнинг 48 нафари гиёҳванд моддаларга боғлиқ жиноятларда айбланган.

Мамлакатдаги сўнгги қатл 1976 йилда ижро этилган.

Президент Сирисена ўлим жазосига қўйилган мораторий қачон олиб ташлангани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Жамият дастаги

Шри Ланка пойтахти Коломбода истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руки Фернандо охирги пайтда мамлакатда гиёҳванд моддалар истеъмоли ўсиб бораётгани ва наркотик савдосига қарши қаттиқ чоралар ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлаётгани ҳақида гапиради. Бироқ у ўлим жазоси тарафдори эмас.

«Ҳукуматни нега бундай йўл тутаётганини англаш осон эмас. Жамиятнинг айрим қисми олий жазо жиноятчиларни чўчитади, деб ўйлайди.»

«Лекин ўлим жазоси янги муаммоларни юзага келтириши турган гап. Бунинг учун полиция, қонун доирасидан чиқмаган ҳолда, гиёҳванд моддалар таъминоти занжирини аниқлай оладиган ва парчалаб ташлайдиган даражада яхши тайёргарликдан ўтган бўлиши керак,» фикрлайди жаноб Фернандо.

Наркотикка қарши уруш

Филиппинда ўлим жазоси 2006 йили тугатилган. Шу ўтган вақт давомида ҳукуматнинг олий жазони қайта тиклашга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учраган.

Бироқ 2016 йилда ҳокимият тепасига келган президент Родриго Дутерте «наркотикка қарши уруш» очди ва, оқибатда, минглаб одамлар бу «уруш» қурбонига айланди. Жаноб Дутерте полицияга гиёҳванд моддаси савдосида иштирок этаётган шахсларни отиб ўлдириш ҳуқуқини берган.

Президент Дутерте наркотик савдосига қарши қаттиққўл ва қонли кураш самарали эканини бир неча бор таъкидлаган.

Филиппин ҳукумати берган маълумотларга кўра, 2016 йил 1 июлидан 2018 йил 30 ноябрига қадар гиёҳванд моддалар савдосига қарши ўтказилган амалиётларда 5,050 нафар инсон ўлдирилган.

Аммо Human Rights Watch ташкилоти бу рақам камида 12,000 га тенг эканини таъкидлайди.

Айни дамда Reuters агентлиги тайёрлаган ҳисоботда жаноб Дутертенинг наркотик савдосига қарши қонли кураши савдогарлар сонини камайтирган бўлсада, бу соҳада айланаётган гиёҳванд моддалар миқдори ва маблағга у қадар таъсир кўрсата олмагани айтилади.

Масалан, метамфетамин моддасининг бир грамми 2016 йил июлида 1,200-11,000 песо ($24-$220) турган бўлса, 2017 йил июлида у 1,000-15,000 песо ($20-$300)дан сотилган.

Мазкур ҳолат, савдогарлар отиб ўлдирилаётганига қарамай, гиёҳванд моддалар таъминоти пасаймаганидан далолат беради.

Олий жазо

Дунёнинг камида 35 мамлакатида, жумладан Ҳиндистон ва АҚШда ҳам, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор жиноятларда айбланган шахслар учун ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

2015-2017 йиллар ўртасида камида беш давлатда ана шундай қатллар ижро этилган: Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Индонезия ва Сингапур.

БМТ бу қатллар сони 1,320 тадан кам эмаслигини айтади.

Биргина Эроннинг ўзида 1,176 қатл амалга оширилган.

Бу борада Хитой бўйича бирор ишончли маълумот мавжуд эмас, лекин Пекин томонидан ўтказилган қатллар сони кам эмаслигига ишонилади.

Аммо қаттиққўл жазоларга қарамай, дунё бўйича гиёҳванд моддалар савдоси гуллаб-яшнамоқда, дея таъкидланади 2018 Жаҳон Тараққиёти Ҳисоботида.

Глобал инқироз

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига кўра, дунё бўйлаб 16-64 ёшлар ўртасидаги 275 миллион инсон 2016 йил давомида камида бир марта гиёҳванд модда истеъмол қилган.

31 миллионга яқин инсон эса гиёҳванд моддалар туфайли келиб чиққан хасталиклардан азоб чекади. 2015 йилда роппа-роса 450,000 одам гиёҳванд модда истеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

БМТнинг тахмин қилишича, халқаро опиум ишлаб чиқариш кўлами 2016 йилдан 2017 йилга қадар ўтган вақт ичида 65 фоизга ошган. Бунга Афғонистондаги кескин ўсиш сабаб бўлган. Шу бир йил давомида бутун дунёда 9,500 тонна опиум ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 8,100 тоннаси фақат Афғонистоннинг ўзига тўғри келган.

Қўрқмас савдогарлар

Ҳуқуқ фаоллари ўнлаб йиллардан бери наркотрафикка алоқадор жиноятлар учун олий жазо тайинлаб келинаётган бўлса ҳам, ўлим жазоси гиёҳванд моддалар савдогарларини мутлақо қўрқувга солмаётганини таъкидлайди.

«Агар биз жазога тортилган ёки қатл этилган одамларга қарасак, уларнинг аксарияти курьер эканини кўришимиз мумкин. Курьерларнинг асосий вазифаси гиёҳванд моддаларни кўчаларда сотиш ва кичик миқдорда яширинча ташишдан иборат,» тушунтиради Harm Reduction International тадқиқот гуруҳи таҳлилчиси Жиада Жирелли.

«Гиёҳванд моддалар савдосидаги курьерларни осонгина алмаштириш мумкин. Уларни йўқ қилиш наркобизнес моделига ҳеч қандай жиддий таъсир кўрсатмайди.»

Филиппиндаги наркотикка қарши урушда ўлдирилганларнинг асосий қисми қашшоқ қишлоқ оилалардан чиққани айтилади.

Жирелли хоним ўлим жазосининг акс таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

"Масалан, Малайзия, Вьетнам ва Эрон ҳар йили ўнлаб қатлларни амалга оширади, лекин бу мамлакатларда гиёҳванд моддаларга берилиб қолган инсонлар сони наркотрафик учун ўлим жазосини бекор қилган давлатлардагидан анча кўпдир."

БМТнинг наркотик ва жиноятчиликка қарши бошқармаси (UNODC) ҳар қандай ҳолатда ҳам олий жазога қарши эканини маълум қилади.


Манба: bbc.com


Back to the list