• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Intervyu
  • Ўзбекистон – Россия бизнесини юритиш учун муҳим ва истиқболли бозор

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон – Россия бизнесини юритиш учун муҳим ва истиқболли бозор

Ўзбекистон – Россия бизнесини юритиш учун муҳим ва истиқболли бозор Жорий йил 18 октябрь куни мамлакатимизда Россия экспорт маркази ишбилармонлик миссияси ўз ишини бошлайди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муносабати билан ўтказилмоқда. 


Ишбилармонлик миссияси очилиши арафасида Россия экспорт маркази Бош директори Андрей СЛЕПНЕВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирининг саволларига жавоб берди. 

– Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишларини устувор, деб ҳисоблайсиз?

– Россия билан Ўзбекистон ўртасида собиқ тузум даврида шаклланган яқин иқтисодий ва сиёсий муносабатлар амал қилиб, улар икки мустақил давлат ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бошлангач, янги, янада юксак босқичга кўтарилди. Россия учун Ўзбекистон энг муҳим савдо ҳамкори ва Россия нохомашё экспортини ривожлантиришга хизмат қилаётган минтақадаги муҳим мамлакат ҳисобланади. Россия ва ўзбекистонлик шериклар ўртасида мунтазам равишда олий даражадаги учрашув ва музокаралар ўтказилиб, уларда икки мамлакат ҳамкорлигига оид муҳим масалалар, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинади. Мисол учун, ўтган йили август ойида Росэксимбанк Ўзбекистоннинг “Асака“ АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк“ АТБ сингари банклари билан кредит битимларини имзолади. Бу ушбу йўналишдаги ягона муҳим қадам эмас. Ўзаро муносабатларимиз қамрови жуда кенг. 

Ўзбекистон пахтаси, сархил мевалари, шарқона ширинликлари ва тансиқ таомлари мамлакатингизнинг ўзига хос миллий бренди ҳисобланиб, Россиянинг ҳар бир бурчагида севимли ва ардоқли. Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа муҳим тармоғи – тоғ-металлургия мажмуасига келсак, унинг маҳсулоти дунё иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. 

Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан. Мамлакатингиз Россия озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат ва тоғ-кон ускуналари, дори-дармон ва гигиена воситалари, ўрмон саноати маҳсулотларининг йирик истеъмолчиси. Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда: 2017 йилда унинг ҳажми 3,65 миллиард долларни, ўсиш суръати эса 2018 йилнинг 8 ойи мобайнида ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 30,3 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, Россиядан Ўзбекистонга импорт ҳажми 40 фоизга, Ўзбекистондан Россияга экспорт 8,6 фоизга ортди. 2018 йилда Россиядан Ўзбекистонга юқори импорт суръатлари мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари билан изоҳланмоқда: етказиб берилган экспорт товарларининг асосий қисми чоксиз пўлат қувурлар (+444,8 фоиз), шунингдек, бульдозер, экскаватор ва йўл-қурилиш машиналари (+264,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда. Россия экспортининг 80 фоиздан ортиғи эса нохомашё ноэнергетик товарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Юқорида қайд этилган йўналишлардан ташқари Россиянинг алюминий ва унинг қотишмасидан тайёрланган буюмлар, электротехника товарлари, шакар, тахта ва ёғоч материалларига ҳам юқори талаб сақланиб қолмоқда. 

– Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи давлатларимиз ўртасидаги муносабатларга янги туртки берадими?

– Шубҳасиз. Президент Путин Ўзбекистонга мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ва ишончли шериги сифатида қарайди. Уни Президент Шавкат Мирзиёев билан жуда яхши конструктив ва дўстона муносабатлар боғлаб туради, улар бир неча бор халқаро форум, саммит ва конференцияларда ҳам учрашди. Халқаро экспертларнинг фикрича, мамлакатингизда яқин йиллар ичида ЯИМнинг кескин – йилига 6 фоизгача ошиши кузатилади. Россия Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлашдан манфаатдор: мамлакат қанчалик бой бўлса, унинг импорт қудрати ҳам ортиб боради, аҳолининг истеъмол даражаси юқори бўлади, у кўпроқ саёҳат қилади. Кўпчилик ўзбеклар рус тилини яхши билгани, мамлакатларимиз маданий мерос соҳасида муштарак жиҳатларга эга эканидан келиб чиқиб, Россия мамлакатингиз фуқаролари учун асосий сайёҳлик маршрутларидан бирига айланишига ишончимиз комил. 

– Тошкентда илк бор Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтади. 
Бу йирик тадбирдан қандай натижалар кутишимиз мумкин?

– Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожи ва улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Тошкент форуми Россия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида янги импорт-экспорт шартномаларини имзолаш учун қулай майдон вазифасини ўташи мумкин. Россия экспорт маркази доимо Ўзбекистон йўналишида фаолият юритувчи россиялик экспортёрларга максимал даражада кўмаклашиш, шунингдек, Россия билан савдо алоқаларидан манфаатдор ўзбек компанияларига кенг қамровли масалалар бўйича маслаҳат беришга тайёр. 

– Россия экспорт марказининг Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдони рағбатлантиришдаги роли қандай?

– Россия экспорт маркази (РЭМ) жамоасининг вазифаси мамлакатимиз компаниялари учун яратилаётган шароитларни такомиллаштириш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашни таъминлаш, ташқи бозорга олиб чиқувчи янги каналлар ва биринчи навбатда Ўзбекистон сингари муҳим ва истиқболли бозорларда хорижий савдо ҳамкорларимиз билан ўзаро алоқаларнинг янги механизмини яратишга кўмаклашишдан иборат. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожининг ижобий динамикаси, Россия компанияларининг Ўзбекистон бозорига чиқишга қизиқиши ортиши, Россия бизнесида мавжуд рақобатли ва юқори технологик ечимлардан келиб чиқиб, компанияларимиз Ўзбекистонда лойиҳаларини амалга оширишда ишончли ва тажрибали ҳамкорлар сифатида чиқишга, РЭМ эса ўз навбатида, уларни бу борада барча йўналишда қўллаб-қувватлашга тайёр. 

– Ўзбекистонда Россия экспорт маркази ваколатхонасини очиш кўзда тутилмоқдами?

– Ўзбекистонда очилиши режалаштирилаётган РЭМ расмий ваколатхонаси ўзаро муносабатларни ривожлантириш йўлидаги қонуний қадам бўлиб, мамлакатларимиз бизнесига амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради. Россиянинг кўпгина компаниялари шу қадар истиқболли ва жадал ривожланаётган бозорга чиқишни кўзламоқдаки, Россия экспорт маркази ҳам уларга бу борада максимал даражада кўмак кўрсатишга бел боғлаган. Биз жойида компания маҳсулот линейкаси, ЭКСАР ва Росэксимбанк маҳсулотлари ёрдамида битимларни молиялаштириш бўйича тўлиқ маслаҳатлар беришга қодир РЭМ вакили кўмагида Россия ва Ўзбекистон компаниялари учун самарали мулоқот майдони ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. 

– Тошкент металлургия заводи қурилишини молиялаштириш битими ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. 

– Росэксимбанк (РЭМ гуруҳига киради) “Асака“ АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк“ АТБ билан 10 йил муддатга умумий қиймати 140 миллион евродан ортиқ бўлган кредит битимларини имзолади. Бу маблағлар Тошкент металлургия заводи қурилишига йўналтирилади. Қурилиш бош пудратчиси Россиянинг “МетПром” компаниялар гуруҳи ҳисобланади. Тошкент металлургия заводи қурилиши лойиҳаси доирасида “МетПром” компаниялар гуруҳи томонидан асосий ишлаб чиқариш линиялари ва инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, технология ва ускуналар етказиб бериш, жамоани ўқитиш, ускуналарга кафолатли хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижроси доирасида ишга туширилган лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакат ички бозорини юқори сифатли металлургия маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Хорижий банклар учун кредит линияларини очиш бутун дунёдаги эксимбанклар учун анъанавий хизмат тури ҳисобланади. Росэксимбанк мижозлари ўртасида ҳам ушбу молиялаштириш турига талаб юқори, чунки у қўшимча кредит юкламасини четлаб ўтиш имконини беради. Айни пайтда хорижий харидор комплекс ечим – айнан хизматнинг ўзи (мазкур ҳолатда завод қурилиши) ҳамда уни сотиб олиш учун керакли маблағга эга бўлади. Ўзбекистон Россиянинг стратегик шерикларидан ҳисобланиб, икки мамлакат учун нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга молик ушбу лойиҳа иштирокчиси бўлиш биз учун ўта муҳим. Таъкидлаш жоизки, лойиҳа россияликлар, жумладан, завод учун ускуна етказиб бераётган иштирокчилар манфаатларини акс эттиради. Корхонанинг ташкил қилиниши Ўзбекистон, умуман олганда, Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу Россия – Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир. 

– Ўзбекистон ва Россия ўзаро савдо масалаларида қандай хатарларга дуч келмоқда?

– Россия ва Ўзбекистон савдо алоқалари истиқболи чексиз. Мамлакатларимиз икки томонлама муносабатларда дуч келаётган барча муаммо ва хатарлар конструктив ва дўстона мулоқот ёрдамида музокаралар орқали ҳал қилинади. Учинчи давлатлар томонидан амалга ошириладиган ҳеч қандай ташқи босим ва носоғлом рақобат унсурлари Ўзбекистон ва Россия муносабатларини бузишга қодир эмас. Россия ва Ўзбекистон дўстлик ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида савдо ҳамкорларини мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга суверен давлатлардир. 



Малоҳат Ҳусанова

Манба: ЎзА

Respondent: Андрей Слепнев


Intervyu: ЎзА


Back to the list