• Bosh (sahifa)
  • nashirlar
  • Intervyu
  • ХМТ: Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳар йили 700 минг киши пайдо бўлади. Уларни иш билан таъминлаш долзарб масала

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ХМТ: Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳар йили 700 минг киши пайдо бўлади. Уларни иш билан таъминлаш долзарб масала

Ўзбекистон меҳнат бозорига йилига 700 минг тўлақонли меҳнатга яроқли фуқаро қўшилмоқда. Уларни муносиб меҳнат билан таъминлаш, шунга яраша иш ўринлари барпо қилиш давлат ва ҳукумат олдида турган долзарб масаладир. Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер Kun.uz мухбирига берган блиц-интервьюсида ўз фикрларини билдириб ўтди. Жаноб Райдер, шунингдек, Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини тартибга солишда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп эканлигини ҳам таъкидлади.

Сизга бир неча савол билан мурожаат қиламан. Биринчи саволим шундан иборатки, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳаракатларни ва эришилган натижаларни қандай баҳолайсиз?

– Биз Ўзбекистон билан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ҳаракатларни 5 йил олдин бошлаганмиз. Тан олиб айтишим керак, ҳамкорликнинг дастлабки йиллари осон кечмаган. Фикрлардаги қарама-қаршиликлар, келишмовчиликлар етарлича тўсиқ бўлган. Бироқ, вақт ўтиши билан, кўплаб омиллар, хусусан, халқаро майдондаги сиёсий ҳолатлар сабаб бўлиб, ҳамкорликнинг истиқболлари ижобий томонга ўзгарди.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйишга астойдил киришди. Натижада болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳоллари сезиларли даражада камайди. Аммо, айрим ҳудудларда одамларни маълум бир ишларни бажаришга мажбуран ундаш билан боғлиқ вазиятлар сақланиб қолмоқда. Умид қиламанки, бунга кейинги бир-икки йил ичида батамом нуқта қўйилади.

Ўзбекистон ҳукумати айнан мажбурий меҳнатга барҳам бериш чораларидан бири сифатида вилоятлар ва туманларда раҳбарларни ишдан бўшатди. Нима деб ўйлайсиз, бундай чоралар мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун етарлими?

– Айтиб ўтганимдек, ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар кам эмас. Фикримча, марказий ҳокимият шундай йўл тутиши керакки, ундан қуйида турувчи бошқа ташкилотлар, хусусан, ҳокимликлар мажбурий меҳнатга асло йўл қўйилмаслигини, агар шундай ҳолат аниқланса, қаттиқ жазога тортилиши мумкинлигини тушуниб етиши лозим. Бу ишлар босқичма-босқич ва энг муҳими, тартиб билан амалга оширилиши муҳим. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, менинг Тошкентга айни шу фурсатда ташриф буюришим бевосита Ўзбекистон ҳукумати амалга ошираётган ислоҳотлар, янада аниқроқ айтсам, иқтисодиётни эркинлаштиришдаги ҳаракатлар билан ҳам боғлиқ. Маълумки, ушбу жараёнда меҳнат бозорида кўплаб муаммолар, жумладан, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи вужудга келади. Ҳар йили 700 мингдан ортиқ ёшлар меҳнат бозорига кириб келувчи Ўзбекистонда бу масала айниқса долзарб. Шундан келиб чиқиб айтиш зарурки, Ўзбекистон бундай ёшларни иш билан таъминлаши, уларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиши, давлат истиқболи учун керакли соҳаларга йўналтира билиши юқорида келтирилган муаммоларга ечим бўлади, деб ўйлайман. Шу ва шунга яқин бошқа масалаларда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Сўнгги саволим, Ўзбекистон яқинда Халқаро Миграция Ташкилотига аъзо бўлиб кирди. Шундан келиб чиқсак, сиз раҳбарлик қилаётган ХМТ Ўзбекистонга ушбу ташкилотдаги фаолиятини амалга оширишда қандай ёрдам бера олади?

– Ҳозирда халқаро майдонда миграция масаласи асосий эътибор қаратилаётган муаммолардан биридир. Яқиндагина БМТ томонидан Бутунжаҳон Миграция Пакти қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда мигрантлар иқтисодиётни ривожлантириш воситаси сифатида эмас, балки инсон сифатида қабул қилиниши, уларнинг ҳуқуқлари муҳофаза этилиши ҳамда хавфсизлиги таъминланишига эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланган.

Миграция билан боғлиқ муаммолар бутун дунёда бор. Муаммоларга ечим топиш барча учун бирдек муҳим. Бизга маълумки, кўплаб ўзбекистонликлар Россия Федерацияси, Қозоғистон ва бошқа давлатларга бориб ишлашади. Лекин уларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазаси бўйича муаммолар учрайди. Биз айнан шу масалаларга эътибор қаратишимиз, Халқаро Миграция Ташкилоти билан ҳамкорликда бу каби ҳолатларга барҳам беришимиз зарур. Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот аъзоси бўлиши юқорида келтириб ўтилган муаммоларга ечим топишда ижобий таъсир кўрсатади, деб ишонаман.

Суҳбат учун раҳмат!

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 декабрь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида Тошкентда халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонга илк ташрифини амалга оширган ХМТ бош директори Гай Райдер раҳбарлигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этди.


Respondent: Гай Райдер


Intervyu: Kun.uz


Back to the list