Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Хитойдан ўзбек ёшларининг мурожаати. Ким ҳақ: грантга киролмаётган ёшларми ёки ўқишга жўнатган фирма?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Хитойдан ўзбек ёшларининг мурожаати. Ким ҳақ: грантга киролмаётган ёшларми ёки ўқишга жўнатган фирма?

465

Таҳририятга навбатдаги мурожаат Хитойдан бўлди. Бир гуруҳ ўзбек ёшлари таҳсил олиш учун консалтинг фирмалари томонидан ушбу давлатга юборилган. Бу ёшлар бизга, умуман олганда, бутун ўзбек халқига мурожаат билан чиқишган.

«Биз консулларга ҳам мурожаат қилдик. Консуллик бизга давлат идораларига мурожаат қилишимизни, судга беришимизни айтмоқда. Бу ерга ҳеч ким қайтиб кетиш учун келмаган. Биз 6 та гуруҳга бўлинганмиз. Бу ерда эски тизимда ишланмоқда. Бизга 100 фоизлик грант асосида таҳсил олишимизни айтишган. Бизга айтишган вақтда имтиҳон йўқ, дейишган. Афишаларида ҳам, рекламаларида ҳам имтиҳон йўқлиги, ҳеч қандай тил билиш шарт эмаслигини ёзиб қўйишган. Буларнинг бари ёлғон. «Yeschina», «Yourchina», «Chinascholarship» - ҳаммаси ёлғон. Ўзбекистонликлар ўқиётган университетлардан сўраб кўришингиз мумкин. Ҳаммаси қийналмоқда», - дейди талабалардан бири.

«Бошида Yeschina фирмасида орқали келганимизда, бакалавриат бошланганда 2500 АҚШ доллари беришимизни айтишган. Бу ерга келсак, НSK сертификатини олишингиз шарт дейишмоқда. Шу сертификатни олсак, ўқишимиз мумкин экан. Фирма томонидан бизга бу ҳақда маълумот берилмаган. Биз бу ерга 2,5 минг доллар тўлаб келганмиз», - дейди мурожаат билан чиққан ёшлардан яна бири.

«Бу ерга ҳеч ким осонликча келмаган. Кимнингдир ота-онаси Россияда ишлайди. Кимдир машинасини сотиб келган. Бошида бизга минг доллар тўлашимиз ҳақида айтилмаган. Балл ҳақида ҳам айтилмаган. Ҳозир биз балл йиғолмасак, контрактга тушириб қўяди. Контракт 1,5 минг АҚШ доллари. Булар ҳар тарафлама пул ишлашни ўйлашмоқда», - дейди яна бир норози мурожаатчи.

Ушбу мурожаатдан сўнг, биз юқорида номи тилга олинган консалтинг фирмаларидан бири «YESCHINA» вакиллари билан учрашдик. «YESCHINA» консалтинг фирмаси иш бошқарувчиси Гулҳаё Отахонова ва консултант Асомжон Зайнуддинов биз билан суҳбатда бўлди.

- Таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Унга кўра, бир гуруҳ ёшлар Хитойга таҳсил олиш учун келган экан. «Бизга айтилмаган тўловлар, айтилмаган сертификатлар чиқиб келди», дейишди. Мурожаат ёзилган видеони ҳам кўрган бўлсангиз керак?

- Хитойда юрган бу шахсларнинг фикрлари асоссиздир. Чунки айнан ўша намойишда қатнашган йигит шартномани ўз қўли билан, рози бўлиб имзолаган. Шартнома қўлимизда турибди. Аслида шартномамиз қандай бўлган, уларнинг фикрлари нега тўғри келмаётганлигини исботлаб бераман. Консалтинг компаниямиз давлат рўйхатидан ўтган. Фаолиятимиз қонун-қоидалар асосида юритилади, - дейди компания бошқарувчиси.

- Шартномада қандай бандлар келтирилган?

- Масалан, ўша видеода чиққан мижозларимиздан бирининг шартномаси билан таништираман. 2018 йил 11 июлда шартнома имзоланган ва кучга кирган. Асосий бандларидан бири, мижоз Хитой давлатининг қонун-қоидаларини ўрганиши зарур. Унинг 3.9-бандида келтириб ўтилганки, агар талаба А грантида ўқимоқчи бўлса, яъни ётоқхона, ўқиш бепул бўлиши учун бир йилдан сўнг HSK сертификати бўйича 5 балл олиши, яъни 180 бўлиши, ўқув фанларидан ўзлаштириш 85, дарсларга қатнашиши 90 фоиз бўлиши лозим. Агар бу баҳони ололмай Б вариантга тушиб қолса, ўқиш бепул, ётоқхона йилига 230 доллар деб келтирилган. HSK сертификатидан баҳо 4, яъни 240 бўлиши, ўқув фанлардан баҳоси 80, дарсларга 90 фоиз қатнашган бўлиши лозим. С грант чегирмали бўлиб, бунда баҳолар 75 фоиз, HSK дан 4, дарсларга қатнашиш 90 фоиз бўлса берилади. Бунда ўқиш пули 50 фоизли чегирма, йилига 1500 доллар, ётоқхона 230 доллар бўлади. Бу шартномада келтирилган ва мижозлар бунга имзо чекишган.

Шартноманинг 4.8-бандига кўра, бир йиллик тил курсидан кейин талаба агарда ўқишни ташлаб кетса жарима тўлайди ва Хитой давлатидан депортация қилинади. Ушбу ўқишда тўрт йил ўқиш мажбурий ҳисобланади.

Мурожаат қилган талабага буларни яхшилаб тушунтирганмиз. Ота-онаси билан ташқарида роса муҳокама қилиб кейин имзо чекишган.

Нега айнан шу талабалар шикоят қилишган? Чунки қолган талабалар ўқиган ва дарсларни ўзлаштирган. HSK сертификатига тайёр. Яхши талабаларимиз бор. Улар билан гаплашганимизда кўпчилик ўқимаётганлигини айтишган. Айнан имтиҳонлар яқин бўлганлиги сабабли улар шундай чиқиш қилмоқда.

Куни кеча бизга Абдураҳмон Ташанов деб ўзини таништирган киши келди. Ўзини инсон ҳуқуқлари фаоли деди ва гувоҳномаларини кўрсатди. Биз қонуний ишлаш фаолиятимизни кўрсатади деб ўйлагандик, қарасак, куни кеча «Озодлик» сайтига чиққанмиз. Бу нарсадан шок ҳолатига тушдим. Сабаби, гапларимнинг қисқагина қисми қўйилган. Қолгани йўқ. Журналист нега фақат бир тарафлама ёндашган? Нега журналист фақатгина талабани эшитяпти? Бизни ҳам эшитиш керак-ку. Шартномалар ҳақидаги гапларимни қўймаган, уларнинг норозилигини қўйяпти. 

- Айнан шу шикоятчиларда шундай муаммо бўлмоқда, дея айтдингиз. Улар қандайдир қонунбузилиш ҳолати содир этганми? 

- Бу университетга аввалги йили 250 нафар талаба жўнатганмиз. Нега барчаси норози бўлмаяпти? Нега айнан уч-тўрт нафари чиқмоқда? Чунки қолганлар талабларга амал қилган ҳолда юришган. Буларда эса ундай эмас. 

Улар вақтида ўқишганида, ўша сертификатни олишарди. Хитой давлати таълим бериш бўйича дунёда 3-ўринда туради. Ҳар бир ҳолат ўрганилган. Сертификатга эга бўлиш муддати ҳам ҳисобланган. Вақтида ўқиб юрганлар ўзлаштиришмоқда. Улар томонидан бир неча қоидабузарликлар ҳам бўлган. Масалан, НSK сертификатини қинғир йўл билан олишмоқчи бўлган.

Уларнинг эътирозига кўпчилик томонидан эътибор қаратилди. Бу масала прокуратура ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Яқин кунларда бу бўйича қонуний ечим берилади, - дейди компания консультанти Асомхон Зайнуддинов.

Мурожаатни ўрганишимиз чоғида қизиқ ҳолатга дуч келдик. Таълим олиш учун келган ёшлар компаниялар нотўғри иш қилишганини айтишмоқда. Биз боғланган фирма эса шартнома бўйича ҳаммаси тартибга солиниб, уларга тушунтириш берилганлигини билдирмоқда. Бу бўйича бизга видеоёзув ҳам тақдим этишди. Видеоёзувда ўша талабалардан бирининг шартнома билан танишгани акс эттирилган экан. 

Мазкур ҳолат ҳозирда прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда экан. Шу сабабли, аниқ ечимни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ҳавола этамиз.

Баҳодир Аҳмедов


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list